Шавкат Мирзиёев видеоселектор ўтказмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида олий таълимга бағишланган видеоселектор бўлиб ўтмоқда.
Давлат раҳбари таълим сифатини яхшилаш ва таълимнинг барча жараёнларини бозор эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ташкил этиш масаласида Олий таълим вазирлиги, ректорлар бош қотирмаётганини танқид қилди.
— Ислоҳотлар қачон амалга ошади? Агар ҳар бир йўналишда мутахассислар билимли бўлса, натижа биз кутгандек бўлади. Биз олийгоҳларни кўпайтирдик. Уларнинг сифати қандай деган савол турибди. Вилоят ҳокимлари ўз ҳудудингиздаги олий таълим муассасаси ҳаёти билан қизиқиб кўрганмисиз? Ёшларга қандай билим бериляпти, яшаш жойи қандай? Қайси тармоқ билан бирлаштириш мумкин таълим муассасасини? Ҳеч қайси вилоят, шаҳар ҳокимини бу савол қийнамаяпти.
Агар олийгоҳда билимли ректор бўлса, бу халқимизнинг бахти. Бу баландпарвоз гап эмас. Ректорнинг дунёқараши вилоят, шаҳар ҳокиминикидан баланд бўлиши керак. Мен ректорни энг катта ислоҳотчи, фидойи, деб биламан. Агар у ёшларни билимли қилиб тарбиялай олса, бизга бошқа ҳеч нарса керак эмас. Лекин ҳамма ректорлар шундайми? Сифат билан шуғулланмаган, «талаба учун мен нима бера оламан» деган саволга жавоби бўлмаган ректорнинг келажаги йўқ.
Олий таълим муассасалари сони 117 тани ташкил қиляпти. Қабул ўрни 66 мингдан 181 мингга, яъни 3 баравар ортган. Аммо бу ерда сифат йўқ. Профессор-ўқитувчиларнинг ойлиги 3,5 бараварга оширилди. Ўқишга ҳужжат топшираётганлар ҳам 2 баравар кўп. Бир нарсани аниқ тушуниш керак. Яқин-яқингача давлат олийгоҳлари монополия бўлган. Ва бундан фойдаланиб келган. Сўнгги йилларда соҳага рақобат кириб келди, хусусий ва хорижий олийгоҳлар кўпаймоқда ва бу вазиятни ўзгартиради, дея қайд этди давлат раҳбари.
Маълум қилинишича, бугунги кунда 815 та йўналишнинг 55 фоизи меҳнат бозори талабларига жавоб бермайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter