ХТВ ўз жонига қасд қилишга мойил қизлар рўйхатини шакллантиради
Вазирлар Маҳкамаси 6.10.2021 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 624-сон қарорни қабул қилди. Бу ҳақда «Норма» хабар берди.
Ҳужжат Президентнинг «Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 19 майдаги ПҚ-5116-сон қарорига мувофиқ қабул қилинган.
Ўзгартириш ва қўшимчалар қуйидаги ҳужжатларга киритилади:
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тўғрисида низом (19.02.2019 йилдаги 146-сон ВМҚ билан тасдиқланган);
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармаси бўлинмалари томонидан қўриқланадиган объектлар рўйхати (21.11.2019 йилдаги 930-сон ВМҚ билан тасдиқланган);
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тўғрисидаги низом (15.04.2020 йилдаги 228-сон ВМҚ билан тасдиқланган);
10.06.2020 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги 367-сон ВМҚ;
Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (11.11.2020 йилдаги 710-сон ВМҚ билан тасдиқланган);
Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси тўғрисидаги низом (14.04.2021 йилдаги 210-сон ВМҚ);
28.04.2021 йилдаги «Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 250-сон ВМҚ.
Биринчидан, Халқ таълими вазирлиги даволанишга ва соғломлаштиришга муҳтож бўлган болаларнинг ижтимоий кафолатларини таъминлаш, уларнинг таълим-тарбия олишлари учун мослашув муҳитини яратиш мақсадида энди, шунингдек:
- ўз жонига қасд қилишга мойил қизлар ва руҳиятида ўзгариш кузатилган ўқувчи қизлар рўйхатини шакллантириш, уларга тиббий ва психологик кўмак кўрсатиш бўйича манзилли ишларни ташкил этади;
- аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича республика, ҳудудий ва туманлараро намунали марказларига жойлаштирилган аёлларнинг вояга етмаган фарзандларини энг яқин ҳудуддаги умумий ўрта таълим муассасаларига вақтинча жойлаштириш чораларини кўради.
Иккинчидан, аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича республика, ҳудудий ва туманлараро намунали марказлари Миллий гвардиясининг қўриқлаш хизмати бўлинмалари томонидан қўриқланадиган объектлар рўйхатига киритилди;
Учинчидан, «Маҳалла ва оила» ИТИнинг асосий вазифалари кенгайтирилди. Хусусан, бошқалар қаторида, институт оилавий зўравонликнинг келиб чиқиш омиллари ва сабабларини чуқур ўрганишни амалга оширади. Шунингдек, унинг асосий вазифалари жумласида: оилаларда соғлом муҳитни шакллантириш, зўравонликка учраган ёки ўз жонига суиқасд қилган ёхуд ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича таҳлилий материаллар ва илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш.
Бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам киритилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 7.10.2021 йилдан кучга кирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter