Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тадбиркор узоқ ўйлаган ғоясини Андижонда амалга оширди

Тадбиркор узоқ ўйлаган ғоясини Андижонда амалга оширди

Фото: «Xabar.uz»

Жорий йилнинг 18-19 май кунлари Мактабгача таълим вазирлиги томонидан журналистлар ва ОАВ ходимлари учун Андижон вилоятида пресс-тур ташкил этилди.

Маълумот берилишича, 2020 йилнинг 1-чорак якунида Андижон вилояти бўйича жами 1176 та (530 та давлат, 646 та нодавлат) мактабгача таълим ташкилотлари фаолият кўрсатиб, уларда 132 627 нафар бола қамраб олинган. Бу эса ҳудуддаги 3-7 ёшли болалар сонига нисбатан қамров 52,1 фоизни ташкил этганини билдиради.

Ташрифимиз Андижон шаҳридаги «Бахтиёр болажон» нодавлат мактабгача таълим ташкилотидан бошланди.

Ушбу МТТ жорий йилнинг 4 январидан иш фаолиятини бошлаган бўлиб, бино 300 ўринга мўлжалланган, 12 та гуруҳ хоналари мавжуд.

Тарбияланувчи болаларнинг 30 фоизини «Темир дафтар»га кирган оилаларнинг фарзандлари ташкил қилиб, улар учун тўлов сўммаси ҳам имтиёзли равишда давлат МТТлари нархида белгиланган.

«Бахтиёр болажон»да болаларга мўлжалланган ресторан, мини зоопарк, футбол ва баскетбол майдонлари, амфитеатр, шаршара ва жонли бурчаклар мавжуд. Ташкилотда ҳозирда 11 нафар ходим иш фаолиятини олиб бормоқда. Уларнинг аксарияти «Аёллар дафтари»га кирганлар. Шулардан 2 нафари олий маълумотли, хамшира 2020 йил малака ошириш сертификатига эга бўлган. Ташкилот мудираси Зиёда Абдуалимова олий маълумотли, рус тили ва адабиёти ўқитувчиси, бундан ташқари психолог ва логопед мутахассиси ҳамдир.

«Шахсан ўзим ҳар куни тонгда болаларни саломатлиги, тозалигини текшириб қабул қилиб оламан. Тошмалар, касалликнинг турли белгилари сезилса, уларнинг ота-онаси билан гаплашиб, уч кун муддатда уйда даволанишига шароит қилиб беришларини тавсия қиламан. Даволанган болажонларни албатта соғлиги тўғрисида шифокор хулосаси билан қабул қиламиз. Шунингдек, болалар учун келтирилган озиқ-овқат маҳсулотлари, таомлар, улар учун ўзимизда шарбатлар сифатини назорат қиламан. Мен билан бирга қизим ҳам бу ерда тарбиячи сифатида фаолият юритади. Иккита набирам шу ерда тарбияланади. Фикрий ўсиши, жисмонан ривожланиши кундан-кунга яхши», — дейди биз билан суҳбатда Нодира Қурбонова.

Кейинги ташриф Андижон шаҳри «Дўстлик» МФЙ да жойлашган «Эртаклар дунёси» нодавлат хусусий-шерикчилик асосидаги мактабгача таълим ташкилотида давом этди.

«Ушбу бинони қуриш ғоясини жуда узоқ йиллар ўйлаб юрган эдим. Сингапур, Малайзия каби давлатларда бу борада қилинаётган ишлар билан шахсан танишиб, ўрганиб келганман. Кейин ҳокимиятга таклиф билан чиқдим. Бўш турган ҳудуд танланди ва менга ушбу иншоотни қуришга рухсат этилди. Бино қурилишига жами 7 млрд 600 млн сўм сарфланди. Шундан 3 млрд ўз ҳисобимдан, 4 млрд 600 млн сўм имтиёзли банк кредити асосида.  Боғча 200 ўринга мўлжалланган, ҳозирда 150 нафар болажонларга 3 та тил (рус, инглиз, корейс) тўгараклари, бадиий гимнастика, каратэ спорт тўгараклари, информатика дарслари мунтазам равишда ўргатилиб борилади. Шу жумладан, қишки бассейн, алоҳида ЙҲХБ ходими дарс берадиган йўл ҳаракати қоидаларини ўргатувчи майдон, мусиқа ва рақс тўгараклари, логопед хизматлари йўлга қўйилган. Тўрт маҳал витаминларга бой овқатлар билан таъминлаб борамиз. Ташкилотда 35 нафар ходим иш фаолиятини юритади. Ташкилот методисти Кореяда малака ошириб келган олий тоифали ходим. Яқин фурсатлар ичида имконияти чекланган, эътиборга муҳтож болалар учун ҳам бир кичик гуруҳ ташкил этиш ниятидаман. Ўзим тадбиркор бўлганим учун уларни тўловларсиз, ўз ҳисобимдан тарбиялашга имкониятим бор. Албатта жамиятда болаларнинг бегонаси бўлмайди. Улар ҳам алоҳида эътиборга, замон билан билан ҳамнафас билим олишга ҳақли», — дейди ташкилот раҳбари Аброрбек Мамадалиев

Кейинги ташриф Андижон шаҳрида жойлашган 40-кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида бўлди. 130 ўринга мўлжалланган бинода ҳозирда 127 нафар болажонлар тарбияланаётган экан. Шундан 80 нафари ногирон болажонлар, 47 нафари турли хил имконияти чекланган болажонлар. Аввалроқ Андижонда имтиёзли МТТлар қисқартирилгани ҳақида айтиб ўтган эдик. Сабаби имтиёзли МТТларда бутунлай соғлом болалар ногиронлиги бор дея кўрсатилиб жойлаштирилгани аниқланган.

Шу сабабли 40-кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотига бўлган талаб кучайган. Фаолият давомида 37 нафар бола соғлиги тикланиб, одатий МТТларга ўтказилган. Болалар саломатлигига катта эътибор қаратилиб, кун давомида белгиланган вақт чегарасида масаж, сувли масаж ҳамда турли соғломлаштириш машқлари олиб борилади. Алоҳида эътироф этиш керак бўлган жиҳатларидан бири, бу ерда болажонлар тўлиқ давлат ҳисобидан тарбияланадилар ҳамда уларни қабул қилиш ёши 2 ёшдан бошланади.

Ташкилотда 68 нафар турли йўналишдаги педагоглар фаолият олиб боради. Ҳар бир педагог ўқитувчига 3 нафардан бола бириктирилган бўлиб, тарбиячилар маошига 100 фоиз устама ҳақ тўлаб берилади.

Пресс-тур мобайнида Андижон тумани «Қора тут» МФЙда жойлашган «Эрудит болажон» нодавлат МТТ, Асака туман 30-мактабгача таълим ташкилоти, Асака туман 36-сон МТТ, Асака туман «БОЛАЛАР САЙЁРАСИ» номли 35-ДМТТлар ҳолати ҳам ўрганилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг