Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тилинг бўлсаю, гапира олмасанг...

Тилинг бўлсаю, гапира олмасанг...

Фото: «Xabar.uz»

Таълимнинг сифати ва самараси аслида, нимага боғлиқ? Бу саволнинг кўндаланг қўйилиши, аслида, ғалати. Бугун ота-оналардан тортиб, таълим тизимига мутасадди-ю масъул раҳбарлар, ҳатто Президентимизгача бу борада бош қотираётгани сир эмас. Чунки, ҳар қандай жамиятнинг эртаси, мамлакатнинг келажаги ёш авлодга берилаётган таълим-тарбиянинг сифатига боғлиқлиги ойнадек равшан.

Одатда, биз юқоридаги саволга педагогнинг замонавий талабларга жавоб бериши, ахборот технологияларини пухта ўзлаштириши, ўз фанини чуқур билиши, кенг қамровли билимга эга бўлиши, ўз ишига масъулият билан қараши дея жавоб берамиз. Тўғри, буни инкор этмаймиз. Лекин фақат шуларгина сифат ва самаранинг мезони бўла олармикан?

Таъсирчанлик масаласи

Таълим-тарбиянинг таъсирчанлиги масаласи долзарб муаммо. Бу эса ўз-ўзидан педагогнинг коммуникатив компетенциясига бориб боғланади. Ўз фанини чуқур билган, назарий жиҳатдан пухта, бўйи баробар китоблар, ўқув қўлланмалари ва дарсликлар ёзган мутахассислар бор. Уларнинг айримлари минбар, микрофон ва видеокамера орқали аудиторияга юзланса, қўрқув ва ҳаяжонга тушади, билганини ҳам айтолмай, фикри пойинтар-сойинтар йўсинда бўлади. Энди тасаввур қилинг. Ўз фанига, мавзуига қизиқтира олмаган, таълим таъсирчанлигига риоя эта олмаган педагог қандай қилиб ўқувчига етарли билим бера олади? У қандай йўл билан тингловчини ром этиши, талабани маҳлиё этиши, ўзига, сўзига эргаштира олиши мумкин? 

Қайси соҳада фаолият юритмайлик, қайси фандан дарс бермайлик, нутқ маданияти ва нотиқлик санъатини эгаллаш зарур. Зероки, бу таълимнинг сифати ва самарасини белгиловчи муҳим омилдир. Таъбир жоиз бўлса, инсоннинг тириклиги, соғломлиги унинг вена ва артериал қон айланиш тизимининг меъёрий айланма ҳаракатига боғлиқ. Агар инсонни бутун бир таълим тизими сифатида тасаввур қилсак, унинг вена ва артериал қон айланиш тизимини нутқ маданияти ва нотиқлик санъатига қиёс қилса бўлади. Демак, таълим тизимининг қон томири ва жон томири нотиқлик маҳоратига асосланган педагогнинг коммуникатив компетенциясидир.

Халқимизнинг «Ўзингга қараб кутарлар, сўзингга қараб кузатарлар» деган нақли бежиз эмас. Инсоннинг ўзлиги учун кўзгу — унинг сўзлигидир. Инсоннинг икки оғиз сўзидаёқ, унинг билим-савияси, маънавияти, дунёқараши, табиати, тийнати (характери) намоён бўлади. Шунинг учун ҳам педагогнинг  нутқий ва хулқий маданияти улуғвор мақсадларимизни, таълим тизимидаги истиқболли режаларни амалга оширишдаги муҳим қуролдир.

Таълимнинг калити — нутқ билан, тарбиянинг калити — хулқ билан бўлганидек, мулоқотнинг калити — нутқ, муомаланинг калити — хулқ биландир. Нутқий ва хулқий маданиятга эга бўлмаган шахсни комил инсон деб, авлодни баркамол авлод деб бўлармикан. Ана шу маънавий ҳамда маърифий эҳтиёжни назарда тутган ҳолда, ўқитувчи ва ўқувчи орасидаги олтин занжир — мулоқот ва муомала маданиятини мустаҳкамлашга қаратилган «Нотиқлик санъати академияси» таълим муассасасини ташкил этгандик.

Тажриба

Яқинда ўқув муассасамизда бир тажриба ўтказдик. Тўрт нафар ўқитувчини бир жойга чақириб уларга беш дақиқалик ижтимоий мазмундаги видеороликни қўйиб бердик. Кейин уларни алоҳида хонага жойлаштириб ўша видеороликнинг сюжетини айтиб беришни ҳамда олган таассуротларини сўзлаб беришларини илтимос қилдик. Уларнинг биринчиси шундай гапирдики, худди антеннаси яхши ишламайдиган телевизордаги тасвири «бижир-бижир» бўлиб нима берилаётганини англаш қийин бўлгандек таассурот уйғотди. Иккинчиси гапирганда, оқ-қора рангли телевизорда тасвир кўргандек бўлдик. Учинчиси рангли телевизорда томоша қилгандек таассурот берган бўлса, тўртинчиси 3D, 5D, 7D форматли тасвирда кўргандек ҳис-туйғумизга таъсир этди.

Демак, тўртовлон бир жойда бир хил нарсани кўриб гапирган бўлса-да, уларнинг тахайюл, тасаввур ва тафаккур тарзи ҳамда тилдан фойдаланиш даражаси ҳар хил. Одатда, сўзловчиларнинг фарқи учта тушунчани қай даражада қўллашига боғлиқ. Бу сўзлаш, тинглаш ва англашдир. Бу фақат бандага хос, паррандага ҳам, даррандага ҳам хос эмас. Сўзлаш маърифатдан, тинглаш маданиятдан, англаш маънавиятдандир.

Педагогнинг нутқи ана шуларнинг уйғунлиги ва таъсирчанлик даражаси билан баҳоланади. Машҳур юнон нотиғи Горгийнинг фикрича, сўзловчининг энг муҳим вазифаси тингловчини ишонтириш, уни мафтун этиш ва ўзига ром қилишдан иборатдир. Ром этиш, табиийки, нутқнинг таъсирчанлигига боғлиқ бўлади.

Шуни эътиборга олган ҳолда, таълим тизимига махсус талаблар қўйиш жаҳон миқёсида алоҳида аҳамият касб этган. Россияда Пётр I замонида шундай фармон чиқарилган бўлиб, унга кўра «жисмонан носоғлом, нутқий нуқсони бор одам, ҳар қанча етук мутахассис бўлмасин, дарс бериш учун синфга киритилмасин». Чунки, дунёда боладай зийрак тақлидчи ва танқидчи йўқ, шунинг учун «жонли кўргазмали қурол» ҳар жиҳатдан тўкис ва тугал бўлиши лозимлиги оддий мантиқнинг талабидир.

Педагогнинг нутқи ёки имом хатибнинг амри маъруфи?

Келинг бир саволга жавоб излайлик. «Тарозининг бир палласига сизга мактабда ёхуд олий таълим муассасасида дарс берган ўқитувчининг нутқи(маърузаси)ни қўямиз. Иккинчисига амри маъруф ёки наҳий мункар қиладиган имом хатибнинг нутқини қўяйлик. Айтингчи, қайси бирини эшитишга халқда майл устувор, қай бирида магнит (оҳанрабо) бор, қайси бири ўзига тортади?» Шубҳасизки, кўпчилик иккинчисини танлайди. Хўш, нима учун? Чунки биздаги диний бўшлиқ, уни тинглашга бўлган майл, онг остимизга болаликдан жойланган қироат ҳамда қуръон сура, оятлари ҳамда ҳадиси шариф мазмунидан келиб чиқадиган ривоятнамо ўгитлар, ҳаётий мисоллар билан онгимизга ўз таъсирини ўтказади. Биз уни беихтиёр мароқ билан тинглаймиз. Педагог нутқини эса...

Таъбир жоиз бўлса айтиш керакки, шундай педагоглар борки, уларнинг маърузасини тинглаганда, сиз учун «демидрол (уйқу дориси)»га ҳожат йўқ. Ўзи ухлатиб қўяди. Дарс машғулотларидан бирида шу нарсанинг гувоҳи бўлганман. Зериктирувчи нутқи билан маъруза қилган ўқитувчига бир талаба икки қўлини кўксига қўйиб, «Устоз, сизга минг раҳмат, маза қилдим», — дейди. Таажжубга тушган ўқитувчи унга қараб «Ўғлим, салкам қирқ йилдан бери дарс бераман, худди шу сўзни, шу илтифотни кутиб яшадим, кутиб ишладим, нима учун раҳмат деб миннатдорчилик билдирдингиз», деса унга жавобан талаба шундай деди: «Домлажон, шундай монотонний маъруза ўқидингиз, онамнинг алласи ҳам мени бир соат бу даражада мазза қилиб ухлатмаса керак». Кулгили, лекин аслида, бу фожиа. Ўқувчи фандан безса, эртага ватандан безади, ватандан безса индинга ватангадо бўлади, ватангадо бўлса, охирул оқибат кафангадо бўлади. Айтингчи, педагогнинг вазифаси нима ўзи?

Фанга қизиқтириш орқали ўқувчини эргаштириш, таълимнинг таъсирчанлигига эришиш эмасми? Педагог коммуникатив компетенциянинг лингвистик ва нутқий компетенциясини обдон эгаллаши керак. У қайси фандан дарс беришидан қатъи назар буни ўзлаштирган бўлиши лозим. Куним ўтса бўлди, эшитса эшитсин, ўрганмаса ўрганмасин деган бепарволик лоқайдликка йўл очади. Барча иллатларнинг ини эса лоқайдликда.

Нотиқликни, воизликни дудама, яъни ҳар иккала томони ҳам кесадиган ҳанжарга ўхшатишган. Ундан дўст ҳам, душман ҳам ўз мақсади йўлида фойдаланиши мумкин. Шунинг учун ҳам нутқ бузади, нутқ тузади. Олқиш ҳам, қарғиш ҳам у билан, бунёдкор ғоялар ҳам, бузғунчи (вайронкор) ғоялар ҳам у билан. 

Воизлик ниҳоятда шарафли ва айни пайтда масъулиятли касб бўлган. Омма олдида чиқиб бир неча соатлаб нутқ сўзловчи киши тингловчиларнинг туйғуларига таъсир ўтказиши, ишонтириши, сўз сеҳри билан уларни тўлқинлантириши учун жуда катта билим ва иқтидорга, фасоҳат ва маҳоратга эга бўлиши лозим. Бу хусусият муаллим ва мураббийларга ҳам бегона бўлмаслиги керак.

Сўз санъати тарихи

Аждодларимиз қадим замонлардан бошлаб сўз санъатининг, хусусан, оғзаки ижрочилик санъатининг инсон руҳиятига кўрсатадиган таъсирига жуда катта эътибор билан қараганлар. Марказий Осиёда нотиқликнинг таъсирчан механизмидан фойдаланиб «Авесто», «Бундахишн», «Динкард» каби диний характердаги асарлардаги ғояларни омма онгига сингдиришда фойдаланишган. Жумладан, «Авесто»нинг асосий моҳиятини ташкил этган «Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал» таълимотини халқ ўртасида тарғиб қилиб, одамлар қалбида эзгулик туйғуларини уйғотишда коҳинларнинг хизмати беқиёс бўлган. Коҳинлар фақат дин тарғиботчилари сифатидагина эмас, балки ифодали сўз сеҳри билан мўъжизалар кўрсатувчи санъаткор ижрочилар сифатида ҳам шуҳрат қозонганлар. Улар «Авесто»даги ибодат қўшиқларини, Ахура Мазда сўзларини, афсона ва ривоятларни ёрқин нутқ, ифодали сўз ва жозибадор овоз билан ижро этиб халқ оммасини ўз ғояларига ишонтирганлар.

IХ-ХV асрларда «Қуръони Карим» тарғиби билан боғлиқ ҳолда воизлик санъати ривожланди. Воизлик санъатининг тараққий этиши эса ифодали ўқиш санъати тарихида муҳим ўрин тутади. Қуръони Каримни ўқиш воиздан жуда катта илмий салоҳиятни, айни пайтда ёқимли овоз соҳиби бўлишликни ҳам талаб қиларди. Шу боисдан ҳам «Қуръон» сураларини мафтункор қироат, жозибали оҳангда ўқишга ўргатувчи «Илми балоға» санъатига алоҳида эътибор қаратилган. Бу ҳақда Абу Райҳон Беруний «Геодезия» асарининг кириш қисмида шундай дейди: «Араб нутқида балоғанинг мавжудлиги «Қуръон» тарғиботида муҳим аҳамият касб этади. Балоға араб нутқининг зийнатидир». (Bеruniy А. Tаnlаngаn аsаrlаr. III tоm. – T.: Fаn, 1982. 64-bеt.)

Педагогнинг маърузаси қайсидир маънода унинг ўқувчига айтадиган зарур сўзидир. Уни шундай етказиш керакки, ўқувчи уни бир умр ёдида сақлай олсин, мазмун-моҳиятини тушуниб етсин. Чучвара ейишдан мақсад нима, аслида — гўшт едириш. Биз уни хамирга ўраб бежирим қилиб буккан ҳолда қозонга соламиз. Ана шу хамир бу услуб, методология аслида.

Алишер Навоий воизлар ҳақида, уларнинг таъсирчанлик талабларига риоя этишлари борасида шундай ёзади. «Ваъзхон шундай бўлиши керакки, унинг мажлисига бўш кирган одам тўлиб чиқсин, тўла кирган одам эса енгил тортиб холи қайтсин. Воиз олим ва ҳалол иш кўрувчи бўлса, унинг насиҳатидан четга чиққанлар гуноҳкор бўлади. Агар у бошқаларга буюрсаю ўзи қилмаса, унинг сўзлари ҳеч кимга таъсир этмайди ва фойда келтирмайди» (Аlishеr Nаvоiy. Mаhbub ul-qulub. –Tоshkеnt: G‘аfur G‘ulоm nоmidаgi Аdаbiyot vа sаn’аt nаshriyoti, 1983, 32-bеt.)

Саводхонлик иккита асосга таянади

Педагог хоҳ илмий, хоҳ публицистик, хоҳ бадиий характердаги маъруза бўлсин, уни етказишда ўзининг руҳий ҳолати — гоҳ осойишта, гоҳ жўшқин бўлиши, баён оҳанги ифода этилмоқчи бўлган мазмунга қараб турланиб туриши зарур. Шу боис америкалик руҳиятшунос Дейл Карнеги «Қалб ҳарорати билан суғорилмаган нутқ ҳеч нима, нотиқ эса ҳеч кимдир» — деб бекорга айтмаган.

Педагог ўзи сўзлаётган фикрларга бефарқ бўлмаслиги ҳиссиёт билан сўзлаши лозим экан. Бунинг учун эса ўзгаларнинг дарди, эҳтироси ва руҳий ҳолатини қалбан ҳис қила олиши зарур. Шундагина нутқ жозибали ва нутқ мазмунига уйғун ҳаракатлар ўринли кечади.

Афсуски, кейинги пайтларда мулоқот ва муомала жараёнида сўзни истифода этишда адабий тил қоидалари ва меъёрларига риоя этавермаслик ҳолатлари учраяпти. Бу эса саводхонлигимизга путур етказибгина қолмасдан, балки маънавиятимиз таназзулига замин ҳозирлаши мумкин. Саводхонлик иккита асосга таянади. Бу оғзаки ва ёзма нутқ саводхонлигидир. Ҳар иккаласини қўллашда етарли ва айтарли камчиликларимиз бор. Бундан кўз юмсак, бефарқ ва лоқайд бўлсак, келажак бизни кечирмайди.

Афсусланарли жиҳати шуки, саводхонлик тугул, ўз фикримизни эркин тарзда баён эта олиш уқувига ҳам эга эмасмиз. «Мен тилчи эмасман, инженерман ёки программистман, чиройли сўзлай олмайман», — деган баҳоналар кулгили. Ҳаммада истеъдод учқуни бор уни фақат талант алангасига айлантириш учун қунт, ихлос, қизиқиш, ҳафсала, аниқроғи, ўзни қийнаш етишмайди. Сидқидил ҳаракат бўлмаса натижа ҳам, самара ҳам бўлмаслиги аниқ.

Сўз сеҳри ва юки

Сўзнинг сеҳрини унга меҳр қўйганларгина илғашади. Сўз юкини билиш зарурати ҳақида кўп гапирилган. Афсуски, сўз маъноларини билмасликдан англашилмовчилик келиб чиқади. Ҳатто, айрим давлат тизимида масъул вазифаларда ишловчиларнинг нутқидаги вульгар сўзларнинг ишлатилгани ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлганини ҳам биласиз. Худди шу ўринда машҳур файласуф Рене Декартнинг ушбу фикри ўринлидир: «Одамлар сўзларнинг ўз маъноларини билиб олганларида эди, дунёни ярим чалкашликлардан халос қилган бўлардилар».

Сўзнинг ўрни, маъноси, кўлами ва қамрови, ҳиди бор, уни диди борларгина билади, тўғри қўллай олади. Ривоят қилишларича, бозорда бир беодоб йигит обрўли, мартабали шайхни кофир деб ҳақорат қилади.

Шайх эса бамайлихотир «Мен кофир бўлсам, сен ҳароми, ҳаромзодасан», дейди. Жанжал бошланиб кетади можаро ахийри қозигача етиб боради. Ҳар иккаласини чорлаган қози даставвал, шайхга юзланади: 

— Ҳазратим, бу йигит оми, нима деяётганини билмайди, жаҳл отини жиловлаб билмагани каби ақл тизгинини ҳам йўқотиб қўяди. Сиз эса илмдонсиз, ҳаромзода дейишингизни қандай тушуниш мумкин.  Бу ишингиз ақлга сиғмайдиган ҳолатку?!

Шайх деди: мен уни ҳақорат қилганим йўқ, мен кофир бўлсам, сен ҳаромисан, дедим, холос. Менинг жавобим унинг ўзида.

— Бу нима деганингиз?

— Мен бу боланинг ота-онасининг никоҳини ўқиганман. Агар мен кофир бўлсам, у ҳаромзода бўлади. Чунки кофир ўқиган никоҳдан туғилган фарзанд ҳароми, ҳаромзода бўлиши тайинку.

Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, ҳар бир сўзни қўллаганда унинг маъноси ва жўялилигига эътибор қилиш керак. «Сўзни кўнгилда пишқормағунча тилга сурма» деган Навоий.

Нотиқ — сўз бойлоқчи

Келинг, яхшиси шахс маънавияти, педагогнинг муомала маданияти, тарғибот-ташвиқот ишларида, мулоқот ва бошқарув жараёнидаги нутқ санъатининг ўрни борасида айрим мулоҳазаларни билдириб ўтайлик.

Ҳозирги замонда халқ қалби ва онги учун кураш кетаётган пайтда турли хил усуллар билан ўз манфаатларини ифода этувчи оқимлар пайдо бўлаверади. Буларга қарши чуқур билим ва маърифат билан жавоб бера оладиган нотиқлик, воизлик маҳорати орқали фикр етказиш санъатини эгаллаш лозим. «Мафкура полигонлари ядро полигонларига нисбатан катта кучга эга» бўлган айни дамларда педагогларнинг зиммасидаги вазифалар анча залворли. Улар мулоқот ва муомаланинг, коммуникатив компетенциянинг муҳим манбаи нутқ ва хулқ эканини ҳис ютган ҳолда иш тутишлари керак.

Тарғибот ишлари самараси камайган жойда турли хил англашилмовчилик ва низолар пайдо бўлиши аниқ. Шу ўринда аҳли донишлардан бирининг «бир кун сўз ўз ишини тўхтатса, эртасига замбараклар, тўплар ишга тушади» – деган фикрини эслаш кифоя. Ҳар қандай мафкура омма онгига тўғри сингдирилгандагина, у қудратли куч касб этади. Очиғини айтиш керак, яқин йилларда турли хил экстремистик оқимлар ҳаёт ҳақида у қадар тажрибага эга бўлмаган ёшларга ўз таъсирини ўтказишга ҳаракат қилди. Дин ниқоби остида ўзларининг ғаразли ниятларини амалга оширишга, ёшларни тўғри йўлдан оғдиришга уринганлари сир эмас.

Биз айрим ёшларнинг уларнинг таъсирига тушиб қолишига бирламчи сабаб сифатида бериладиган моддий маблағни, пулни боис қилиб кўрсатдик. Айримларини пулга ўчлик ёки муҳтожликдан шу йўлга тушиб қолган деб ўзимизга тасалли берган бўлдик, моддий манфаатдорликни рўкач қилдик. Ваҳоланки, уларнинг аксарияти ўзига тўқ оилаларнинг фарзандлари эканлигини инкор этиб бўлмайдику. Ҳали ҳаёт ҳақида кенг тажриба ва билимга эга бўлмаган ёшларнинг бундай куйга тушиши мумкин деб ўзимизни овутдик.

Тўғри, бу ҳолатни инкор этиш қийин. Лекин, масалага чуқурроқ ва теранроқ ёндошадиган бўлсак, ўзгача манзара намоён бўлади. Очиғини айтиш лозимки, уларга сабоқ берадиганлар воизлик, яъни нотиқлик санъатини обдон эгаллаганлардир. Улар сўзининг таъсири кучли, аниқроғи, улар жонли сўзни топиб, танлаб, киши руҳиятига боғлаб, эшитувчини кўринмас иплар билан боғлаш иқтидорига эга. Ҳазрат Навоийнинг «Душман мақолоти – банг хаёлоти» деган ҳикматига эътибор қилинг. Душманнинг ҳийла-найранглари, ширин сўзи, алдови кишини банг чеккан кишидек гарангситиб ташлаши мумкинлигига ишора бор унда. Одамни сўз таъсирида зомбига айлантириш, манқурт ҳолатига келтириш ҳам мумкин. Психолингвистикада бу ҳолат аллақачонлар эътироф этилган. Инсон мияси бош қобиғида 86 миллиард нейрон тўқимаси бор. Ҳар сонияда ҳужайралар бир-бирига минглаб информациялар ташийди. Нотўғри, асоссиз, уйдирма фикрлар вирус каби инсон миясини заҳарлайди. Натижада дунёқарашда кескин ўзгариш бошланади. Келинг, бир мисол келтирайлик.

Иллюзион ўйинлар кўрсатувчи шахснинг ҳаракатига, манипуляцион машқларига қараб, ҳайратдан ёқа ушлаймиз. Биз эплай олмайдиган ҳаракатларни қилиб ҳар хил усулда фокуслар кўрсатади. У шу йўл билан кўзимизни боғлайди, томоша кўрсатади. Гарчи, ишонмасакда, ўзимиз англамаган ҳолда ҳайратланиш асносида унинг сеҳр доирасига тушиб қолганлигимизни билмаймиз. Шунинг учун ҳам у кўзбойлоқчидир. Нотиқ эса сўз бойлоқчи. У сўз сеҳгари ва синчиси. Фокусчи оддий томоша билан кўзни боғласа, воиз таъсирчан сўзи билан мияни боғлайди. Шунинг учун ҳам улар таъсирига тушган «мия боғланган»лар ўз ота-онасига бориб, «куфр ва тўғри йўл» ҳақида ваъз айтишдан тап тортишмайди. Гўё ота-она болани эмас, бола ота-онани «тарбия»лаётгандек ғалати таассурот пайдо бўлади. Сўз магияси, унинг таъсир кучи ва доирасига эътибор кучли бўлмас экан, миллий ғоя моҳиятини етказиш, тарғиб этишда ожиз қолишимиз, шубҳасиз.

«Сўздан сўзнинг фарқи бор, ўттиз икки нархи бор». Бу мақол сўзловчига ҳам дахлдор. Гап сўзни қандай айта олиш ва етказа олишда.

«Янги фикр ва янги ғоя бўлмаса тараққиёт ҳам, инновация ҳам йўқ»

Китоб нутқ ва фикр манбаи эканлигини, фикрни эмас, фикрлашни ўрганиш ва ўргатиш муҳимлигини доимо ёдда тутиш зарур. Ажаб эмаски, Томас Алва Эдисон «Цивилизациянинг энг буюк вазифаси одамларни фикрлашга ўргатишдир», — деганида тил ва тафаккурнинг чамбарчас боғлиқлигини назарда тутган бўлса.

Шунинг учун ҳам Президент Шавкат Мирзиёев «янги фикр ва янги ғоя бўлмаса тараққиёт ҳам, инновация ҳам йўқ» мазмунидаги мулоҳаза ва талабни кескин қўйди. Тафаккур қаноти эса китоб билан дахлдорлигини ҳис этган ҳолда, истиқболли режаларни кўзлаш асносида халқимизни оммавий китобхонликка чорлашга бош-қош бўлдилар.

Нотиқлик санъати бу фақат тилшунослик фани объекти эмас, у мантиқ, руҳиятшунослик, этика, эстетика, поэтика, фалсафа, тафаккур, жамиятшунослик, сиёсатшунослик, давлатшунослик илми ҳамдир.

Шундай экан, масала моҳиятини теран англаган ҳолда, тажрибали воизларни жамлаб нотиқлик санъатини ўргатишга қаратилган махсус ўқув муассасаларини ташкил этиш давр талабига айланди. Худди шу истак билан камина «Нотиқлик санъати академияси» нодавлат таълим муассасасини ташкил этишга муваффақ бўлди. Мулоқот ва муомала сирларини нутқий маҳорат асрорларини билишга, эгаллашга интилувчиларни ҳозирда ўқитиш бўйича кенг фаолият олиб бормоқдамиз.

Жумладан, омма олдида нутқ сўзлаш, фикрни эркин баён этиш, қўрқув ва ҳаяжонни енгиш; телевидение ва радиоканалларга интервью бериш; мулоқот ва муомала маданиятини ривожлантириш; таъсирчан сўзлаш ва ифодали ўқиш қоидаларини ўргатиш каби бир қатор йўналишларда маҳорат дарслари ўтилмоқда.

Назаримда, таълим муассассалари тизимидаги профессор-ўқитувчиларнинг оғзаки ва ёзма нутқ маданияти, саводхонлик даражасини, нотиқлик маҳоратини, коммуникатив компетенциясини оширишга қаратилган ўқув курсларини ҳам тизимли равишда ташкил этиш мақсадга мувофиқ.

Бунинг учун олий таълим муассасаларининг ўзида илк босқич, яъни профессор-ўқитувчилар ўртасида ички танловнинг ўтказилишини зарур деб ҳисоблаймиз.

Ушбу ўқув курси қуйидаги танлов босқичлари асосида ташкил этилиши ўринлидир:

  1. Муайян матнни (илмий-публицистик ёки бадиий) синчиклаб ўқиш ва уни хотирада сақлаш орқали қайта ижодий ҳикоялаш маҳорати;
  2. Овозли тасмадаги аудиоматнни тинглаш ва англаш орқали қайта сўзлаб бериш қобилияти;
  3. Тасвирга қараб сўзлаш орқали ижодий имкониятларини намойиш этиш лаёқати;
  4. Видеолавҳани кўриш ва унга фикрий муносабатни ёзма равишда қоғозга тушириш иқтидори;
  5. Муайян бир шароитда вазиятга хос-у мос сўзни топиш, танлаш ва қўллаш маҳорати;

(Эслатма: Булар талаффуз ва тафаккур машқлари билан бирга овоз ёзиш ва тасвирга олиш орқали амалга оширилади.)

Ана шу йўсиндаги ички танловдан сўнгра сараланган профессор-ўқитувчилар нотиқлик санъати муассасасида таҳсил кўриб, ўз малакаларини ошириши мумкин.

Иккинчи босқич эса 3 йил муддатдан сўнг амалга оширилади. Унда маълум бир соҳага, таълим тизимига оид қонун ва қарорларни, фармон ва фармойишларнинг мазмун-моҳиятини етказа олиш, шарҳлаш, тушунтириш даражаси ва иш тажрибаси баҳоланади.

Риторика, воизлик, яъни нотиқлик санъатининг турлари бўйича ихтисослашган назарий маълумот ва амалий машғулотлар чуқурроқ тарзда ўтилади. Соҳага оид ҳолда нотиқликнинг таълим тизими қуйидаги тартиб ва таркибда бўлиши зарур:

  1. Сиёсий-ижтимоий нотиқлик. (Давлат ва ҳукумат арбоблари учун);
  2. Академик нотиқлик. (Таълим муассассаларидаги профессор-ўқитувчилар учун);
  3. Суд нотиқлиги. (адлия, суд, прокуратура, божхона ходимлари учун);
  4. Ҳарбий нотиқлик. (Миллий гвардия, Қуролли кучлар, Мудофаа ҳамда Ички ишлар вазирлиги ходимлари учун);
  5. Диний-маърифий нотиқлик. (Имом-хатиб ва отинойилар учун);
  6. Ижтимоий-маиший нотиқлик. (Турли маросимлар, маърифий учрашувлар, тўй ва юбилей тантаналарида бошловчилик қилувчилар учун).

Ўрганишлар натижасида маълум бўлдики, таълим соҳасидаги ўқитувчи ва профессорларнинг энг катта муаммоси уларнинг нотиқлик маҳорати етишмаслиги бўлиб чиқмоқда.  Таълимнинг сифати ва самараси педагогнинг коммуникатив компетенцияси масаласига бевосита боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Профессор-ўқитувчилар ўртасида «Энг яхши нотиқ-педагог», талабалар ўртасида «Энг яхши нотиқ-талаба», юқори синф ўқувчилари ўртасида «Энг яхши ўқувчи-нотиқ», Хотин-қизлар ўртасида «Энг яхши воиза», Диний соҳа вакиллари ўртасида «Энг кучли воиз» республика кўрик-танловларини ўтказиш лозим. 

Оғзаки нутқ, мулоқот ҳамда муомала маданияти ва маҳорати мукаммал шаклланмагани сабабли педагог ўз фикрни, бугун Юртбошимиз илгари сураётган дастуруламал ғояларни аудиторияга етказиб бера олмаяпти.

Бу нафақат таълим тизими, балки барча соҳалар учун ҳам муаммоли йўналиш бўлиб қолмоқда.

Айниқса, ижтимоий тармоқларда жиддий муҳокама қилинаётган ва норозиликка сабаб бўлаётган:

  • вилоят ва туман ҳокимлари, сектор раҳбарлари ва бошқа масъул шахсларнинг нутқларида қўпол ва ҳақоратомуз сўз ва ибораларнинг илдиз отаётгани, «кенг ишлатилаётгани», фикрни тугал, эмин-эркин ва равон ифода эта олмаслик;
  • имом-хатиб ва диний воизлар томонидан аҳолининг турли маросимлари чоғидаги амри маъруфларнинг нутқ маданияти доирасидан чиқиб кетиши ва даъват тусини олаётгани ҳамда бу ҳолатларнинг диний-маънавий вазиятга таъсир қилаётгани («Меҳр» инсонпарварлик операцияси юзасидан ўтказилган тадбирда, адашиб, «ИШИД» жангарилари ёт ғояларига қўшилиб кетган 156 нафар ватандошларимиз билан суҳбат жараёнида бу исботини топди);
  • суд, адлия, прокуратура, божхона, ҳарбий, банк соҳаси ишларида, шунингдек, турли даражадаги депутатларнинг сайлов жараёнларида аҳоли билан мулоқот доирасида хулқий ва нутқий маданиятининг сустлиги, муомала жараёнларида оқсоқликлар кузатилаётгани; 
  • телевидение ва радио журналистликаси бошловчилари ва мухбирлари нутқларида адабий тил меъёрларига риоя этилмаётгани ва шева унсурларини қўллаш амалиёти тобора кенг тус олаётгани натижасида ўзбек тилининг қадрсизланишига сабаб бўлиб, аҳолининг эътирозларини келтириб чиқараяпти.

Тил тактикаси — тараққиёт сратегиясининг таъсирчан ва инновацион механизми эканини барчамиз, жумладан, педагоглар яхши идрок этишлари зарур.

Раҳимбой Жуманиёзов,
«Нотиқлик санъати академияси» таълим муассасаси директори,
филология фанлари номзоди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг