«One Million Uzbek Coders» келажак меҳнат бозорига кўникма беради
2020 йил — Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили йили, деб эълон қилинди. Шу муносабат билан, бу йил IT соҳасида кучли кадрлар тайёрлаш ва ушбу йўналишни аҳоли ўртасида оммалаштириш имконини берадиган кўплаб лойиҳалар яратилмоқда.
Жумладан, аҳолининг кенг қатламига ахборот технологиялари соҳасида бепул таълим олиш имкониятини бериш мақсадида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Dubai Future Foundation, IT Park ва IT-Академияси билан ҳамкорликда, Udacity курслари асосида «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Udacity платформаси ҳақида
Udacity (АҚШ) — IT мутахассислигига йўналтирилган етакчи онлайн таълим платформаси. Ўқув ва контент курслари Google, Facebook, Amazon, Autodesk ва бошқалар каби етакчи IT саноат компаниялари билан биргаликда ишлаб чиқилган. Барча курслар ҳақиқий маълумотлар тўпламларида лойиҳалар билан ишлашда амалий кўникмаларни шакллантиришга қаратилган.
One Million Uzbek Coders лойиҳаси ҳақида
«One Million Uzbek Coders» лойиҳасининг амалга оширилиши аҳолининг кенг қатламларини АКТ соҳасида янги касбларни ўзлаштириш, ёшларни, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни ишга жойлаштириш имконини беради», — таъкидлади Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов. Тантанали маросимда иштирок этган меҳмонлар орасида Бирлашган Араб Амирликлари делегацияси, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати, мамлакатимиз вазирлик ва идоралари раҳбарлари иштирок этди.
«One Million Uzbek Coders» ташаббуси маҳаллий IT-таълимни ривожлантиришга қаратилган бўлиб, биринчи навбатда ёшларга АКТ мутахассисликларига арзон ва сифатли ўқиш имкониятларини тақдим этади. Лойиҳанинг мақсади рақамли экспертлар авлодини ривожлантириш, уларни рақамли трансформация орқали келажакни тушуниш ва бошқариш учун зарур бўлган барча воситалар билан қуроллантиришдир.
One Million Uzbek Coders (OMUC) лойиҳаси 4 та йўналишни ўз ичига олади: Android (Google билан ҳамкорликда), Front-end development, Full-stack development ва маълумотларни таҳлил қилиш. Ҳар бир трек асосий 120 соатлик ёки 12 ҳафталик курсдан бошланади ва ўрганишни бошлаш учун махсус билим талаб қилмайди.
Бундан ташқари, ахборот технологиялари соҳасида рақамли билим ва янги мутахассисликлар олишга кенг жамоатчиликни жалб қилиш мақсадида IT Park Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги кўмагида «One Million Uzbek Coders» лойиҳасида ёшларнинг иштирокини кенгайтириш устида иш олиб бормоқда. Хусусан:
- Лойиҳани ёритиш ва аҳоли ўртасида рақамли кўникмаларни тарғиб қилиш учун реклама кампанияси (ижтимоий тармоқлар, онлайн мактаб, телевидение ва радио) йўлга қўйилди;
- «Бир миллион дастурчи» лойиҳасининг дастлабки босқичи 62 мингдан ортиқ ўқувчини қамраб олди ва уларнинг 5,4 мингтаси малака сертификатига эга бўлди;
- «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси ZIYONET таълим портали, UZMOBILE мобил алоқа оператори ва UZONLINE интернет-провайдерларининг бепул хизматларига киритилган;
- Мазкур лойиҳа доирасида рақамли технологиялар бўйича ўқув марказларида дастурлаш кўникмаларини ўргатиш ишлари амалга оширилмоқда;
- Лойиҳа кўламини кенгайтириш ва ўқув жараёнини ташкил этиш учун биринчи босқичда мамлакат бўйлаб 2 100 дан ортиқ мактаб танлаб олинди;
- Айни пайтда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳридаги мактабларда 2 минг 137 информатика ўқитувчиси учун онлайн-семинар ташкил этилди. Онлайн семинарларда мактаб ўқувчиларини ўқитиш портали имкониятлари, ўқув курсларининг мақсади ва мавзуси, шунингдек, лойиҳада ёшларни жалб қилиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган ишлар намойиш этилди.
Бундан ташқари, «One Million Uzbek Coders» миллий лойиҳаси доирасида фаол иштирокчилар ўртасида танлов ташкил этилди. Танлов жорий йилнинг ёзида бўлиб ўтди ва IT Park ҳамда IT-Академия кўмагида Dubay Future Foundation томонидан ташкил этилди. Танловда Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларидан 12 мингдан зиёд киши иштирок этди. Виртуал жамоа https://community.uzbekcoders.uz сайтида шу пайтгача 3 000 дан ортиқ муаллифлик мақолаларини ўзбек тилида нашр этди. Танловда 18 ёшгача бўлган мактаб ёшидаги 2 та гуруҳ ҳамда умумий тоифали 2 та гуруҳ иштирок этди.
Танлов шартлари лойиҳа ёки IT ва янги технологиялар бўйича муаллифлик мақолаларини яратиш эди. Танлов якунида энг яхши уч нафар иштирокчи 1 500 АҚШ доллари миқдоридаги совринни қўлга киритди. Мактаб ўқувчиларининг энг яхши учта иштирокчиси 500 АҚШ долларини олди.
Айни пайтда uzbekcoders.uz порталда 69 003 дан ортиқ талабалар рўйхатга олинди, шундан 5 810 нафари иккинчи босқичдан ўтди ва курсларни муваффақиятли якунлаш тўғрисида сертификатлар билан тақдирланди.
Шуни эсда тутиш керакки, «One Million Uzbek Coders» ташаббуси аҳолига келажакда меҳнат бозори учун зарур бўлган кўникмаларга эга бўлиш, келажак дастурлаш тилини ўрганиш имконини яратишга қаратилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter