ITSM «Виртуал саёҳат» лойиҳасининг тақдимотини ўтказди (фото)
Бугун, 15 октябрь куни пойтахтимизнинг 110-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида «Баркамол авлод» болалар мактабларида онлайн VR саёҳатларни ўз ичига олган виртуал майдонларни ташкил этиш» («Виртуал саёҳат») лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Унда ITSMнинг Мактабдан ташқари таълим ва электрон ресурсларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосарлари Отабек Жўраев ва Фаррух Абдувоҳидов ҳамда Дастурий маҳсулотларни жорий қилиш ва техник ёрдам кўрсатиш бошқармаси мутахассиси Али-Зода Абдусаматовлар иштирок этишди.
Бугунги кунда ёшларга замонавий ускуналарни тўғри ва самарали қўллаш, ҳамда улардан максимал даражада фойда олишни ўргатиш, шу билан бирга реаллик, виртуаллик тушунчаларини тўғри талқин қилиш муҳим масалалардан бири ҳисобланади.
Шу боис Инновация, технология ва стратегия маркази томонидан «Виртуал саёҳат» лойиҳаси амалга оширилаётган бўлиб, мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси «Баркамол авлод мактаб»ларида онлайн экскурсиялар уюштириш ва республикамизнинг кўп йиллик тарихга эга диққатга сазовор жойлари, тарихий обидалари, маданияти ва урф-одатлари билан виртуал танишиш имконини беради.
— Лойиҳа, аввалам бор, бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда «Баркамол авлод мактаби» ўқувчиларининг тарихий саводхонлигини ошириш, замонавий виртуал саёҳат имкониятларини амалда кенг қўллаш, шу билан бирга, хорижий мамлакатларнинг тарихи ва маданиятини ўрганиш имкониятини яратишга қаратилган. «Виртуал саёҳат» орқали ўқувчи ёшларни ички туризмга бўлган қизиқишлари ва иштиёқини ошириш, виртуалликдаги саёҳатни реал саёҳатга айлантириш кўзда тутилган», — дейди тадбир давомида ITSMнинг Мактабдан ташқари таълим ва электрон ресурсларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Отабек Жўраев.
Ортиқча сарф-харажатларсиз миллий ва хорижий тарихий обидаларни виртуал реалликда кўриш ва танишиш имкониятини берувчи «Виртуал саёҳат» лойиҳаси доирасида ҳар бир ўқувчи ўқиб ўрганган маданий мерос, тарихий обидалар дарсликлари VR ускунаси орқали қисқа метражли видеоларда жонлантирилади.
Ҳозирда қуйидаги диққатга сазовор жойларнинг видеолари тайёрланган:
- Регистон майдони (Самарқанд);
- Шоҳизинда мажмуаси (Самарқанд);
- Арк Қалъаси (Бухоро);
- Ичан Қалъа (Хива);
- Оқсарой (Шаҳрисабз).
Онлайн VR саёҳатларни ўз ичига олган виртуал майдонларини ноябрь ойининг охирига қадар республикамизнинг қатор «Баркамол авлод» болалар мактабларида ташкил этиш режалаштирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter