Тошкент ва Берлин ўртасида вебинар ташкил этилди
Кеча, 26 июнь куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида «Ўзбекистон ва Германия ўртасида сув ресурсларини бошқариш йўналишида ҳамкорлик лойиҳалари» мавзусидаги онлайн вебинар ташкил этилди. Бу ҳақда институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов хабар берди.
Вебинарда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги сув ресурсларини бошқариш йўналишида илмий ва таълимий ҳамкорликлар ҳамда мавжуд грантлар бўйича, шунингдек, жаҳон рейтингида ТОП-100 университетлари ичида бўлган Берлиндаги Гумбольдт университети ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Бундан ташқари, Германияда PhD дастурига қабул қилиш ва муваффақиятли ҳимоя қилиш талаблари ҳақида таништирил. Қолаверса, Scopus ва Web of Science базасига кирган кучли журналларда қандай қилиб мақолалар чоп этиш бўйича ҳам йўриқлар кўрсатилди.
Вебинарда асосий спикерлик қилувчи – қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, Берлиндаги Гумбольдт университети профессори Аҳмаджон Ҳамидов ватандош олимларимиздан ҳисобланади. У нафақат ватандош олим, балки Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг битирувчиси бўлгани ҳам институт талабаларини руҳлантирмасдан қолмайди.
Сўнгги бир йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг талабалари Республика миқёсида ўтказилган фан олимпиадаларида 10 та фахрли ўринлар эгаллаган бўлса, 1 нафар докторант ва 1 нафар магистрант, 1 нафар бакалавриат талаба қишлоқ хўжалиги йўналишида Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси, 1 нафар Навоий давлат стипендияси, 2 нафар Беруний давлат стипендияси соҳиблари бўлишди.
Сўнгги 1 йилда 10 нафар докторант, 14 нафар магистр ва 9 нафар бакалаврларни чет элда ўқитиш амалга оширилди.
Тадбир якунида институт ректори, Республика Олий таълим муассасалари кенгаши раиси, Ўктам Умурзоқов вебинар иштирокчиларига ташкилий қўмита номидан миннатдорчилик билдирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter