Е-кон, газ захираси ва бензин – Ўзбекнефтгаз АЖ тизимидаги ўзгаришлар ҳақида
Аномал совуқ яна қайтса бензин тақчил бўлиб қолмайдими? Ўзбекистонда углеводород қазиб олиш қандай ҳолатда, қанақа янги технологиялар бор ва умуман, юртимиз энергетикаси келажаги қандай? Бу саволларнинг барчасига «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан ташкил этилган пресс-тур давомида батафсил жавоб бериб ўтилди.
Спойлер ўлароқ айтиб ўтамиз, журналистлар ташрифи давомида асосий гап «Электрон кон» ҳақида бўлади. Танишувни эса моделлаштириш марказидан бошладик.
Марказ
Эски советча киноларда кўрганмиз, енгини шимарволиб, чизғич-қалам билан бир нарсаларни қоралаб ўтирган одамлар бўлади. Ажабки, пресс-тур давомида айтилишича энергетика соҳасида яқингача ҳам ўша чизғич-қалам муомалада бўлган экан. Аммо энди манзара буткул ўзгарган, эскича тизимдан мутлақо воз кечилган ва хозирги «Ўзбекнефтгаз» идоралари Голливуднинг энг томошабоп фильмларидаги маҳфий базаларга ўхшайди.
Маълумотлар марказида нималар қилинади? Энг аввало бу ерда нефт ва газ саноатига оид маълумотларни яхлит тизимда бирлаштирган ягона Миллий маълумотлар базаси бор. Базани лойиҳалаштириш, зарур моддий-техник ресурсларни етказиб бериш, уларни ўрнатиш ва ишга тушириш бўйича АҚШнинг «Schlumberger» компанияси билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Лойиҳа учун 6.5 миллион доллар сарфланди.
Натижа эса кутилганидан ҳам анча яхши бўлди, маълум қилинишича, ўтган вақт давомида марказ фаолияти натижасида 64.4 миллион доллар иқтисод қилинган.
Марказда кишини ақлини шоширадиган жиҳатлар анчагина. Масалан, биргина Зеварди конини олсак, рақамли модуллаштириш натижасида ўтган асрнинг 80-йилларидан тортиб бугунги кунга қадар конда қанча газ бўлгани аниқ-тиниқ кўрсатиб қўйилган.
Бу ҳали ҳаммаси эмас, кон яна 10 йилдан сўнг қанақа ҳолатда бўлиши ҳам электрон модулда намойиш этилди. Мана шундай маълумотлар «Ўзбекнефтгаз» тасарруфидаги 106та коннинг барчаси бўйича тайёрланганини инобатга олсак, бажарилган иш ҳажмини билиб олиш мумкин.
Айтишларича, тўрт-беш йил олдин ҳам конларга оид маълумотлар қўлда чизилиб, ёзиб борилган экан. Энди эса...
Диспетчерлик хизмати
Электрон кон лойиҳаси доирасида «Марказий ишлаб чиқариш диспетчерлик департаменти» алоҳида ўрин тутади. Бу ерда углеводородларни қазиб олиш, қайта ишлаш ва истеъмолчиларга етказиб бериш бўйича тезкор маълумотлар йиғилади. Барча маълумотлар асосида техник иқтисодий кўрсаткичларнинг бажарилиши назорат остида бўлиб туради.
Натижада ностандарт вазиятлар юзага келган тақдирда тезкор чора-тадбирлар кўриш имконини юзага келади. Айтайлик, бирор конда кўрсаткичлар пасайиб кетса, дарҳол муаммони бартараф этиш мумкин.
Зўрми?!
Лойиҳа мияси
Бу ишларнинг барчасининг бошида «O‘ZLITINEFTGAZ» АЖ турибди. Ташкилот томонидан «Ўзбекнефтгаз» АЖ тасарруфидаги конларда углеводород хом ашёсини қазиб олиш тизимини тезкор таҳлил қилиш ва бошқариш бўйича дастурий-техник комплекс ишлаб чиқилмоқда.
Ишлаб чиқилаётган тизимнинг мақсади — ер усти жиҳозлаш тизимлари билан интеграциялашган тарзда табиий газни қазиб олишни тўлиқ ахборотлаштириш ва рақамлаштиришдан иборат. Бу орқали конлардаги қазиб олинган табиий газни йўлдош сувдан ажратиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, ҳар бир қудуқнинг технологик иш режимларини ва умуман конларни оптималлаштириш бўйича қудуқ унумдорлигининг ҳақиқий қийматларини ҳисобга олишга эришилади.
Пресс-тур давомида журналистларга Ўзбекистонда табиий газ қазиб олиш истиқболлари ҳақида тўлиқ маълумот берилди. Шунингдек, журналистлар ўтган йили бўлгани каби аномал совуқ бўлган тақдирда бензин тақчиллиги кузатилиши эҳтимоли ҳақида савол беришди. Мутахассислар томонидан таъкидланишича, муаммолар такрорланмаслиги учун қатор чора-тадбирлар режалаштирилмоқда. Хусусан, "Ўзбекнефтгаз" АЖ томонидан ёқилғи захираси яратилмоқда. Шунингдек, юртимизга бензин олиб кириладиган тадбиркорларга захира сақлашлари учун жой тақдим этиляпти.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter