Олимлар кўк чойдан пойабзал ишлаб чиқишди
Сир эмаски, исталган ишлаб чиқариш фаолиятининг атроф-муҳитга таъсири бисёр: ҳаво, сув, тупроқ ифлосланади. Масалан, чарм маҳсулотлари тайёрлаш жараёнини олайлик, салбий таъсири завод ёки фабрикадан чиқмасданоқ маълум, аксарият ишчилари саломатлигидан шикоят қилади.
«Вести» Оберн университети ходими Янг Ли табиий чарм маҳсулотлари ўрнига муносиб ечим топгани ҳақида ёзмоқда. Таъкидланишича, тадқиқотчи анчадан бери озиқ-овқат маҳсулотлари чиқиндиларидан узоқ муддат ишлаб берувчи маҳсулот ишлаб чиқиш ғояси устида изланаётган экан.
Бу тадқиқотчи аёл бошчилигидаги гуруҳ табиий чарм (тери) ўрнига биоемирилувчан материалдан фойдаланишни таклиф этмоқда. Энг қизиғи, ушбу муқобил маҳсулотга кўк чой ишлаб чиқаришдан қолган чиқиндилар хомашё вазифасини ўтайди.
Аниқланишича, чой ўсимлиги чиқиндиларидан қолган целлюлозали материал хусусиятан табиий чармга анча яқин экан.
Америкалик экспертлар ушбу материал пойабзал тикишда қўлланиб келинаётган табиий чарм каби қулай ва пишиқ бўлишига умид билдиришган.
Тўғри, айрим «минуслар» ҳам бор. Масалан, муқобил материалнинг бир қатлами ёмғир ва қорга бардош бера олмай ўз хусусиятини тез йўқотди. Шунинг учун тадқиқотчилар хавфсиз целлюлозанинг ана шу камчлигини бошқа «экологик нейтрал» матолар билан кучайтиришга қарор қилишди.
Аввалига чой целлюлозасининг тепа қатлами каноп толали мато билан қопланди. Кейин эса иккиламчи ишловдан ўтган ип-газлама матоси (деним) ёрдамида бу икки қатлам қўшимча ҳимояланди.
Кейинги босқичда эса чин маънода экологик тоза бир жуфт пойабзал ясашга муваффақ бўлинди. «Чойдан олинган пойабзалнинг барча хусусиятлари: оғирлиги, иссиқлиги, ҳаво ўтказувчанлиги, сувга чидамлилиги ва ҳоказолар чарм пойабзалга солиштирилганида ҳеч бир жиҳатдан ундан кам эмас дейишмоқда. Бир жиҳатини айтмаганда, чидамлилик борасида ҳам чойли пойабзал чармлисидан қолишмайди: унга сув тегса нисбатан тезроқ ивиб қоларкан ва қуришига ҳам кўпроқ вақт кетади.
Энди америкалик тадқиқотчилар экопойабзалнинг сувга бардошлилик сифатини ошириш устида изланишяпти.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter