Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Илон Маск, Стив Возняк ва мингдан ортиқ экспертлар уни дарҳол тўхтатишга чақирди

Илон Маск, Стив Возняк ва мингдан ортиқ экспертлар уни дарҳол тўхтатишга чақирди

Tesla ва SpaceX бошлиғи Илон Маск, Apple асосчиларидан бири Стив Возняк ва мингдан ортиқ экспертлар илғор сунъий интеллектни ривожлантиришини тўхтатишга чақирувчи очиқ хатни имзоладилар. Мактуб матни Future of Life Institute институти томонидан чоп этилган.

Мактуб муаллифлари сунъий интеллект билан шуғулланувчиларни «OpenAI»нинг GPT-4 тизимидан кучлироқ тизимларни ишлаб чиқишни камида олти ойга зудлик билан тўхтатишга чақиришди. Мактубни имзолаган экспертлар ва соҳа раҳбарлари умумий хавфсизлик протоколлари ўрнатилгунга қадар ишланмалар тўхтатилиши керак, деб ҳисоблайди. Уларнинг фикрига кўра, агар ишланмалар тезда тўхтатилмаса, «расмийлар аралашиб, мораторий қўйиши керак».

Уларнинг фикрича, ҳатто «кучли рақамли ақллар»ни яратувчилар ҳам келажакда уларни бошқара олмайди ва замонавий сунъий интеллект тизимлари одамлар билан рақобатлаша бошлайди.

«Биз ўзимизга савол беришимиз керак: машиналар бизнинг ахборот каналларимизни ташвиқот ва ёлғон билан тўлдиришига рухсат беришимиз керакми? Биз барча ишларни автоматлаштиришимиз керакми? Охир-оқибат биздан ўзиб кетадиган ва бизни алмаштириши мумкин бўлган ноинсоний ақлларни ривожлантиришимиз керакми? Биз цивилизациямиз устидан назоратни йўқотиш хавфига боришимиз шартми?» — дея саволлар қўйилган мактубда.

Reuters хабарига кўра, OpenAI бош директори Сэм Альтман хатни имзоламаган.

Ушбу чақириққа Кремл ҳам изоҳ берди. Қайд этилишича, Россия сунъий интеллектни ривожлантиришни тўхтатиш ниятида эмас. «Сунъий интеллектнинг хавфлилиги ҳақида гапираётганларнинг нуқтаи назарига келсак, биласизки, ҳар қандай дори нотўғри ишлатилса, заҳарга айланади», — деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

Аввалроқ белгиялик эркак Элиза исмли чатбот (сунъий интеллект) билан мулоқотдан сўнг ўз жонига қасд қилгани хабар қилинганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг