Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бўлажак судьялар учун янги ўқув йили бошланди

Бўлажак судьялар учун янги ўқув йили бошланди

Бугун Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида 2020-2021 ўқув йили учун магистратура таълим дастури бўйича ўқув курси бошланди.

Ўқув курслари гурра аудиторияга кириб, шартта бошлаворилгани йўқ. Аввалига «расм-русуми» қилинди, яъниким, махсус тадбир уюштирилиб, тингловчиларга Судьялар олий мактаби қандай даргоҳ экани, бу даргоҳда яратилган шарт-шароитлар, шунга яраша қўйиладиган талаблар хусусида қисқа-лўнда гаплар айтилди. Хусусан, Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров таъкид этдики, Судьялар олий мактаби Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, қисқаси, бугунги кун талабларига жавоб бера оладиган, профессионал ва етук судьялар корпусини шакллантиришга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилди.

Мамлакатимиз тарихида илк бор ташкил этилган мазкур давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси олдига бир қатор муҳим вазифалар юклатилган.

Ўтган йили Судьялар олий мактабининг магистратура босқичини 60 нафар тингловчи муваффақиятли тамомлаган бўлса, бу йил 75 нафар тингловчи шу босқичга қабул қилинди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, 2019-2020 ўқув йилида магистратура таълим босқичини муваффақиятли тамомлаган Олий мактабнинг 20 га яқин илк қалдирғочлари айни пайтда судьялик лавозимларига тайинланиб, катта шараф, аммо ўта масъулиятли касбда фаолият юритишмоқда.

Судьялар олий мактабида судьялик лавозимларига номзодларда назарий билимлар, касбий этика, психология, ишчанлик мулоқоти ва вақтни бошқариш кўникмалари, музокаралар олиб бориш тактикаси, ахборот билан ишлаш технологияси, ҳуқуқ нормаларига шарҳ бериш ва уларни қўллашни ривожлантириш каби муҳим йўналишлар бўйича таълим йўлга қўйилган.

Бундан ташқари, тингловчиларнинг суд идораларида стажировка ўташини ҳар томонлама самарали ташкил этиш юзасидан янгича ёндашув асосида махсус дастур ишлаб чиқилган. Шунингдек, Алишер Навоий номидаги Давлат кутубхонаси ва қатор хорижий мамлакатларнинг судьялар тайёрлаш бўйича таълим муассасалари билан электрон алоқа ўрнатиш имконияти яратилган.

Олий мактаб магистратураси, судьялар ва суд ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларининг ўқув режалари ва дастурлари, малакавий талаблар асосида ишлаб чиқилгани алоҳида эътиборга лойиқ. Бу таълим даргоҳида ўқитишнинг замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида ташкил этиш, интерфоал ўқитиш услубларини таълим жараёнига кенг жорий этиш мақсадида ўндан ортиқ халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар таълим муассасаларининг ваколатхоналари билан илмий-амалий, ўқув-услубий, ахборот алмашинув, моддий-техник соҳаларда хамкорлик йўлга қўйилган. Жумладан, Россия, Қозоғистон, Канада, АҚШ, Корея Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Япония ва бошқа давлатларнинг судьялар тайёрлашга ихтисослаштирилган муассасалари билан фаол ҳамкорлиқ қилиб келинмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг