Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Арзон ва экологик тоза энергетикага катта эътибор қаратилади

Арзон ва экологик тоза энергетикага катта эътибор қаратилади

Электр энергияси зарурати ва ундан оқилона фойдаланиш, арзон, ишончли, барқарор ва замонавий энергетикани жорий этиш — барчамиз учун глобал масалага айланмоқда.

Шундан келиб чиқиб, давлатимиз томонидан ҳам бу борада зарур чора-тадбирлар кўриляпти. Хусусан, қайта тикланувчи энергия манбаларидан республикамиз ҳудудларида бемалол, тўсиқсиз фойдаланиш имкониятлари яратилмоқда.

Мисол учун, 2025 йилда Бухоро вилоятининг Пешку ва Ғиждувон туманларида ҳар бирининг қуввати 500 мегаваттдан бўлган 2 та ҳамда 2026 йилда Қорақалпоғистон Республикасида умумий қуввати 1 минг 600 мегаваттга тенг бўлган 4 та шамол электр станцияси ишга туширилади.

Ҳозирги вақтда Қорақалпоғистонда 200 мегаватт қувватли шамол электр станциясини қуриш бўйича тендер давом этмоқда.

Бундан ташқари, 2023 йил якунига қадар умумий қуввати 1,8 гигаваттга яқин кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари ишга туширилиши ҳам режалаштирилган.

Таъкидлаш керакки, тизимли ишларнинг амалга оширилиши натижасида 2026 йилга бориб, Ўзбекистонда умумий қуввати 8 минг мегаваттдан ортиқ бўлган қуёш ва шамол электр станциялари, 868 мегаватт қувватга эга янги гидроэлектр станциялари иш бошлайди.

Ижобий сиёсий ташаббуслар, молиялаштиришда нисбатан эркин шароитлар натижасида яшил энергетиканинг ривожланаётгани энергия ва экологик муаммоларни ҳал этишга хизмат қилади.

Шунингдек, энергетика соҳасида ишлаб чиқариш кўлами ортиб, пироваридида юртимизнинг энг олис ва чекка ҳудудларига ҳам электр энергияси етиб боради. Аҳоли электр токи билан узлуксиз таъминланади.

Бугунги кунда экологик муаммолар сабабли гидроэлектр станциялари ҳамда иссиқлик электр станцияларига муқобил равишда яшил энергетика манбаларининг ҳам яратиб борилиши келгусида энергия тақчиллигининг олдини олиш учун зарур чоралардан бирига айланиб улгурди. Шу сабабли ҳудудларда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, қуёш ва шамол электр станциялари, кичик гидроэлектр станцияларнинг ишга тушириб борилиши самарали ечим бўлиб хизмат қилиши табиий.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг