Бугун, соат 20:00 да, ўтказиб юборманг! «Samsung» тақдимотлари бошланади: Galaxy S21 ва бошқалар...
Бугун, 14 январь, Тошкент вақти билан соат 20:00 да «Samsung» компанияси Galaxy Unpacked тадбирларини бошлайди. Бу ҳақда компания расмий сайтида хабар берилди.
Онлайн трансляцияни ҳам компания сайтида кузатишингиз мумкин.
Бугунги тақдимотда Galaxy S21 флагманлари ҳамда Galaxy Buds Pro симсиз қулоқчинлари катта саҳнага чиқиши кутиляпти. Аммо, интернет — дарвозасиз шаҳар мисоли, деярли барча маълумотлар шу пайтгача маълум бўлиб улгурган.
Хусусан, янги смартфонларнинг асосий камераси блоки янги дизайнда ва узоқ йиллардан бери биринчи марта, Qualcomm Snapdragon га муносиб рақиб сифатида кўрилаётган Exynos 2100 процессори ўрнатилган ҳолда чиқиши кутиляпти.
Galaxy S21 смартфонининг асосий талқини 6,2-дюймли AMOLED-матрицали (Full HD+ ва 120 Гц частотали) экран билан таъминланиши, Galaxy S21+ экрани диагонали эса 6,7 дюймгача кенгайиши ҳозирдан маълум. Энг илғор Galaxy S21 Ultra смартфонига эса 6,8-дюймли дисплей ўрнатилади (QHD+ ва 120 Гц частотали).
Galaxy S21 ва S21+ бир хил тўпламдаги камераларга эга бўлади: асосийси — 64 Мп, иккинчи камераси — 12 Мп. Galaxy S21 Ultra эса 108/40 Мп камералари билан бизни ҳайратга солмоқчи. Албатта, юқоридаги камералар қўшимча датчиклар ва технологиялар ҳисобига кучайтирилган ва бойитилган, батафсил маълумотни эса тақдимотдан сўнг оламиз.
Худди олдинги йиллардаги каби, интернетда мавжуд маълумотларга кўра, АҚШ ва Жанубий Корея учун ишлаб чиқариладиган смартфонларга Qualcomm (Snapdragon 888) процессорлари ўрнатилади. Глобал талқинига эса Exynos 2100 ўрнатилиши кутиляпти — бу ҳам тақдимотдан сўнг ойдинлашади.
Бугунги тақдимотдан симсиз қулоқчинлар — Galaxy Buds Pro ҳам ўрин олган, айтишларича, нархи $200 атрофида.
Қолаверса, Samsung компанияси йўқолган нарсаларни топиб берувчи Galaxy SmartTag трекерларини ҳам бугун таништириши мумкин. Демак, икки соатдан сўнг, онлайн тақдимотда ҳаммасини билиб оламиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter