Эфиопия телекоммуникация хизматларига монополияни бекор қилди
Эфиопия трансмиллий мобил алоқа компанияларига телекоммуникация хизматлари кўрсатиш учун лицензия берди. Бу ҳақда «Reuters» агентлиги юқори лавозимли шахсга асосланиб хабар тарқатди.
Амалдорнинг айтишича, мамлакат ҳукумати ёпиқ саналган дунёдаги кам сонли телекоммуникация бозорларидан биринчи илк маротаба очмоқда. Қолаверса, Эфиопия ҳукумати чет эл компанияларига мамлакатдаги ягона — «Ethio Telecom» акциялар пакетидан миноритар улуш таклиф этади.
«Биз «2+1» бозор тузилмасини эълон қиламиз», — деди мамлакат молия вазири Эйоб Текалин иккита янги лицензия ҳамда «Ethio Telecom»нинг 49 фоизлик акциялар пакетини назарда тутган ҳолда.
Эфиопия телекоммуникация хизматлари бозорининг очилиши ўтган йили бош вазир Абий Аҳмад бошлаб берган мамлакат иқтисодиётини либераллаштириш томон ташланган катта қадам саналади. Мамлакат телекоммуникациялар соҳаси 100 миллион кишига хизмат кўрсатмоқда. 2018 йили ҳукумат бошқарувини ўз қўлига олган Аҳмад қатор йирик сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказишга ваъда берганди. Иқтисодиётни хусусий сармоялар учун очиш борасидаги ишлар орасида энг сезиларли ўзгаришлар телекоммуникациялар соҳасида бўлмоқда, дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter