Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нима сабабдан бу концепцияга «тенги йўқ» деб таъриф бериляпти?

Нима сабабдан бу концепцияга «тенги йўқ» деб таъриф бериляпти?

2019 йил 8 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ПФ-4312 «Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонини имзолагани ҳақида хабар бергандик.

Ушбу концепцияни 2019 йилда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди. Концепция ўрта ва узоқ муддатли истиқбол учун мактабгача таълим тизимини ривожлантириш мақсадлари, вазифалари, устуворликлари ва босқичларини белгилаб берди.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси мактабгача таълим соҳасини ривожлантиришга йўналтирилган дастурлар ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун асос бўлади. Ҳужжат малакали педагогик кадрларининг етишмовчилиги, давлат МТМларининг тўлиб кетганлиги, моддий-техник ҳолатининг номувофиқлиги, ҳамда давлат МТМларининг ўқув-методик материаллари билан паст даражада таъминланганлиги муаммоларининг ҳал этилишини назарда тутади.

«Қабул қилинган мактабгача таълим тизимини ривожлантириш концепсияси тенги йўқ ҳисобланади: биринчидан, мазкур ҳужжатда эришилган натижаларнинг ўлчанишини таъминлайдиган аниқ, мақсадли кўрсаткичлар белгиланган. Хусусан, 2030 йилгача мактабгача таълим билан қамраб олинган болалар миқдорини жорий 38,1 фоиздан 80,8 фоизгача орттириш вазифаси қўйилган. Шу билан бирга, МТВ томонидан таълим муассасалари қувватларининг кучайтирилиши давом эттирилади: 2021 йилга келиб ўринлар миқдори янги МТМларни очиш ҳисобига 56,8% га (2030 йилга келиб – 132,3 фоизга) ортади, ҳамда давлат-хусусий шериклиги ва республиканинг чекка туманлари учун актуал бўлган муқобил мактабгача таълим шакллари ривожлантирилади. Кейинги йилларда педагогик ва бошқарув кадрларига алоҳида эътибор қаратилади. Ишлар икки йўналишда олиб борилади: педагоглар миқдорини орттириш ва мактабгача таълим тизими ходимларини тайёрлашда, қайта тайёрлашда, малакасини оширишда ва ривожлантиришда янги ёндашувларни татбиқ этиш. Концепция билан белгиланган мақсадли кўрсаткичлар республика миқёсидан вилоят, туман ва шаҳар даражасигача тушади, ҳамда ушбу натижаларга эришиш учун қай миқдорда пул маблағларининг зарурлиги тўғрисидаги ҳисоб-китоблар билан асосланади», – деб таъкидлаб ўтди Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш ва стратегик ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Елена Тен.

Қабул қилинган Концепцияга кўра мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантиришнинг устувор йўналишлари қуйидагилардир:

  • мактабгача таълим соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш (Мактабгача таълимнинг давлат стандартини ишлаб чиқиш, МТМ тарбияланувчиларини моддий ресурслар, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари билан таъминлаш нормативларини тасдиқлаш, муқобил мактабгача таълим шаклларини амалга ошириш тартибини ишлаб чиқиш);
  •  мактабгача ёшдаги болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун шарт-шароит яратиш («Биринчи қадам» давлат дастурини ва инклюзив таълимни кенг миқёсда татбиқ этиш, ўқув материалларини ишлаб чиқиш, мактабгача ва бошланғич таълимнинг боғлиқлилигини таъминлаш);
  • қамровни орттириш, болаларнинг сифатли мактабгача таълим олишлари учун тенг ҳуқуқликни таъминлаш, давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш (янги МТМларни қуриш ва эскиларини реконструкция қилиш, бепул бир йиллик мактабга тайёгарликни кенг миқёсда татбиқ этиш, муқобил мактабгача таълим шаклларини ривожлантириш, республикадаги барча МТМларни коммунал хизматлар билан босқичма-босқич таъминлаш);
  • инновацияларни, илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларни татбиқ этиш (ахборот маълумотлар базасини ва мультимедиа маҳсулотларини ишлаб чиқиш, уй таълими ва ота-оналарнинг маълумот олиши учун рақамли таълим ресурсларини татбиқ этиш, республиканинг барча МТМларини компьютерлар билан таъминланишини ва Интернет тармоғига уланишини босқичма-босқич амалга ошириш);
  • мактабгача таълимни бошқариш тизимини такомиллаштириш, молиялаштиришнинг шаффофлигини ва самарадорлигини таъминлаш (самарали мониторинг механизмларни яратиш, манфаатдор шахсларга маълумотларни тақдим этиш, муомалалар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, чет эл инвестицияларини ва грантларини жалб қилиш, меъёрий киши бошига молиялаштиришни бирин-кетин татбиқ этиш);
  • кадрларни танлашда ва ривожлантиришда янги ёндашувларни татбиқ этиш (халқаро таълим стандартларини татбиқ этиш, чет эл экспертларини жалб қилиш ва чет элга тажриба орттириш сафарларини ташкил этиш, ходимлар фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш, кадрларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастурларини ишлаб чиқиш);
  • МТМларда болаларнинг соғлом ва мувозанатли овқатланишини, сифатли тиббий парвариш билан таъминлаш (МТМларни маҳсулотлар билан таъминланишининг марказлаштирилган мониторинг тизимини яратиш, аутсорсинг шартлари асосида махсуслаштирилган корхоналарни жалб қилиш, алоҳида эҳтиёжлари бўлган болаларга комплекс ёрдамни такомиллаштириш).

Концепция босқичма-босқич амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ҳар йили 1 декабрга қадар ўтаётган йилнинг натижаларини ўрганиб чиқиш асосида кейинги йил учун «Йўл харитаси» ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг