2022 йил учун илмий башорат: яқин келажакда дунё қандай кўринишда бўлади?

Бизни рақамли дунёлар, аватарлар ва электрон пуллар кутмоқда. Келаётган йил жасур ва қўрқмас одамлар учун муваффақиятли бўлади.
Бутун дунё сиёсатчилари ва иқтисодчилари яқин келажак учун аллақачон прогнозлар қилишмоқда. Forrester халқаро бозор тадқиқот компанияси веб-сайтида эълон қилинган 2022 йил учун прогноз шундай дейди: дунё янада рақамли бўлади.
Иқтисодчилар ва ишбилармонлар башорат қилишларича, 2022 йилда ҳар 10 интернет фойдаланувчидан 8 нафари тармоқда таълим олади, ишлайди ва онлайн пул сарфлайди.
Сайт томонидан келтирилган Aмерика статистика маълумотларига кўра, AҚШда катта ёшдаги онлайн фойдаланувчиларнинг 63 фоизи диний хизматлар, спорт тадбирлари, концертлар ва онлайн ижтимоий хизматларга ташриф буюришларини айтган. 44 фоизи интернетдан фойдаланган ҳолда уй жиҳозларини янгилаган.
2022 йилда бу рақам ортади. Кейинги йил янги технологиялардан ва атрофдаги дунёдаги тез ўзгаришлардан қўрқмайдиган жасур одамлар учун жуда мос келади. Уларнинг ярми аллақачон рақамлига ўтиб бўлган.
Шунингдек, компанияларнинг 66 фоизга яқини гибрид иш шаклига ўтиши башорат қилинмоқда. Ходимларнинг ярми офисда ишлайди, ярми эса, масофадан туриб.
Шунингдек, бизни қуйидагилар кутмоқда:
- Одамлар ҳаракатининг видеo мониторингини кучайтириш. Камера том маънода ҳамма жойда пайдо бўлади. Бу одамлар хавфсизлиги ва хавфли касалликлар тарқалишини чеклаш учун амалга оширилади.
- Интернет тармоғида фаолият юритувчи, айниқса, ахборот тарқатувчи компаниялар устидан назоратни кучайтириш.
- Потенциал жиноятчиларни улар жиноят содир этишидан олдин ҳам – уларнинг сўровлари ва онлайн мулоқотлари бўйича топиш ва ҳибсга олиш бошланади.
- 2025 йилга бориб, кўплаб компанияларда кенгайтирилган реаллик технологиялари пайдо бўлади: биз ўзимизда кийимларнинг рақамли аналогларини ўлчаб кўришимиз ва келажакда харидларни 3D форматида амалга оширишимиз мумкин.
- Одамларнинг шахсий маълумотлари янада очиқ бўлади, бу ахборотнинг шаффофлиги нуқтаи назаридан фойдали, махфийлик йўқлиги нуқтаи назаридан эса, хавфли бўлиши мумкин.
- Филмларда актёрлар эмас, балки уларнинг рақамли қиёфадошлари тасвирга тушади. Бунга аллақачон қўл урилган, лекин ҳали кенг қўлланилмади.
- Кафелар, дўконлар, ёқилғи қуйиш шохобчалари, дорихоналар ва курерлик каби хизмат кўрсатиш соҳасида иш бошлайдиганларнинг тахминан 30 фоизи роботлар бўлади.
Танганинг иккинчи томони: ҳеч ким инсоний туйғулар ҳақида ўйламаяпти, фақат рақамли технологиялар ва роботлар. Илгари бу фантастика оламида эди, энди у ҳақиқатга айланмоқда. Қандай бўлмасин, бундай янгиликлар қалбни иситмайди... Аммо, инсониятга фойдали жиҳатларидан таскин топади одам.
Хўш, азиз ўқувчилар, атиги беш кундан сўнг янги ҳақиқатга ўтишга тайёрмисиз?
Усмонжон Йўлдошев
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter