Ўзбекистонда учинчи фан ва атом фестивали ўтказилмоқда
— Ким айтади «Тампер» нима?
— а) мусиқачи, б) Ядровий портловчи қобиқ, в)....
Икки гуруҳга бўлинган ўқувчилар жавобларни маслаҳатлашиш учун баҳсга киришади...
16-17 декабр кунлари «Москва муҳандислик-физика институти» Миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент филиалида ўтказилган учинчи «Фан ва атом» фестивали ана шундай интеллектуал ўйинлар билан таассуротларга бой бўлди.
Фестивал ташкилотчиси «Ўзатом» агентлиги ва «Росатом» давлат корпорацияси кўмагида Тошкент шаҳридаги атом технологиялари ахборот маркази (АТАМ) ҳисобланади.
Бундай фестиваллар дунёнинг ядро саноати ва ядро технологиялари ривожланаётган кўплаб мамлакатларида ўтказилади. Бангладеш, Ҳиндистон, Беларус, Арманистон, Миср, Ветнам, Индонезия шулар жумласидан.
2019 йилдан буён ўтказиб келинаётган фестивал иккита платформада: Москва муҳандислик-физика институти Миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент шаҳридаги филиали, шунингдек, онлайн – Ахборот марказининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ўтказилади.
Хўш, фестивални ўтказишдан мақсад нима?
— Мақсад ёшларга ядро фани ва технологиялари соҳасидаги сўнгги ютуқлар ва уларнинг ушбу соҳага қизиқишни оммалаштиришдан иборат, — деди фестивалнинг махсус меҳмони, таниқли россиялик ядро фанини оммалаштирувчи, ядро-физик, илмий блогер Дмитрий Горчаков. — Бундай фестиваллар орқали ёшлар илм-фан нафақат фойдали, балки илм-фан физика тили билан айтадиган бўлсак, модда эканлигига ишонч ҳосил қилишади. Бу учрашув илм-фан ва инновацияларни оммалаштириш, ёшларни замонавий технологиялар билан таништириш ва иштирокчиларнинг ядровий мавзудаги саволларига жавоб топишига катта ҳисса қўшади. Уларнинг барчасини ягона ғоя бирлаштиради – замонавий ядро технологиялари билан танишиш ҳамда иқтисодиёт ва барча фанни талаб қилувчи тармоқларни ривожлантиришда тинч атомнинг ўрни қай даражада эканлигини англашади.
– «Фан ва атом» фестивали Ўзбекистон ёшлари эътиборини тортганидан хурсандмиз. Мамлакатимизда атом энергетикаси, ядро технологияси ва илм-фанга жиддий қизиқиш билдираётган ёшлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Мактаб ўқувчилари ва талабалар таълим ва илм-фан замонавий технологиялар билан чамбарчас боғланган янги форматларга фаол жавоб беришмоқда, – дейди атом технологиялари ахборот маркази раҳбари Гулрухсор Равшанова. — Фестивалдан кўзланган мақсад технология ривожи туфайли бугунги кунда ёшлар учун очилаётган имкониятлар ҳақида сўзлаб бериш, талаба ва мактаб ўқувчиларида фан билан шуғулланишга қизиқиш уйғотишдан иборат. Фестивал иштирокчиларга ядро технологиялари инсон ҳаёти сифатини яхшилашга қандай ҳисса қўшиши, уларнинг турли соҳаларда – саноат, қишлоқ хўжалиги, тиббиётда қўлланилиши ва мамлакат тараққиётидаги ўрни ҳақида маълумот олиш имконини беради. Умид қиламизки, бундай тадбирлар яхши анъанага айланади.
Бу соҳа ҳақида талабаларнинг фикри қандай?
—Мен физика фанидан олимпиадаларга қатнашардим. Ва мактабни битирадиган йилим қатъий қарорга келдим. Физика нафақат формулаларни мактабда ёшларга ўргатувчи фан, балки қишлоқ хўжалиги дейсизми, ишлаб чиқариш дейсизми барчасига керак эканлигини англаб етдим,— дейди «Ядро физикаси ва технологияси» йўналиши талабаси Маҳбуба Шайхназарова. — Бу ерда битта дарсни қолдирсангиз имтиҳонни топширолмайсиз, яъни битта дарс қолдириш дегани формулада адашиш дегани. Формулада эса умуман адашиш мумкин эмас. Фестивалга келсак, ҳозирданоқ кўраяпман, бу ерга келган ўқувчиларнинг кўпчилигида шу соҳага иштиёқ уйғонгани уларнинг саволлари кўплигидан маълум.
Тадбирнинг икки кунлик дастури доирасида ўрта мактаб, лицей ўқувчилари ва меҳмонлар янги кампусга экскурсия қилдилар. Талабаларнинг маърузалари, мутахассисларнинг чиқишлари, мунозаралар ва илмий ўйинлар ёшларни янада фаоллашишга ундади. Фестивалнинг энг зукко ва зеҳнли иштирокчилари махсус совғалар билан тақдирланди.
Эслатиб ўтамиз, бу ерда 221 нафар талаба «Москва муҳандислик-физика институти» Миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент филиалида «Атом энергетикаси ва иссиқлик физикаси», «Иссиқлик энергияси ва иссиқлик физикаси», «Ядро физикаси ва технологиялари», «Электр энергетикаси ва электротехника» йўналишлари бўйича таҳсил олмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter