Интернет-манқуртлар. Турма ҳаёти, нозирларнинг қўпол муомаласи... (видео)
«Бас, етар, чидолмайман», — сабр косаси тўлган ўйинпарастнинг овози ҳамма ёқни тутиб кетади. «Тармоқ қарамлиги» (оригинал номи — «Web Junkie», АҚШ-Исроил, 2013 йил) филми ана шу кадрлар билан бошланади. «Айбинг нима?» — «Интернетда ўтирганман».
Интернет эзгуликка хизмат қиладими ё ёвузликка? Пекинга туташ Дасин шаҳарчасидаги қамоқхона-лагерда даволанаётган интернетпарастлар ҳақида филмни суратга олган ижодкорлар ана шу саволга жавоб излашади.
Хитойда сўнгги ўн йилда тахминан 6000 киши интернетпарастликдан даволанди, шуларнинг 75 фоизи тузалган. Тузалиш — бу интернетда кунига 6 соатдан кам ўтириш!
«Сениям даволашади, сениям даволашади, ...» Қанақа қилиб? Терапия курслари, ҳарбийча саф машқлари, спорт ва яккакураш, электрошок... «Ўтир-тур. Оёқ учида бир соат тек қот. Нега қийшаясан! Орқага!» Турма ҳаёти, нозирларнинг қўпол муомаласи... Деразаларга панжара уриб ташланган, саф тортиш соат тонгги олтида. Совуқ, қоронғу. Мобил телефонлар олиб қўйилади, ҳудудда ҳеч қанақанги электрон қурилмага рухсат йўқ. Ҳар бир «бемор» икки ҳафтадан «одиночка»да ўтиради.
Беморлар мунтазам руҳшунос суҳбатидан ўтиб туришади — ўсмирлар тузалишяптими ё ақлдан озишяптими, врачлар бунга амин бўлишлари керак.
«Етар, қийналиб кетдим. Ортиқ даволанмайман», «Қасам ичаман, энди беш соатдан кўп ўйнамайман. Олиб кетинг, бу ердан!» — ёлворади ўсмир кўргани келган ота-онасига.
«Кечалари ухламай клавишдан бош кўтармай ўтиришларинг, бир ойлаб ювинмай юришинглар қанчалик жонимизга текканини биласанми ўзи», — зорланишади жигарбандини «қамоққа тиққан» бечора ота-оналар.
«Ижтимоийликка жавоб берувчи мия қисми ўчган. Сиз одамлар билан мулоқот қилишдан қўрқасиз», — дейди лагер директори.
Хитой — интернетга берилиб кетишни касаллик, ўсиб келаётган авлод бошига ёғилаётган энг катта бало сифатида расман тан олган биринчи мамлакат. Ноқонуний интернет-кафеда чиққан ёнғин чангалида 25 инсон қолиб кетди, «Legend of Mir» 2 ўйинини 20 соат бетиним ўйнаш бир эркакнинг ўлимига сабаб бўлди, бошқа бири эса «ўйин қаҳрамонларига қўшилиш учун» ўзини томдан ташлади... Ана шундай жуда кўплаб аянчли воқеалар Хитой ҳукуматини интернетни, ундан фойдаланувчиларни «жиловлаш»га ундади. Ҳозир Чин мамлакатида Дасиндагига ўхшаш даволаш марказларининг сони 400дан ортиқ, даволаш курслари оғирлигига қараб бир неча ойгача чўзилади.
Хитой ҳукуматининг маълумот беришича (2015 йил), мамлакатдаги интернетдан фойдаланувчи 632 миллион кишининг 24 миллиони «қарамлик»ка чалинган. Ёшлар соатлаб онлайн ўйинларга муккасидан кетишади. Даволовчи қамоқхона-лагерлардан бирининг раҳбари (врач ва Хитой халқ-озодлик армияси полковниги)нинг айтишича, даволанишга келувчиларнинг 90 фоизи суткасига 14 соатини интернетда ўтказаётганлар. Даволанишга навбатда турганлар кўп, аммо бу курслар жуда қиммат: ота-оналар ойига 1000 доллардан кўп сарфлашга мажбур — бу хитойлик ишчининг ўртача маошидан икки ҳисса кўп пул.
Гонконг университети психологлари аниқлашларича, интернетга берилувчанлик кўрсаткичи мамлакатлардаги турмуш сифати кўрсаткичига тескари пропорционал экан: одамлар реал ҳаётдаги қийинчиликлардан қочиб интернетдан паноҳ излашаркан. Солиштирадиган бўлсак, Шимолий ва Ғарбий Европада интернетпарастлар улуши ўртача 2,6 фоизни, Эрон, Исроил, Туркия ва Ливанда эса 10,9 фоизни ташкил этади.
Бу болаларга ҳеч нима керак эмас. Фақат интернет. Клиникадан қочиб кетишса, тутиб келиш қийинмас, санитарлар уларни биринчи дуч келган интернет-кафедан топишади...
Глобал тармоқсиз кунимиз ўтмай қолди: твиттердаги янгиликни дарҳол кўришга интиламиз, суратларимизни зудликда инстаграмга жойлаймиз, интернетимиз ўчиб қолмаслиги учун тўловни аввалдан кафолатлаб қўямиз, ҳолбуки, газ ёки электр энергиясидан қарзимиз қанчалигини билмаймиз, ён-веримиздаги одамлар эмас, фейсбукдаги «дўстларимиз» афзал...
Америкалик ва исроиллик киночилар тараққиётнинг янги ютуқларидан фойдаланишдаги «олтин чегара», яъни меъёру мезонни аниқлашга уринишлари бежизга эмас. Назаримизда, «Эй одамлар, компютеру смартфонлардан бош кўтаринг, ён-атрофингизга кўзингизни каттароқ очиб қаранг», дейишмоқчи улар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter