Мустафо ҳар ойда 300-400 доллар ишлаб топади
Бугун, 6 февраль куни Марғилон шаҳридаги Рақамли технологиялар марказида Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳнинг Фарғона вилоятига хизмат сафари доирасида IT-Парк томонидан ёшлар билан учрашуви ташкил этилди. Унда Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкентдаги ИНҲА ва Амити университетлари раҳбарияти иштирок этди.
Дастлаб меҳмонлар ва ёшлар РТМдаги шароитлар билан таништирилди. Фарғона вилоятида шундай марказлардан 10 та очилган. Марғилондаги Рақамли технологиялар маркази фаолиятига эндигина 7 ой бўлганига қарамасдан, ҳозирги кунда ҳафтасида 350 нафар ёш ахборот технологиялари бўйича таълим олмоқда.
Ўтган вақт давомида марказ мутахассислари ўнта, «Рақамли Ўзбекистон» лойиҳаси доирасида эса тўртта лойиҳани бажариб беришди ва мана шу тўртта лойиҳа марказга 350 миллион сўм фойда келтирди.
Марказ ментори Илҳомжон Болтабоев «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида 200 дан зиёд ёшларни тўртта йўналиш бўйича тайёрлашга ҳисса қўшди. У етти йилдан буён дастурлаш бўйича шуғулланади.
«Марказда ўқиш истагида бўлган ёшлар кўп, — дейди Илҳомжон. — Мактаб ўқитувчилари ҳам ахборот технологиялари бўйича билимларини ошириб кетишяпти. Меҳнатларимиз самарасини кўраётганимиздан хурсандмиз».
Мустафо Муҳаммадов 13 ёшда. 2007 йилда Марғилонда туғилган. Ҳозир пойтахтимиздаги 246-мактабнинг 7-синфида ўқийди. График дизайнга қизиқади. Тошкентдаги ИНҲА университетидаги курсларда бир ярим йил давомида ўқиган. Камига интернет орқали дастурлаш бўйича курсларда билимини ошириб боряпти.
— Тадбиркорман, — дейди отаси Маъруф ака. — Қаерга бормай, ўғлимга китоблар олиб келиб бераман. Энг яхши компютер совға қилганман. Қизиқиши кучли. Биринчи компютерини бузиб ҳам қўйди. Аммо мана энди яхши натижаларга эришяпти.
— Карантин даврида «айти» йўналишидаги қизиқишларим бўйича кўп нарсани ўргандим, — дейди Мустафо. — Танишларим иш таклиф қилишди. Бўш вақтимда тайёр дизайнни «жонлантириб», яъни анимациялаштириб бердим.
Эътиборлиси, ўн уч ёшли Мустафо ҳозирда ҳар ойда 300-400 доллар ишлаб топади.
Етмиш нафардан зиёд ёшлар қатнашган учрашувда ТАТУ, ИНҲА ва Амити университетлари раҳбарлари соҳага ихтисослшган олий таълим муассасалари ва АКТ имкониятлари ҳақида гапириб беришди. Ўз навбатида, марказ менторлари, фрилансер, стартапчилар ҳам фаолиятлари давомида оширган тажрибалари, муваффақиятсизликка учраганлари, аммо бу янги имкониятга туртки берганлиги ҳақида сўзлаб беришди.
Учрашув якунида IT-Парк раҳбари Фарҳод Ибрагимов марказ ўқитувчи ва ўз ишланмалари билан муваффақиятга эришаётган бир гуруҳ «айтишник»ларга IT-Парк сертификатлари ва совғаларини топширди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter