Ўтган йили 74 фоиз болалар мактабгача таълимга қамраб олинган
Ўтган йили жами 33 942 та мактабгача таълим ташкилотлари фаолият кўрсатиб (6,8 мингтаси давлат ва 27,2 мингтаси нодавлат), республикадаги 2,9 млн нафар болалардан 2,2 млн нафари ёки 74 фоизини қамраб олган.
Бу ҳақда Мактабгача таълим агентлиги ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева маълум қилди.
Агентлик расмийсининг билдиришича, бу кўрсаткичларга, жумладан, чекка ҳудудларда мактабгача таълимни ривожлантириш орқали ҳам эришилган.
Мисол учун, мактабгача таълим хизматларини ташкил этиш мақсадида Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларига қўшимча 7 та ИСУЗУ автобуслари қайта жиҳозланган ҳолда етказиб берилган. 14 та маҳаллаларда ташкил этилган ўйин майдончаларида 42 та мобиль гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилиб, 950 нафарга яқин болалар қўшимча қамраб олинган.
Натижада, Республика бўйича 156 та МФЙларда қайта жиҳозланган 72 та ИСУЗУ автобусларда ташкил этилган 429 та «Ақлвой» мобил гуруҳларда 9,5 минг нафар (0,43 фоиз) 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар қамраб олинди.
Шунингдек, ЮНИСЕФ ташкилоти билан ҳамкорликда Наманган ва Хоразм вилоятларида мактабгача таълимнинг муқобил шакли бўлган 20 та «Турли хил ёшдаги мактабгача таълим гуруҳлари» (ўйин гуруҳлари) ташкил этилиб, уларга жами 496 нафар болалар қамраб олинди.
Жаҳон банки билан ҳамкорликда «Болани эрта ривожлантириш» лойиҳаси доирасида Наманган ва Самарқанд вилоятларида «Илк ривожланиш марказлари» 3 та модель бўйича фаолият кўрсатмоқда.
Бунда, биринчи модель (6 ёшгача қамраб олинмаган болалари бўлган оилаларга ташриф) бўйича жами 634 та болалар, иккинчи модель (ўйин гуруҳлари) бўйича 861 нафар болалар, учинчи модель (соғлиги туфайли имконияти чекланган 2 ёшдан 6 ёшгача болалари бўлган оилаларга ташриф) бўйича 87 та болалар қамраб олинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter