Пойтахтда энди чумчуқларга кўзингиз тушмайди
Гидрометеорологик илмий таҳлиллар, об-ҳаво прогнозлари, тадқиқотлар билан шуғулланувчи докторант Э. Абдулаҳатов ўз кузатувлари билан танилган. Галдагиси нега Тошкентда чумчуқлар кўринмай қолгани ва бунинг сабаблари ҳақида. Қизиқ кузатув.
«Иқлим ўзгариши, ўзгариш фонида турли биотурлар, хусусан фауна оламида қушлар ва ҳайвонларнинг популяция ва миграциясида ҳам ўзгаришларни олиб келади. Бу табиат қонуни.
Эътибор берган бўлсангиз, пойтахт кўчалари ва дарахт шохларида аллақачон чумчуқларга кўзингиз тушмайди. Ҳа, чумчуқлар пойтахтда йўқ бўлиб қолди. Аммо бу қушлар шаҳарда иқлим ўзгариши туфайли йўқ бўлмади. Уларнинг яшаш маконлари ўрнини баланд-баланд ноқулай бинолар эгаллагани, шовқин шаҳар ва ин қуриш учун дарахтларни йўқ қилганимиз учун шаҳарни тарк этишди.
2007 йилги Нобел мукофоти лауреати кореалик Рае Квон Чунг Тошкентда бўлиб, шаҳар ҳавоси нафас олиш учун яроқсиз эканидан нолиган.
Ҳа, четдан келган сайёҳ биринчи навбатда шаҳарнинг ноқулай ҳавосига дуч келяпти. Қандайдир, дискомфорт ҳаво.
Узоқ давом этган ёмғирдан сўнг бир муддат ҳавоси тозаланган шаҳар ҳавоси яна қуёш чиққандан сўнг ифлослана бошлади. Бугун эрта тонг ҳам шаҳар ҳавосида майда дисперс заррачалар ортиб, ифлосланиш даражаси бўйича қизил даражага яқинлашди. Биз ҳеч қачон блоклай олмаётган AQI платформаси шу кўрсаткичларни кўрсатди.
Юқори эҳтимол, шаҳар ҳавосининг ифлосланишидан шаҳар ҳокими ҳам хавотирда. Чунки, яшил иқтисодиёт тамойилларисиз барпо этилган пойтахтга бизнесни тикувчи инвесторлар кириб келиши ҳам камаяди. Чет эллик инвесторлар шаҳар ҳавоси бу каби тез-тез ифлосланадиган жойларда ўз бизнесини тикмайди.
Рекрация йўналишида ташриф буюрган сайёҳлар эса Тошкент халқаро аэропортига тушиши билан тезроқ пойтахтдан ташқарига чиқиб кетишни режалаштиради. Чунки, туристлар учун пойтахтда қизиқарли ҳеч нарса йўқ. На тарихий объектлар ва на яшиллиликка бурканган масканлар...
Ўртоқ, ҳоким! Балки яна хатоларни қайтармаслик, шунча харажатларни оқлаши учун бирлашарсиз. Чумчуқларни шаҳарга қайтарармиз...», деган кузатувчи.
Ортиқча изоҳ, қўшимча шарт эмас. Беихтиёр «Тошкентнинг донини еган чумчуқ Маккадан қайтиб келади», деган эски нақл эсга тушди...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter