Китоб ўқимаган бола – қанотсиз қушга ўхшайди

Таълим ва илм-фанда, маънавият ва юксалиш тушунчаси бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Инновацион ғоялар, янги ташаббуслар, ўзгача кўтаринкилик ва шиддат билан ривожланаётган мамлакатимизда шу кунларда «Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш» маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари фаол ўтказилмоқда.
Бундай тадбирларда, айниқса адабиёт аҳли – таниқли ёзувчилар, адиблар ва истеъдодли санъаткорларимизнинг бевосита қатнашиши, ўз фикр-мулоҳазалари билан самимий ўртоқлашиши, камтарин улушлари билан мактаб ва маҳаллаларга кириб бориши аҳолининг кенг қатламларига илҳом ва унутилмас таассурот бағишламоқда.
Бугун, 16 ноябрь куни Тошкент вилояти Пискент тумани 8-умумтаълим мактабида ҳам ана шундай тарғибот тадбирлари доирасида Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, журналист Л. Раҳматов ҳам видео-конференц алоқа шаклида мулоқот ташкил этилди.
– Аслида бу каби кенг қамровли тадбирлар ура-урачилик ёки юзаки тарзда ўтказиш мақсадида қилинаётгани йўқ. Ҳар бир камол топаётган ёшнинг қалбига чуқур кириб бориш, уларга ўрнак ва ибрат бўлиш, юртда кечаётган ижобий ўзгаришлар ва жадал тараққиёт ифодасини тўғри ва аниқ, содда тилда тушунтириб беришга қаратилгандир, – дейди Л.Раҳматов. – Шу даргоҳда 1985-1996 йилларда таълим олган истеъдодли қаламкаш, бир неча кино-сценарий ва шеърий тўпламлар муаллифи Тоҳир Шомуродов эди. У гарчи орамиздан ёш кетган бўлса-да, ортидан маънавий мулки, айтар сўзи ва тарбияли фарзандлари қолди. Унинг барча ижод маҳсулини Ёзувчилар уюшмаси Раҳбарияти билан келишган ҳолда келгуси йили тугал асар шаклида чиқаришга келишиб олганмиз.
Муаллиф ижод машаққатлари, сўнгги йилларда ижодкорлар учун яратилаётган муносиб шарт-шароитлар, китобхонлик маданияти ва уни кенг тарғиб этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида сўзлаб берди. Шундан ўз асарлари билан бирга, «Янги китоб» нашриётида чоп этилган элликка яқин турли номдаги асарларни мактаб кутубхонасига тақдим этди.
– Китоб ўқимаган бола – қанотсиз қушга ўхшайди. Боланинг меҳр-оқибат, ор-номус, ибо-ҳаё ва андиша каби олижаноб фазилатларни ўзида мужассам этган ҳолда улғайишида, мустақил ва эркин фикр юритишида бадиий асарларнинг ўрнини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди, – дейди Маҳмуда Абдураҳимова. – Афсуски, глобаллашув даврида бу дунёда инсон руҳиятни емирадиган, тўғри йўлдан адаштиришга бўлган ҳаракатлар жуда кўп. Шунинг учун ҳам ҳар бир инсоннинг, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг ички оламида ўз адабиёти, юксак маънавий қадриятлари, миллий ғурури яшаши керак. Гап бугун берилган асарларнинг оз ёки кўплигида ҳам эмас, балки мамлакатимизда яхши бир маънавий тўлқин тарқалаётганида, таълим тизимининг зиёлилар билан ҳамжиҳат ишлаётганидадир. Мактабимизда таҳсил олган, тақдир тақозоси сабабли эрта оламдан ўтган, ўзидан яхши ном қолдирган ижодкор Тоҳир Шомуродов ҳақидаги ибратли хотираларни биз педагоглар ҳам таъсирланиб тингладик.
– Китобларни болалигимдан жуда яхши кўраман. Айниқса, Ватанимиз ҳақида тарихий маълумотлар берилганлари бўлса. Мен «Бобурнома» асарининг лотин алифбосида чиққан вариантини анчадан қидириб юрган эдим. Кутубхонамизга келтирилган бу асарни кўрдиму, дарров биринчи бўлиб олдим. Бу ерда янги китоблар яна кўпроқ бўлса, биз мириқиб ўқиймиз, – дейди 8-«Б» синф ўқувчиси Лобар Абдуллажонова.
– Китоб жавонида кўпайган назм ва насрга оид бадиий адабиётлар ва турли фанлар бўйича тўпламлар мени жуда қувотирди. Имло луғатлари, грамматикага оид қўлланмалар, илмий-оммабоп асарлар ўқувчиларимиз учун сув ва ҳаводай зарур, – дейди кутубхонамиз мудираси Марҳабо Абдураҳимова. – Очиғи, янги китоблар биз учун доимо кутилган меҳмон. Шу боис, муаллифнинг Конституция қабул қилинган кун арафасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси номидан яна элликка яқин янги асарларни тақдим этиш ваъдаси яна ҳам мамнун этди.
Дилдора Шомуротова, География фани ўқитувчиси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter