Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Нобель мукофотини қўлга киритмоқчиман». Лондондаги Қироллик коллежи докторанти Малика Каримова билан суҳбат

«Нобель мукофотини қўлга киритмоқчиман». Лондондаги Қироллик коллежи докторанти Малика Каримова билан суҳбат

«Xabar.uz» хориждаги ватандошларимиз билан интервьюларни давом эттиради. Бугунги суҳбатдошимиз Малика Каримова тиббиёт йўналишида («Оғиз шиллиқ қавати микробиомининг пуфакли дерматозларда бўлган аҳамияти») Буюк Британиядаги Лондон Қироллик коллежи докторантурасида таҳсил олмоқда.

— Малика опа, тиббиёт соҳасига қандай кириб келгансиз?

Буюк испан рассоми Пабло Пикассонинг онаси ёшлигида шундай деган экан: «Аскар бўлсанг бир кун келиб генерал бўласан, роҳибликни танласанг Рим Папаси бўласан. Мен эса рассомлик касбини танлаб Пикассо деган номга сазовор бўлдим...».

Мен ҳам тиббиёт соҳасини танлашимга онамнинг кучли мотивацияси сабаб бўлган. Болалигимдан улар менга доктор бўлиб дунёга машҳур олима бўласан, деб кўп гапирадилар. Шунинг учун ҳеч қачон бошқа касбда ўзимни тасаввур қилмаганман. Ишонасизми, болалик давримда қўғирчоқлар ўрнига балиқлар, қурбақалар устида тажрибалар ўтказиш мен учун қизиқарлироқ эди.

Дастлаб, Тошкентдаги кимё ва биология йўналиши мавжуд гимназияда таълим олдим. Сўнг 2003-2010 йиллар Тошкент тиббиёт институтида ўқидим. Ўша йиллари кунларнинг бирида профессор Адҳам Шавкатович Ваисовнинг маърузасидан кейин тери касалликлар йўналишини танлашимни тушуниб етдим.

Ҳозирги кунда, аниқроғи икки йилдан буён Буюк Британиянинг Лондон Қироллик коллежида «Оғиз шиллиқ қавати микробиомининг пуфакли дерматозларда бўлган аҳамияти» йўналиши бўйича таълим оляпман.

— Илмий ишингиз долзарблиги қай даражада ва мавжуд қандай муаммо ечимига қаратилган?

— Илмий ишим терининг аутоиммун пуфакли касалликлар сабабини чуқур ўрганиш ва таҳлил қилишдан иборат. Очиғи, Ўзбекистонда бу касаллик билан оғриятганлар сони тобора ўсиб бормоқда. Аммо бу касаллик кам ўрганилган. Шу боисдан мен ушбу йўналишни танлашга қарор қилдим. Илмий раҳбарим, профессор Жейн Сеттерфилд дунёда шу касалликлар бўйича энг илғор мутахассислардан бири.

Қолаверса, илмий ишимга тажрибали доктор Дэвид Мойес ҳам ўзининг қимматли тавсиялари билан ёрдам бериб келмоқда.

— Ўзингиз илмий изланиш олиб бораётган коллеж ҳақида кўпроқ маълумот берсангиз?

— Лондон Қироллик коллежи 1836 йилда ташкил қилинган. Англиядаги энг катта, энг қадимий ва нуфузли олийгоҳлардан бири. Коллеж Оксфорд ва Кембриж университетлари билан бир қаторда «Олтин учбурчак» деб номланган.

Шу билан бирга Буюк Британия университетларининг элита уюшмасига киритилган. Таълимда ҳам, тақдиқотда ҳам катта имконият ва ютуқларга эга. Эътиборлиси, Қироллик коллежи халқаро университетлар рейтингида 25-ўринни эгаллайди ва индивидуал фанлар бўйича дунёдаги энг кучли ўнталикка кирган.

Қолаверса, мен илмий иш олиб бораётган факультет шу йили дунё рейтинги бўйича биринчи ўринни эгалади.

— Тиббиёт соҳасидаги тадқиқотчи сифатида коронавирус бўйича фикрларингиз қандай?

— Бугунги кунда бутун дунё олимлари COVID-19 вирусини чуқур таҳлил қилишга ва имкон қадар эртароқ вирусга қарши вакцина ишлаб чиқишга ҳаракат қилишмоқда.

Хусусан, мен илмий изланиш олиб бораётган Лондон Қироллик коллежи ҳам коронавирусни ўрганишда фаол ишлар олиб боряпти. Ўтган вақт ичида жуда кўп илмий тадқиқотлар қилинди, чунки Европа мамлакатлари орасида Буюк Британия коронавирусдан энг кўп азият чеккан давлатлардан бири бўлиб қолмоқда.

Гарчи коронавирус нафас олишнинг жиддий патологиясини келтириб чиқариши билан машҳур бўлса-да, ҳозирги кунда у бошқа тизимларга ҳам таъсир қилиши ва ўзга кўринишга олиб келиши ўрганилмоқда. Бундай ҳолатларга юрак дисфункцияси ва аритмиялар, ўткир буйрак шикастланиши, ошқозон-ичак сиптомлари, неврологик касалликлар ва тери томондан ҳам кўп асоратлар кўрилмоқда. Тери мутахассиси сифатида мен ана шу асоратларни ўрганиб келмоқдаман.

Фурсатдан фойдаланиб барча юртдошларимизга гигеник қоидаларга қатъий амал қилишларини сўраб қоламан. Боиси коронавирус ҳали тўлиқ тадқиқ қилингани йўқ. Унинг келгусида қандай асоратлар пайдо қилишини яхши билмаймиз. Кундан-кунга янгидан-янги хулосалар эълон қилинмоқда. Шундай экан, ўзимиз ва яқинларимиз соғлиғига жавобгар бўлиб, эҳтиёт чоралари билан яшашни ўрганишимиз керак.

— Бўш вақтларингизда нималар билан шуғулланасиз?

— Дадам тарих фанлари профессори бўлгани учун, тиббиётдан ташқари тарих ва санъатга жуда қизиқаман. Бўш вақтимда музейларни кезишни, машҳур рассомларни ўрганишни, опера ва балет томошаларига боришни ёқтираман. Кортлар очиқ бўлган пайти кўпроқ теннис ўйнашга ҳаракат қилардим. Бироқ, ҳозирги коронавирус пайтида бадиий адабиётлар ўқияпман. Мен охирги ўқиган, ёқтирган асар — Вольтернинг «Кандид» фалсафий романи бўлди.

Асар қаҳрамонлари бахт қидириб дунёни кезади. Ҳикоянинг охирида эса, қаҳрамонлар Константинополда маҳаллий дарвешдан ҳақиқий бахт нима эканлигини билишади. Маҳаллий дарвешга кўра, бахтнинг рецепти жуда оддий — инсон атрофдаги ҳаётнинг ташвишларини унутиб танлаган касбига ўзини бағишлашдир. Мазкур асарни албатта ўқиб чиқишни тавсия қиламан.

— Келгусидаги режаларингиз?

Нобель мукофотини қўлга киритиш.

Нурилло Тўхтасинов
суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг