Германия: совға олган ўқитувчини ишдан бўшатишлари мумкин
Германияда ҳам таътилдан сўнг мактабнинг очилиши катта воқеа — ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ўқитувчиларга миннатдорлик рамзи сифатида гуллар ва бошқа совғаларни тақдим этишади. Гулни мамнуният билан қабул қилган немис ўқитувчилари совғани олишда иккиланиб қолишади, биласизми нега?
Чунки шу совғани деб ишдан айрилиб қолиш ҳеч гап эмас.
Унутилмас кун...
«Deutsche Welle» ёзишича, Берлинда 2011 йили содир бўлган воқеани ҳануз эслаб юришади. Фридирихсхайн туманидаги мактабларнинг бирида ўнинчи синф ўқувчилари устозларига эсдалик учун ҳайкалча (190 евро) ва гул (20 евро) совға қилишади. Ҳар бир оиладан 15 евродан йиғишади. Оқибати нима бўлди: совғани қабул қилган ўқитувчи нақ 4000 евро жаримага тушди. Албатта, устоз бу кунни умрбод унутмайди...
Гап шундаки, Германияда бюджетдан маош олувчи барча касб эгалари, жумладан, ўқитувчилар, қиймати 10 евродан юқори бўлган совғаларни олишлари тақиқланган.
Совғанинг чегараси
Тўғри, таълим соҳаси федерал ерлар назоратида бўлгани учун баъзи истиснолар ҳам йўқ эмас. Берлинда, масалан, ўқувчилар биргалашиб 30 евродан қиммат совға олишлари мумкин, бироқ бу ҳақда аввал мактаб раҳбариятига билдириб қўйишлари лозим. 50 евродан қиммат совға ҳақида ўйламаса ҳам бўлади ёки шаҳар халқ таълими бўлимидан рухсат олиш керак.
Шимолий Рейн-Вестфалияда мактаб кутубхонаси учун китоб қабул қилиш, ўқувчиларнинг ўзлари ясаган нарсалар, канцелярия моллари, гуллар, конфетларни қабул қилишга рухсат бор. Бериш тақиқланган нарсалар рўйхатига эса совғалар сертификатлари, авивачипталар, турли имтиёзлар ва фоизсиз заёмлар, таътилга таклифномалар, автомобилдан фойдаланиш имконияти кабилар киритилган. Ҳатто севимли футбол жамоаси трикоси, кабинет учун расм ҳам ўқитувчига фақат бошоғриқ бўлади.
Умумий қоидалардан ташқари, мактабларнинг ҳам ўз чекловлари бўлади. Айрим гимназияларда муаллимга 25 еврогача қийматга эга совға бериш мумкин. Аммо, ҳар қандай ҳолатда ҳам, берилаётган совға ўринли, бошқа ота-оналарнинг ва мактаб раҳбариятининг ғашига тегмайдиган бўлиши лозим.
Мактабдан ташқари вақтда ўқитувчиларга берилган ортиқча эътибор ҳам оқланмайди: экскурсиядан сўнг уйгача ёки яқинроқ бекатгача ўқитувчини автомобилда олиб бориб қўйиш нормал ҳолат, бироқ биргаликда ресторанга ташрифнинг оқибати яхшилик билан тугамаслиги мумкин.
Директор ҳал қилади
Кўпинча синф раҳбарларини ота-оналар йиғилишидан сўнг норасмий учрашувларга таклиф этишади. Экспертлар бундай таклифларга кўнмасликка чақирашади, ахир бар ва кафеларда ўтириб ота-оналар ўқитувчиларнинг дарс бериш сифатини, болаларнинг ўзлаштиришини, мактабдаги, таълим тизимидаги камчиликларни муҳокама қилишади. «Қовун тушириб қўймаслик» учун ҳам ўқитувчига бундай тадбирлардан узоқроқ юриш тавсия этилади. Агарда ким-да-ким мактабга каттароқ ёрдам пули ажратишни истаса директордан сўраши керак — хайрия керакми-йўқми?
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter