Омад бир келса, қўшалоқ келади
Бельгия пойтахти Брюсселда 1937 йилдан бери миллий симфоник оркестр фаолият юритиб келади. Яхшигина професионаллар йиғилган жамоа, машҳур дирижёрлар ишлаб кетган. Аммо бу оркестрнинг донғи чет элларга тарқамаган. Орадан ярим аср, яна чорак аср ўтди: бирданига ҳамма шу оркестрга қизиқиб қолди: мусиқачидан тортиб — тингловчигача. Нима гап?
Омад бир келса, қўшалоқ келади: жамоа 2012 йили «Артист» фильмига ёзган саундтреки учун «Оскар»ни қўлга киритди. Ўша йилнинг сентябрида эса оркестр мобиль телефонлар учун мумтоз мусиқа дурдоналарининг рингтонлар тўпламини ёзди. Ўзига хос бу лойиҳа яхши кутиб олинди. Брамс, Моцарт, Чайковский, Дебюссининг энг машҳур асарларидан ҳар бири 30 сониялик фрагментлар ёзиб олинди.
Мусиқачилар бир ўқ билан икки қуённи уришни кўзлашгани аниқ: аввало ёшларда мумтоз мусиқага қизиқишни оширишади, қолаверса, ўзлари ҳам замонавий технологиялар билан тиллашишади.
Яқинда оркестр ҳақида янги хабарлар тарқади: қоғоз ноталар бир чеккага суриб қўйилиб, энди хоҳ «уй»даги, хоҳ сафардаги концертлар бўлсин, мусиқачилар тўлиқ планшетлардан фойдаланишмоқда.
Битта планшетга ансамблнинг жами ноталар кутубхонаси бемалол сиғади. Исталган янги асарни шу заҳоти кўчириб олса бўлади. Планшет жуда ихчам ва енгил, энг асосийси — тежамкор! Мисол учун, Брюссель оркестри қоғоз ноталарни харид қилиш ва улардан нусха кўпайтиришга йилига ўртача 25 минг евро кетказарди. Энди бўлса бир чақа ҳам сарфлагани йўқ.
Дарвоқе, нота ёзувлари тизимини ким ихтиро қилганини биласизми? Унда эслаб қолинг: бу ўн асрлар муқаддам Италиянинг Тоскана вилоятида яшаган монах Гвидо Аретинский бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter