Шерзодхон Қудратхўжа: «Пулни аямаслигимиз керак»
Бугун, 26 фераль куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида Халқаро таълим форуми бўлиб ўтди. Унда республикамиздаги 50 та олий таълим муассасалари ректорлари, проректорлари, деканлари халқаро экспертлар, турли вазирликлардан вакиллар қатнашди.
Форумда олий ўқув юртларида аккердитация, лицензилаш ва кредит-модул тизимини жорий этиш бўйича университетлар ўртасида тажриба алмашинилди, халқаро экспертларнинг бу борадаги маърузалари тингланди.
— Кредит-модул тизими талабаларни ўз устида тинмай ишлашга мажбур қилади, — деди Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори в.б. Музаффар Жалолов форум очилиш маросимида. — Мана шу тизим университетимизни юртимиздаги халқаро университетлар ичида биринчи бўлиб миллий аккредитациядан ўтишига ёрдам берди, деб айта оламан. Кредит-модул тизими талабаларнинг келажакда бориб ишлашлари мумкин бўлган компаниялар талабларини ҳисобга олган ҳолда билим олишларни тақозо этади. Бир томондан уларга аниқ йўналишларда танлов фанларни олиш имконияти берилса, бошқа томондан уларнинг бўлажак иш берувчилари билан талабалик пайтларидаёқ алоқа ўрнатилишга алоҳида эътибор қаратилади. Шу нуқтаи назардан университет мамлакатимиздаги ва хориждаги етакчи компаниялар билан кенг ҳамкорликни йўлга қўйган. Шу форматдаги форумларни ҳар чоракда ўтказиб турилса, фойдадан холи бўлмасди.
— Янги очилган университетларда бу масалалар осон ечимини топади, деб ҳисоблашади, — деди форумда Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, Халқаро пресс-клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжа. — Бугун ректор эмас, журналист сифатида гапирсам. Ота-оналар хусусий боғча, мактабларда катта маблағлар ҳисобига болаларни ўқитишади. Университетлардаги контракт тўловларини эса қиммат, дейишади. Олий таълим муассасаларида профессор, академиклар дарс ўтишини ҳисобга олишмайди. Таълимдан пулни аямаслигимиз керак. Таълимга тикилган инвестициянинг аҳамиятини пул билан ўлчаб бўлмайди.
Форум доирасида халқаро университетлар ректорлари, ўқув ишлари бўйича проректорлар, деканлари, IT-бўлимлари раҳбарлари, мутахассислари иштирокида «Кредит-модул тизими» ва «Олий таълимни рақамлаштириш» мавзуиларида алоҳида-алоҳида давра суҳбатлари ташкил этилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter