Тошкентда STEM таълими: 90 нафарга яқин ўқитувчи-педагог ўқитилади
Бугун, 5 ноябрь куни Тошкентда STEM таълимини ривожлантириш мақсадида физика, кимё ва биология фанларидан лаборатория ишларини олиб бориш юзасидан ўқитувчиларни касбий тайёрлаш ва малакасини оширишга оид ўқув-тренинг бошланди.
Тренинг Халқ таълими вазирлиги, Инновация, технология ва стратегия маркази ҳамда Республика таълим маркази томонидан ташкил этилган бўлиб, очилиш маросимида халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжонов, Таълим сифати жараёнларини мувофиқлаштириш, педагог кадрларни тайёрлаш ва уларнинг салоҳиятини ошириш бошқармаси бошлиғи Лазиз Хўжақулов ҳамда соҳага доир қатор мутахассислар иштирок этишди.
Пойтахтимизнинг 110-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида тўрт кун давомида бўлиб ўтадиган семинар тренингда республикамизнинг барча ҳудудларидан жами 90 нафарга яқин ўқитувчи-педагог иштирок этмоқда.
Қайд этилишича, ITSM, Cambridge International School, Oxbridge International School ҳамда Республика таълим маркази ҳамкорлигида физика, кимё ва биология фанлари ўқитувчилари учун лаборатория ишлари бўйича услубий қўлланмалар ишлаб чиқилган эди. Семинарда улар билан ўқутувчиларни таништирган ҳолда, лаборатория ишларини олиб бориш юзасидан тренинг ўтказилмоқда.
– Таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни жойларга етказиш ҳамда физика кимё ва биология фанларидан назарий ва амалий дарс машғулотларини олиб боришни янги сифат даражасига кўтаришга мўлжалланган бугунги семинарнинг ташкил этиш жараёни айнан январ ойида бошланган эди. Бугунги кунда биласиз таълимни ривожлантириш, хусусан, ўқувчиларимизни юқорида айтиб ўтилган фанларга қизиқтиришимиз учун биз улар билан сифатли лаборатория жиҳозларини қўллаган ҳолда лаборатория ишларини юқори даражада ўтказишимиз лозим. Ушбу семинар мана шу сифатни таъминлаш мақсадида ташкил этилди, – дейди Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Республика таълим марказида кимё фани методисти Севара Ҳасанова. – Мен ушбу тренингда тренер сифатида фаолият юритаётганимдан жуда хурсандман. Ўқитувчилар лаборатория ишларини тўғри, яъни қизиқарли тарзда олиб бора олиши келажакда ўқувчилар орасидан кимё фанидан ихтирочиларни саралаб олишга ёрдам беради. Чунки биласиз айнан кимё, биология ва физика фанлари бўйича назарий билимини қачонки бола амалиётда қўллай олсагина, фанга бўлган қизиқиши ошади. Бу эса таълим сифати ривожланишига ўз ҳиссасини қўшади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter