ДТМ биноси олдида норози абитуриентлар тўпланганди. Ҳолат бўйича расмий баёнот берилди
Жорий йил 5 октябрь куни Давлат тест маркази биноси олдида абитуриентлар тўплангани ҳақида хабарлар берилган эди. ДТМ мазкур ҳолат юзасидан баёнот берди.
Жамоатчиликка тақдим қилинган ушбу хабарларда асосан ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга абитуриентларнинг мазкур имтиёзи танлов жараёнига қўлланилмаганлик масаласи кўтарилган.
Маълумки, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган абитуриентлар учун алоҳида қабул кўрсаткичлари ажратилади ва улар ушбу кўрсаткичлар доирасида танловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 468-сон қарорининг 2-иловасига мувофиқ олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзга эга бўлган абитуриентлар тоифаси ҳамда уларнинг реестрини шакллантириш учун масъул бўлган ваколатли органлар тасдиқланган.
Унда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган фуқароларга имтиёзларни бериш учун масъул ваколатли органлар ҳам белгиланган.
Мазкур тавсияномага эга абитуриентлар рўйхатдан ўтишда ўзларига тегишли тавсиянома маълумотларини дастурга киритадилар ва рўйхатга олиш якунлангандан сўнг, уларнинг маълумотлари масъул ваколатли органга юборилади ҳамда маълумотларнинг тўғрилиги текширилиб, тасдиқланади.
Бунда, абитуриентнинг паспорт маълумотлари (шахсий идентификатсия рақами, паспорт церийаси ва рақами, фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси) ва тавсиянома билан боғлиқ бошқа маълумотлар юборилади. Масъул ваколатли органлар томонидан маълумотлар тўғрилиги фақат тавсиянома рақами билан эмас, абитуриентнинг паспорт маълумотлари асосида текширилади.
Имтиёзга эга абитуриентлар маълумотлари олдинги йилларда худди шундай тартибда текширилган.
Жорий йилда ҳам ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга абитуриентлар рўйхати шу тавсияномаларни берган вазирлик ва идораларга юборилган. Тақдим этилган рўйхат улар томонидан текширилиб, тасдиқланган ҳолда Давлат тест марказига қайтарилган. Абитуриентларга ҳарбий имтиёзни қўллаш ёки қўлламаслик ана шу тасдиқланган рўйхат асосида амалга оширилган.
5 октябрь куни мурожаат қилган абитуриентлар гуруҳига масала моҳияти бўйича Давлат тест маркази мутахассислари ва Мудофаа вазирлигининг мутасадди вакиллари томонидан батафсил тушунтириш ишлари олиб борилди.
Ҳозирда ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга абитуриентлар рўйхати тегишли вазирлик ва идоралар томонидан қайта кўриб чиқилмоқда.
Ҳолат бўйича қўшимча маълумотлар берилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter