Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Таҳлилчи Украина ҳудудларини Россияга қўшиб олишга доир референдум натижаси бекор бўлишини башорат қилди

Таҳлилчи Украина ҳудудларини Россияга қўшиб олишга доир референдум натижаси бекор бўлишини башорат қилди

Таҳлилчи Отабек Бакиров.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Отабек Бакиров Украинанинг Россия томонидан босиб олинган Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятларида ўтказилган референдумларни сохта деб баҳолади. Эксперт, айни чоқда, сохта референдумларнинг асосий белгиларини ҳам санаган.

«Биринчи ва асосий белги шуки, бундай референдумларда фақат «Ҳа» жавоби учун тарғибот қилиш, очиқ гапириш, дискуссия қилиш мумкин. «Йўқ» деган жавоб тарғиботи, «Йўқ» деб овоз бериш мумкинлиги, бу бўйича далиллар ва соғлом ақлга мурожаатлар буткул тақиқда бўлади. «Йўқ» деб овоз беришга чақирганлар ишдан, ўқишдан ҳайдалади, қамалади ё қувилади. Кўп ҳолатларда овоз бериш армия ёки махсус хизматлар назоратида ўтади», – деб ёзди О.Бакиров.

Таъкидланишича, сохта референдумлар шошма-шошарлик билан ўтказилади, чунки ташаббускорлар ўзлари ҳам референдумлари сохта эканини жуда яхши билади ва вазият ўзгариб қолишидан қўрқади. Масалан, Украинанинг босиб олинган ҳудудларида реферерендум ўтказилиши 20 сентябрь куни, яъни овоз беришдан атиги уч кун аввал  эълон қилинган.

«Сохта референдумларнинг учинчи белгиси – унда «90+ фоиз сайловчилар иштирок этди ва 90+ фоиз овоз билан рефрендум натижалари ўтган» деб эълон қилинади. Масалан, Луганск вилоятидаги референдумда гўёки  вилоятнинг жами аҳолисидан ҳам кўпроқ одам овоз берган. Запорожьенинг 65% аҳолиси Украина назорати остидаги ҳудудларда бўлишига қарамай, давомат 85,4% деб эълон қилинган. Яъни сохта рефрендумларда амалда қанча бюллетень қутига тушди, ким қандай овоз берди, протоколлар қандай тўлдирилди, умуман аҳамиятга эга бўлмайди. Ҳеч ким тўхта, бюллетенларни қайта санайлик, протоколларни текширайлик деб ўтирмайди. Шундоқ келишилган ва чизилган ёқимли рақамлар эълон қилинади, бўлди», – дея мулоҳазалари билан ўртоқлашди таҳлилчи.

О.Бакировга кўра, сохта референдумлар ясама, мажбурий, зўраки ва реалликка терс бўлгани, халқ хоҳиш-иродасини ифодаламагани сабаб эртами-кечми, барибир бекор бўлади.

«Шундай экан, эслаб қолинг, унутманг, Украинанинг босиб олинган ҳудудлари бўйича сохта референдумлар натижалари ҳам барибир йўққа чиқади», – дейди у.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 23-27 сентябрь кунлари Украинанинг ишғол остидаги Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятларини Россия таркибига қўшиш масаласида референдумлар ўтказилди.

30 сентябрь куни президент Владимир Путин мазкур ҳудудларни Россия таркибига қабул қилиш тўғрисидаги битимларни имзолади.

5 октябрь куни тўрт ҳудудни Россия таркибига қабул қилиш тўғрисидаги қонунлар расман кучга кирди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг