Айрим ОТМларда ўқишга қабул давом этмоқда
Ўзбекистонда олий таълим муассасалари сони сўнгги уч йил ичида 47 тага кўпайиб, бугунги кунда 125 та олий таълим муассасаси фаолият юритади.
Ўз йўналишида таянч олий ўқув юрти ҳисобланган барча етакчи университет ва институтларнинг республика бўйлаб филиаллари ташкил этилган. Филиаллар нафақат вилоят марказлари ва йирик шаҳарларда, балки чекка туманларда ҳам иш бошлаган.
Бу йил олий таълим муассасалари бакалавриатига кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклларида жами 162 364 нафар абитуриент талабаликка қабул қилинади. Натижада ёшларни олий таълим билан қамраб олиш 9 фоиздан 25 фоизгача кўтарилди.
Шундай бўлса-да, ёшларда олий маълумот олишга бўлган қизиқишнинг юқорилиги ва қабул квоталари ҳозирча уларнинг эҳтиёжини тўлиқ қоплай олмаётганини ҳисобга олиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан улар учун янги имкониятлар яратиб берилмоқда.
Жумладан, олий таълим муассасаларида МДҲ ва Европанинг қатор нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорликдаги double degree таълим дастурлари асосида ўқитиш қамрови кенгаймоқда. Биргина ўтган ўқув йилининг ўзида АҚШ, Германия, Франция Италия, Финляндия, Нидерландия, Туркия, Индонезия, Исроил ва бошқа 22 та давлатнинг 104 та етакчи университетлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида бакалавриатнинг 83 та таълим йўналиши ва магистратуранинг 64 та мутахассислиги бўйича қадарлар тайёрлаш йўлга қўйилди.
2020/2021 ўқув йилида ҳам хорижий ҳамкор университетлар ва қўшма таълим дастурлари давом эттирилиб, ҳозирда қатор ОТМларда қабул давом этмоқда. Жумладан, Андижон давлат университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Урганч давлат университети, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, Наманган давлат университети, Қўқон давлат педагогика институти, Наманган муҳандислик-қурилиш институти, Самарқанд ветеринария медицинаси институти, Жиззах политехника институти ҳамда Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида қўшма таълим дастурларига қабул давом этмоқда.
Бугунги кунда юртимизда АҚШ, Буюк Британия, Корея Республикаси, Россия, Ҳиндистон, Сингапур, Малайзия ва бошқа давлатлар билан ҳамкорликда 22 та хорижий олий таълим муассасаси ва филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистондаги хорижий олий таълим муассасаларида ахборот-коммуникация технологиялари, халқаро ҳуқуқ ва муносабатлар, бизнесни бошқариш, дастурлаш ва бошқа замонавий йўналишлари бўйича кадрлар тайёрланади.
Хорижий олий таълим муассасаларидан Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Астрахань давлат техника университетининг Тошкент вилоятидаги филиалида ҳамда TEAM университети, Фарғона шаҳрида Корея халқаро университети каби нодавлат олий таълим муассасаларида абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш давом этмоқда.
Шунингдек, юртимиздаги қатор олий таълим муассасалари ҳузурида тайёрлов курслари фаолияти йўлга қўйилиб, қулай шартлар ва қатор имтиёзлар асосида абитуриентларни ўқишга тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Мисол учун, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университети билан ҳамкорликда тайёрлов курслари ташкил этилган. Ўқув курсини муваффақиятли тамомлаган ва сертификатни қўлга киритган тингловчилар қўшма дастурга ўқишга тўғридан тўғри қабул қилинади.
Қолаверса, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб юртимизда янги профессионал таълим тизими ташкил этилиб, уларда таҳсил олувчиларга ҳам қатор имтиёзлар берилди. Мисол учун, техникумларда икки йиллик таҳсилдан сўнг фанларни ўзлаштиришда алоҳида муваффақиятларга эришган битирувчилар олий таълим муассасасида ўқиган касби бўйича суҳбат асосида ўқишга қабул қилинади. Ҳозирда юртимиздаги 201 та коллеж ва 185 та техникумга қабул жараёни давом этмоқда. Ҳужжатлар шу йилнинг 25 сентябрига қадар қабул қилинади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter