Германиялик профессор андижонлик талабаларга масофадан дарс ўтмоқда
Андижон давлат университети профессори Р.Алиев ташаббуси билан Берлин техника университети профессори Франк Беҳрендт томонидан Қайта тикланувчи энергия манбалари ва барқарор атроф муҳит магистратура мутахассислиги талабалари учун «Қайта тикланувчи энергия манбалари» фанидан вебинар дарслар олиб бориш бўйича келишувга эришилди.
Бир неча кун аввал вебинар дарснинг биринчи маърузаси бўлиб ўтди. Унда «Жаҳонда энергия ресурслари билан таъминланиш ҳолати ва қайта тикланувчи энергия манбаларининг ривожланиши» мавзусида маъруза тингланди.
Маърузада бутун дунёда энергия билан таъминлаш, яқин келажакда энергияга бўлган эҳтиёжнинг ошиб бориши, тикланмас энергия манбаларининг тугаб бораётгани, 140 та мамлакатда ўтказилган тадқиқот натижалари, 2050 йилга қадар ушбу жараённинг прогнозлари таҳлил қилинди. Шунингдек, хорижлик профессор дарс мобайнида бугун кун тартибига чиқаётган экологик муаммолар, бутун жаҳон жамоатчилиги ва олимлар томонидан атмосферани ифлослантириш даражасини камайтиришга қаратилган тадқиқотлар ва декорбанизация жараёнини оммалаштириш, энергияни нефт, газ, кўмирни ёқиш орқали олинувчи турларини камайтириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш орқали экологик вазиятни яхшилаш ва шу билан бирга ҳозирги техникавий тараққиётни янада ривожлантириш мумкин эканлигини графиклар, диаграммалар, олимларнинг башоратлари орқали тушунтириб берди. Талабалар мавзу юзасидан ўз фикрлари, саволлари билан мурожаат қилдилар, қизғин муҳокамалар ўтказдилар.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, АДУдаги Қайта тикланувчи энергия манбалари илмий лабораторияси 2019 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда 11 нафар тадқиқодчи профессор Раимжон Алиев раҳбарлигида 3 та йўналишда илмий тадқиқот олиб бормоқдалар. Лабораторияда олинган тадқиқот натижалари асосида ҳозирда 6 та илмий ишланма ва қурилмаларга патент олиш учун ариза берилган ва жорий йилда ишлаб чиқаришга жорий этилиши режалаштирилган. Аҳамиятлиси, ERASMUS+ дастурининг RENES лойиҳаси доирасида 40 минг евро ҳамда Жаҳон банкининг Академик инновациялар фонди лойиҳаси бўйича 140 минг АҚШ доллари миқдоридаги ютиб олинган гранд маблағлари ҳисобидан лаборатория энг сўнгги жиҳозлар билан таъминланган бўлиб, мамлакатимиз олий таълим муассасалари ичида шу турдаги ягона лаборатория ҳиобланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter