Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ТИҚХММИ битирувчилари йирик компанияга ишга жойлашишлари мумкин

ТИҚХММИ битирувчилари йирик компанияга ишга жойлашишлари мумкин

2021 йил 9 июн куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида (ТИҚХММИ) институт раҳбарияти ва «China Gezhouba Group International Engineering Co., Ltd» компанияси бош менежерининг ўринбосари жаноб XIN ZONGYI ва Марказий Осиёдаги бош менежери жаноб GUO TIANYU бошчилигидаги делегация ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди. ТИҚХММИ делегациясига институт ректори,  Ўзбекистон Олий таълим кенгаши раиси проф.  У. Умурзоқов бошчилик қилди.

Тадбирдан кўзланган мақсад янги ривожланиш шароитларида томонлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик имкониятлари ва истиқболли йўлларини муҳокама қилиш ҳамда кейинги 5 йиллик давр учун ўзаро англашув меморандумини имзолашдан иборат эди. 

China Gezhouba Group International Engineering Co., Ltd йирик халқаро даражада фаолият кўрсатувчи корпорация ҳисобланади.  Компаниянинг фаолият доиралари қурилиш (энергетика, транспорт, гидротехника,  коммунал қурилиш ва бошқа инфратузилма тармоқлари),  кўчмас мулк,  атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, цемент ишлаб чиқариш, машинасозлик ва молиялаштириш соҳаларига сармоя киритиш каби соҳаларни ўз ичига олади.  Компания дунёдаги «250 та энг йирик глобал пудратчилар» рейтингига киритилган.  CGGC 142 дан ортиқ мамлакатда ўз фаолиятини олиб боради ва дунё бўйлаб 190 дан ортиқ амалдаги лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.  Сўнгги 40 йил ичида CGGC 4000 дан ортиқ турли хил энг яхши лойиҳаларни, шу жумладан «Три ущелья» объектини амалга оширди ва инсониятни электр ва тоза сув билан таъминлашга муносиб улуш қўшиб келмоқда. 

Компания Ўзбекистондаги лойиҳалар салоҳиятини ҳам юқори баҳолайди ва фаол тарзда қўллаб-қувватлайди.  Бугунги кунга келиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида CGGC компанияси Сирдарё вилоятида қуввати 1500 МВт бўлган ИЭС қуришни бошлади.  

Томонларнинг ўртасида ўтказилган музокаралар натижасида ТИҚХММИ талабаларининг Сирдарё вилоятида қурилаётган қуввати 1500 МВт бўлган ИЭС қурилиши объектларида ўқув ва ишлаб чиқариш амалиётларини ҳамда стажировкаларини ташкил этилиши, ТИҚХММИ битирувчиларини кейинчалик CGGC корхоналарида ишга жойлаштирилиши, шунингдек ҳар икки томон вакилларининг биргаликда тегишли соҳаларда тадқиқотлар олиб бориши ва тадқиқот натижаларини алмашиниши тўғрисида келишувга эришилди.  

Учрашув илиқ ва дўстона муҳитда ўтди. Учрашув сўнгида томонлар келгуси 5 йилга мўлжалланган ўзаро англашув меморандумини имзоладилар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг