Ўқиш ва математика фанлари бўйича биринчи миллий баҳолаш хулосаси эълон қилинди. Хўш, натижалар қандай?
5 май куни Ўзбекистонда илк бор ўтказилган бошланғич синф ўқувчиларининг ўқиш ва математика фанларидан билимларини баҳолаш миллий дастури (EGRA ва EGMA) натижалари эълон қилинди. АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилган тадқиқот вазирликка кейинги таълим ислоҳотлари бўйича асосли қарорлар қабул қилишга кўмак беради.
АҚШ агентлиги EGRA ва EGMA дастурларини Ўзбекистонда етти тилга (ўзбек, рус, қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман) ва ўзбек тили иккинчи тил сифатида ўқитиладиган мактабларга мослаштириш учун Республика таълим маркази ва АКТни ривожлантириш маркази билан ҳамкорлик қилди. Мазкур дастурлар доирасида мамлакатнинг турли тилларда таълим берувчи 935 мактабдан 21 минг нафар ўқувчининг билими баҳоланди.
«Баҳолаш натижалари катта умид ва оптимизм бағишлайди. Бутун дунё бўйлаб мактаб тизимига салбий таъсир кўрсатган пандемия шароитига қарамай, Ўзбекистоннинг 3-синф ўқувчилари бошланғич ўқиш ва математика кўникмалари бўйича мустаҳкам пойдеворлари борлигини намойиш этишди. Уларнинг натижалари қўшни мамлакатлардаги тенгдошлари билан баробар ёки ундан ҳам яхшироқ бўлди», – деб хабар беради АҚШ элчихонаси матбуот хизмати.
Айни чоқдада, ўқувчилар ўқилган матн мазмунини тушуниш кўникмасини янада чуқурроқ эгаллашлари, математика тушунчалари ва юқори даражадаги математика кўникмаларини янги вазиятларга татбиқ қилишга кўпроқ эътибор қаратиш тавсия этилган. Маълумотлар вилоят ва тил гуруҳлари кесимида кўрсаткичлар орасидаги фарқни ҳам юзага чиқарди. Бу эса вазирликка Ўзбекистондаги барча ўқувчилар учун таълим сифатини оширишга қаратилган пухта қарорлар қабул қилишда ёрдам беради.
«Ушбу тадбир Халқ таълими вазирлиги учун катта натижадир. АҚШ ва Ўзбекистон юқори сифатли таълим тараққиётга далда берувчи куч ва камбағалликни қисқартириб, саломатлик, гендер тенглик, тинчлик ва барқарорликни яхшиловчи энг кучли восита эканлиги ҳақида муштарак қарашга эгалар. USAID ва Халқ таълими вазирлигининг сўнгги икки йилдаги саъй-ҳаракатлари ишончли маълумотларни тўплаш ва тарқатишга олиб келди», – дейди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм.
Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаевга кўра, EGRA ва EGMA каби халқаро миқёсда тан олинган баҳолашлар асосида чора-тадбирларни амалга ошириш замон талабидир.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда USAID ва Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон тарихида биринчи марта ўқувчиларни ўқиш ва математика фанларидан кўникмаларини кенг кўламли миллий баҳолаш дастурини амалга ошириш ҳақида келишувга эришганди.
Аввал хабар берганимиздек, 2019 йил 28 сентябрь куни икки давлат ўртасида таълим тараққиётига кўмаклашиш бўйича муҳим келишув имзолаганди. Мазкур ҳужжатга кўра, Қўшма Штатлар ҳукумати келгуси беш йил давомида мамлакатимиз таълим тизимини қўллаб-қувватлаш учун 50 миллион доллар маблағ ажратади. Халқаро баҳолаш тизимини жорий этиш лойиҳаси ана шу беш йиллик келишувнинг дастлабки босқичи саналади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter