Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Яна бир ёш китобхон «Spark» ютиб олди

Яна бир ёш китобхон «Spark» ютиб олди

Фото: Ёшлар иттифоқи

20-30 ёшлар ўртасидаги «Ёш китобхон» танловининг республика босқичи ғолиблари аниқланди. Танловнинг  14 нафар қатнашчиси «Ўзбек адабиёти билимдони», «Жаҳон адабиёти билимдони», «Буюк мутафаккир ва адиб» ҳамда «Шеърият» каби 4 та шарт бўйича беллашишди.

Умумий баҳолаш натижаларига кўра, Тошкент шаҳридан Тошкент давлат педагогика университетининг 3-босқич талабаси Шоҳсанам Холбоева 327,2 балл билан «Ёш китобхон» танловининг республика босқичида ғолибликни қўлга киритиб, Президент совғаси «Спарк» автомобили ва «Kitob olami» дўконига 3 ойлик харид учун 20 фоиз чегирмага сазовор бўлди.

«Ёш китобхон» танлови республика босқичига тайёргарликлар давомида 60 дан ортиқ китобларни ўқиб чиқдим. Мазкур танловда ғолиб бўлишга аҳд қилиб, тайёргарликларга пухта ёндашдим. Уйимизда ота-онам кичик кутубхона яратиб берган. Бу каби имконият ва шарт-шароитлар учун улардан чексиз миннатдорман. Танловгача тинимсиз ўқидим, асарларни таҳлил қилдим. Ёдда қолиши учун энг муҳим нуқталарни дафтаримга қайд этиб бордим. Бугун эса кўп китоб ўқиб, бадиий саводхонлигимни оширганлигим натижасида Президент совғаси «Спарк» автомобилига сазовор бўлдим», — дейди танловнинг 20-30 ёш тоифасидаги иштирокчиларининг мутлақ ғолиби Шоҳсанам Холбоева. —«Ҳозирга қадар 400 дан ортиқ бадиий асарни ўқиб чиққанман. Мутолааларим давомида Усмон Носир, Лев Толстой, Пауло Коэло каби адибларнинг ижодини катта қизиқиш билан мутолаа қилдим. Келажакда энг севимли, малакали ўқитувчи бўлиб, ўзим каби ёш китобхонлар даврасини кенгайтиришни мақсад қилганман».

Тошкент вилоятидан Дилнавоз Нажимова 264,5 балл билан 2-ўринни эгаллаб, компьютер жамланмаси ва «Kitob olami» дўконига 3 ойлик харид учун 15 фоизлик чегирма билан тақдирланди.

Жиззахлик Дилнавоз Илҳомова эса 259,2 балл билан 3-ўринни қўлга киритиб, 200 та китоблар жамланмаси ва «Kitob olami» дўконига 3 ойлик харид учун 10 фоизлик чегирмага эга бўлди.

Танловнинг барча иштирокчилари «Dugonalar» ва «Yosh kuch» журнали ҳамда «Yoshlar ovozi» газетасига 1 йиллик бепул обуна бўлди.

2018 йилги «Ёш китобхон» танловининг саралаш босқичларида 20-30 ёш тоифасидаги 1128 нафар иштирокчи ўз билимини синаб кўрди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг