Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Олмазор Кремний водийси» лойиҳаси старт олди (видео)

«Олмазор Кремний водийси» лойиҳаси старт олди (видео)

Фото: Xabar.uz

Куни кеча, 28 январь куни Олмазор туманидаги 298-мактабда «Олмазор Кремний водийси» лойиҳасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Нима учун лойиҳа «Олмазор Кремний водийси» деб номланган? Маълумки, Кремний водийсининг машҳур бўлишига асосий сабаблардан бири у ерда ғоялар ва инновациялар реал ҳаётда амалга ошириладиган майдон бўлганлигидир. Шу сабабли ҳам ташкилотчилар – Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олмазор тумани ҳокимлиги «Олмазор Кремний водийси» лойиҳасини мана шундай инновациялар ва ғояларни реал ҳаётда амалга оширадиган майдонга айланишини мақсад қилишган.

Тадбир доирасида бир қатор тақдимотлар ўтказилди.

Дастлаб INNOGROUP компанияси ҳамасосчиларидан бири Бекзод Тўхтамуродов аддитив технологиялар татбиғи тўғрисида тақдимот ўтказди.

– Ўқувчиларга муҳандислик кўникмаларини ўргатишни мақсад қилганмиз, – дейди у. – Шунингдек, уларни аниқ фанларга қизиқишини кучайтариш, битирувчиларни касбга йўналтириш (ишлаб чиқариш ва фриланс), технология дарсларига янги технологияларни жорий этиш, стартап ва касбга йўналтирилган лойиҳаларга имконият яратмоқчимиз. Лойиҳа икки босқичда амалга оширилади. Биринчи  босқичда 31 та умумтаълим мактабларида 3D принтерлар лабораторияси, 4 та секторнинг ҳар бирида 3D моделлаштириш ва IT ўқитиш марказлари ва иккинчи босқичда 31 та мехатроника марказлари ташкил этилади.

– Компаниямиз етти йиллик тажрибага эга, – деди «Transformers Education» компанияси асосчиларидан бири Абдулҳай Мадаипов ўз тақдимотида. – Ҳозиргача 10500 дан зиёд ўқувчиларни ўқитдик. Ўқув дастуримиз асосан уч босқичдан иборат. Биринчи босқичи – бошланғич, яъни, 2-синфдан 4-синфгача, иккинчиси – ўрта босқич 5-синфдан 9-синфгача ва юқори босқич ўнинчи ва ўн биринчи синфларни қамраб олади. Биздаги билим олиш жараёни энг замонавий STEM таълими асосида амалга оширилади. Ўқувчилар дастурлаш, электроника, механика ва сунъий интеллектни ўрганишади. Умумий аудиториямиз Олмазор туманида 48725 тани ташкил этади. Ҳозирда иккита мактаб – 298 ва 15-мактаблар фаолиятини бошлашга тайёр, 233 ва 29-мактаблар иш фаолиятини бошлаш жараёнида.

«Олмазор Кремний водийси» лойиҳаси бўйича биринчи босқичда тўртта мактабда робототехника ва инжиниринг марказларини, иккинчи босқичда 33 та мактабда мехатроника ва VR таълим марказларини ташкил этилади. Мехатроника ҳамда VR марказларимизда ўқувчилар ихтиро ва ғояларини, шу билан бирга, фикрларини амалиётда жорий этиши учун керак бўладиган асосий барча қурилмалар жойлаштирилади. Бу ерда ўқувчилар бемалол ишлаш имкониятига эга бўлишади.

Тақдимотдан сўнг меҳмонлар 298-мактабдаги 3D лойиҳалаштириш ва роботехника ҳамда айти хоналарни кўздан кечиришди, ўқувчилар билан мулоқот қилишди.

Олмазор туманида сифатли таълимни таъминлаш мақсадида ракамлаштиришга катта эътибор берилмоқда. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, туман халқ таълими бўлими қошида ташкил қилинган назорат таҳлил ва мониторинг ва методик хизмат бўлимлари томонидан мактаб кузатув ва овозли камералари ҳамда Face ID идентификация камераларидан олинган барча маълумотлар Kundalik.com платформасидаги маълумотлар билан солиштирилиб, ўқитувчи ва ўқувчилар давомати ҳамда дарслар таҳлили масофадан туриб битта базада, марказлашган ҳолда мактаблар ва синфлар кесимида доимий равишда таҳлил қилиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда Олмазор тумани умумтаълим мактабларида UTS давомат тизими амалиётга жорий қилинган. Мазкур тизим базасидаги жами ўқувчилар сони 52600 нафарни ташкил қилади, шундан 27263 нафар ота-оналар эса ўз смартфонларига ушбу давомат иловасини ўрнатишган.  

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг