Навоий вилояти ХТБ мансабдорларига нисбатан «иш» очилди
Навоий вилояти халқ таълими бошқармаси мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Навоий вилояти ҳокимлиги томонидан тегишли фармойиш асосида вилоят халқ таълими бошқармасига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қиймати 2,6 миллиард сўмлик жами 822 дона компьютер жамланмалари сотиб олинган. Лекин шартномада ушбу компьютерларнинг процессорларига ўрнатилган тезкор хотираси сиғими «ДДR4» деб кўрсатилган бўлса-да, таъминотчи ташкилотлар «ДДR3» сиғимли тезкор хотира ўрнатилган компьютер жамланмаларини етказиб берган. Бунинг оқибатида комиссия томонидан компьютерлар техник параметрлари шартнома шартларига мувофиқ деб фойдаланишга қабул қилинган.
Агентлик ходимлари томонидан ҳолат ҳудудга чиқиб ўрганилди. Аниқланишича, Вазирлар Маҳкамасининг «Ёшларни «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида ўқитиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 716-сонли қарорига асосан Навоий вилоятидаги 78 та мактабга 7,6 миллиард сўмга компьютер қурилмаси сотиб олиш кўзда тутилган ва уларга аниқ техник талаблар қўйилган.
Тўпланган ҳужжатларга кўра, халқ таълими бошқармасига «C.C» МЧЖ ва «М.Б» МЧЖларидан қиймати 2,6 миллиард сўмлик 822 дона компьютер жамланмаси сотиб олинган. Шундан, 1,1 миллиард сўмлик компьютерлар тендер савдолари орқали ҳамда 1,4 миллиард сўмлик компьютерлар комиссия тартибида энг яхши таклиф сифатида баҳоланиб, юқоридаги МЧЖлардан харид қилинган.
Ушбу компьютер жамланмалари техник параметрларининг шартнома шартларига мувофиқлигини ҳамда уларнинг ҳақиқий баҳосини экспертиза тайинлаш орқали аниқлаш ва масъул шахсларнинг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо бериш мақсадида терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказиш зарурати юзага келгани сабабли мурожаатдаги масалалар юзасидан тўпланган ҳужжатлар уларга қонуний баҳо бериш учун Бош прокуратурасига юборилган.
Компьютер жамланмалари бўйича ўтказилган экспертиза хулосасига кўра, Навоий вилояти халқ таълими бошқармаси мансабдор шахслари томонидан харид қилинган 822 дона компьютер жамланмалари жами 585,2 миллион сўмга қиммат нархда харид қилиниб, бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилингани аниқланган.
Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК департаменти Навоий вилояти бошқармаси томонидан вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамда «C.C» МЧЖ ва «М.Б» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter