Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентга сургун қилинган шоир

Тошкентга сургун қилинган шоир

Камина билган, яқиндан таниган улуғ ёзувчилар, шоирлар, ижод аҳиллари қаторида Мақсуд Шайхзоданинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Ойбек домла, Миртемир сингари адибларимизни қанчалик яқиндан таниган бўлсам, Шайх аканинг руҳиятидаги ўзига хосликлар ҳам мен учун бегона эмас. Албатта, бу авлиёсифат зотлар қаторига Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат ва Усмон Носирларни ҳам киритишимиз мумкин. Афсуски, жадид адабиётининг улкан сиймолари билан бақамти бўлиш биз тенги авлод вакилларига насиб этмади.

Мақсуд Шайхзодага бўлган юксак ҳурмат, эҳтиромимининг боиси шундаки, у йирик кўламдаги ижодий меҳнатларининг эвазига ҳеч қандай эътироф, тақдирланиш, роҳат-фароғат кўрмасдан дунёдан ўтиб кетди.

Бўлғуси шоир 1908 йили Озарбойжоннинг Оқтош шаҳрида дунёга келган. Бу ер Бокудан бироз узоқроқда, Тбилисига яқинроқда жойлашган. Аслини олганда Шайхзоданинг ота-онаси оқтошлик эмас. Улар Озарбойжоннинг бошқа жойида вояга етиб, Тбилисига бориб ўқишган. Шайхзода ота-онасининг талабалик даврларида туғилган. Шахсини тасдиқловчи ҳужжатини эса Оқтошда олгани боис, ўзини шу ерда дунёга келган, деб билади.

У бошланғич мактабни тамомлаганидан сўнг Бокуга бориб, дорулмуаллинда ўқийди. Шайхзода бу ердаги таҳсилни ҳам ниҳоясига етказгач, ўзи хоҳлагани туфайлими ёки бошқа сабаблими Доғистоннинг Дарбанд шаҳрига юборилади. Ўша пайтлари Доғистон Озарбойжон таркибига киритилган эди. Шайхзода бу ердаги озор тилида гаплашувчи аҳоли вакилларининг фарзандлари таҳсил оладиган ўрта мактабда дарс беради. Сўнг орадан бир йил ўтиб, ота-онасини кўргали келади. Бу ерда маълум муддат тургач, яна Бокуга қайтади. Маориф комиссарлигига учрашиб, Дарбандга эмас, Бўйноқ шаҳрига юборишларини сўраб мурожаат қилади. Унинг талабини ўрганиб чиққан мутасаддилар розилик билдиради. Шундай қилиб, у ўша ердаги техникумга ишга киради.

Бу йиллар мобайнида рус, туркий ва бошқа тилларни мукаммал ўзлаштиради. Гап шундаки, ўша пайтлари Доғистон энди шўролаша бошлаганди. Албатта, бундай пайтда фикран тараққий этган, зиёли кишилар бу жараёнга панжа ортидан қараб туролмаслиги табиий.

Ана шулардан бири Манназар Файзий эди. Ижоди энди гуркирай бошлаган, тафаккур олами янги ғоялар билан тўлиб-тошган Шайхзода бу дунё кўрган маърифатпарвар сиймо билан доимий мулоқотларни йўлга қўяди. Ана шу учрашувларнинг маҳсули ўлароқ, Шайхзодада мавжуд тузум билан муроса қилмайдиган фикрлар уйғонади. У ҳам бўлса, Доғистон ва Озарбойжон бошқа ўлкалар қатори яқин ўн йил ичида миллий хусусиятини йўқотиб қўяди, деган ташвиши эди. Ана шундай юрт қайғуси билан боғлиқ жараёнда ўзаро йиғинлар, тадбирлар ўтказилган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Таъкидлаш жоизки, ўша пайтлари бундай ҳодисалар аксилшўровий хатти-ҳаракат сифатида баҳоланар, бундай кайфиятдаги кишиларни таъқиб ва қийноқлар кутарди. Шайхзодани дастлаб ГПУ тасарруфидаги қурилишларнинг бирига юборишади. Лекин шу ҳақиқат аёнки, у собиқ шўро давлатининг олдида тайинли жиноят содир қилмаганди. Уни айбли деб топадиган далиллар йўқ эди. Фақатгина маълум бир гапларни айтган бўлиши мумкин. Шу боис зийрак фикрлаш тарзига эга бўлган Шайхзода ўзини ноҳақ ушлаб турилгани юзасидан юқори ташкилотларга ариза билан мурожаат қилади.

Буни қарангки, унинг ҳақли эътирози кўриб чиқилиб, стратегик аҳамиятга эга бўлмаган шаҳарлар сирасига кирувчи Тошкентга – уч йил сургунга ҳукм қилинади. Қизиғи шундаки, Тошкентда Шайхзоданинг отаси билан қалин ўртоқ бўлган бир киши яшар экан. У Шайхзоданинг онасига: «Тошкентга борса, ўзим ёрдам бераман», дея ваъда берган.

Тақдир тақозоси билан юртимизга келиб қолган шоир дастлаб вокзал яқинидаги Наримонов номли озарбойжон мактабида дарс бера бошлайди. Орадан маълум вақт ўтгач, педагогик фаолиятни вақтинча тарк этиб, «Шарқ ҳақиқати», «Гулистон» сингари газета-журналларда шеърлари билан қатнаша бошлайди. 1929 йили «Трактор» номли шеъри чоп этилади. Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир сингари ўзбек адиблари билан дўстлашади. Илгари ёзган шеърларида турк, озор тилига хос унсурлар кўзга ташланиб турган бўлса, энди соф ўзбекча оҳанглар юзага қалқий бошлайди.

Шайхзода фаолиятида икки муҳим қирра мавжуд. Бири ижодкор, аниқроғи, шоир, публицист, драматург сифатидаги ўрни бўлса, иккинчи бир томони унинг педагоглигидир. Ўзбек мумтоз адабиётини, жаҳон бадиияти дурдоналарини, қолаверса, ўша давр адабий жараёнини ниҳоятда дақиқлик билан ўзлаштирган адиб ва олимнинг педагоглик фаолияти бевосита Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институти (ҳозир университет) билан чамбарчас боғлиқ. Ўзидаги мураббийлик, устозлик иқтидорини ижодкорлик, тўғрироғи, шоирлик билан уйғунлаштирган Шайхзода урушга қадар энг пешқадам адиблар сирасидан ўрин олганди. Айниқса, унинг адабий жамоатчилик эътиборини қозонишига «Жалолиддин Мангуберди» асарининг яратилиши сабабчи бўлди. Табиийки, бундай кенг кўламдаги ютуқлар унинг айрим ҳамкасбларига хуш ёқавермасди.

1951 йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг навбатдаги котибият йиғилиши ўтказилади. Кун тартибидаги асосий масала – Шайхзодани уюшмадан ўчиришга қаратилганди. Эътиборлиси шундаки, ўша пайтлари уюшмадан ўчирилиш камида йигирма беш йиллик қамоқ ёки отишга ҳукм қилиш билан якун топарди. Аммо йиғилишда ўтирганлар айни шу аччиқ ҳақиқатни била туриб муҳокамага қўйилган масалани қўл кўтариб тасдиқлаб беради.

Хўш, Шайхзодага қўйилган айбловнинг асосий моҳиятини нима ташкил этарди? Гап шундаки, Ҳамид Олимжоннинг фожиали вафотидан сўнг, уюшмага раҳбарлик қилиш Ойбек домла зиммасига юклатилган эди. У бир вақтнинг ўзида собиқ Иттифоқ Ёзувчилар уюшмаси раиси А.Фадеевнинг ўринбосари ҳисобланади. Табиийки, «Ёш гвардия» муаллифи раҳбар сифатида Ойбек домлани турли масалалар юзасидан Москвага чақиртириши табиий. Ана шундай вазиятларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига етакчилик қилиш Шайхзоданинг чекига тушарди.

Шундай кунларнинг бирида Светлана Сомова Шайхзода ўтирган кабинетга кириб, «Биз комфирқа йиғилишини ўтказмоқчимиз, хонани бўшатиб берсангиз», дейди. Вақтинча раис вазифасини бажарувчи эса, «Шу хонадан бошқаси қуриб қолибдими, йиғилиш учун бошқа хоналар бор-ку», деб жавоб қайтаради. Ўша пайтлари бирор кишига сиёсий айб қўйиш учун бундай далилнинг ўзи етарли эди. Шунинг учун ҳам Шайхзоданинг рақиблари пашшадан фил ясашга киришиб кетишади. Унга «Ширин ва Шакар» достонини нашрга тайёрлашда феодал ўтмишни улуғлагани, Жалолиддин Мангубердини миллий қаҳрамон сифатида тасвирлагани, ижодкор сифатида феодал ўтмишни қўмсайдиган одам эканлиги каби айблар тиркалади. Афсуски, Шайхзоданинг бошига ана шундай қора кунлар тушишида Уйғун, Мильчаков сингари уюшма раҳбариятидаги вакилларнинг қўли борлигидан ҳам кўз юма олмаймиз.

Ёзувчилар уюшмасидан ўчирилган, руҳиятида кескин ўзгаришлар кечаётган Шайхзода икки ой ўтар-ўтмас қамоққа олинади. Судгача бўлган тергов жараёнлари ҳам 1937-38 йиллардаги дастлабки қатағон даврларидан сира кам бўлган эмас. Кечаю кундуз сўроқлар, сохта гувоҳлар билан юзлаштиришлар, бесабаб таҳқирлар унинг иродасини бука олмайди. Яна шуни айтиш мумкинки, ўша давр ҳаётини акс эттирувчи архив ҳужжатлари билан яқиндан танишганимизда кўпгина адибларимиздан ихлосингиз қайтиб кетади. Аммо Шайхзодагина бундан мустасно, чунки у ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам гард юқтирмасдан, чалчасавод терговчиларнинг бемаъни саволларига аниқ-тиниқ жавоб қайтаради. Уларни ўзининг закийлиги билан мот қилиб қўяди. Лекин шунга қарамасдан у кишини йигирма беш йил озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм чиқарилади. Жазони ўташ учун эса Иркутскдаги жазо лагерларидан бири белгиланади.

Агар 1953 йили И.В.Сталин вафот этмаганида Шайхзода ва унга ўхшаган беайб жазога тортилган адибларнинг умри Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Усмон Носир сингари ниҳоятда фожиали кечиши мумкин эди. Худо баъзан ўзининг севимли бандаларини ана шундай бахт билан сийлар экан. Шайхзодага хос тантилик, бағрикенглик, олижанобликни қарангки, қамоқдан қайтиб келганидан кейин ҳам бирон кишига: «Мен сен туфайли жазо тортдим, сен менинг қамалишимга айбдор бўлгансан», демайди.

Қамоқда тортган азоблари, руҳий қаноқлар эвазига Шайхзода 60 ёшга ҳам етиб кела олмади. 1968 йил 9 февралдаги ўлим уни орамиздан олиб кетди. У киши ҳар гал таъкидларканки, «Агар мен вафот этадиган бўлсам, Мильчаков, Шевердин, Зинат Фатхулин сингари кишилар видо сўзларини сўзламасин!» Аммо ўша пайтлари уюшмага раҳбарлик қилиб турган Комил Яшинга ўтказилган босим сабаблими ёки бошқа сабаб туфайлими, Шайхзоданинг қабри тепасида ана шу кишилар видо сўзларини айтишган. Ҳатто, унинг қабри тепасига ўрнатилган ёдгорлик ҳам Шайхзоданинг укаси Фуад томонидан тайёрланган лойиҳа асосида бунёд этилганлигини айтишимиз мумкин.

Бир сўз билан айтганда, Шайхзода салмоқли ижодий меҳнат билан шуғулланиши баробарида рўшнолик, ёруғлик кўрмай ўтган адибларимиздан. Ҳатто, айрим ҳамкасблари ўша қатағон даврларидан сўз очган лаҳзаларда ҳам «Замон шундай эди», дея гапни муҳтасар қилиши ҳам унинг олижаноб ҳисларга лиммо-лим эканлигидан далолат беради.

Наим Каримов,

Ўзбекистон фан арбоби,

филология фанлари доктори, профессор

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг