Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбек математикларидан Нобель совриндорлари чиқадими? Академик Шавкат Аюпов билан суҳбат

Ўзбек математикларидан Нобель совриндорлари чиқадими? Академик Шавкат Аюпов билан суҳбат

Академик Шавкат Аюпов.

Фото: Xabar.uz

Хабар берилганидек, кеча, 12 июнь куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Олмазор тумани, Талабалар шаҳарчасида барпо этилган мамлакатимиз Фанлар академияси ҳузуридаги Математика институтининг янги биносини бориб кўрди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бир сўз билан айтганда, институт учун ажратилган ярим гектар майдонда чиройли ва ўзига хос муҳташам тўрт қаватли бино бунёд этилган. Бинонинг ўзи 715 квадрат метр майдонини эгаллайди. 12670 квадрат метр майдонда қурилиш ишлари амалга оширилган. Шароитлар ҳавас қилгулик даражада.  

Институт  биносининг  1-қаватда семинар ва смарт синф хоналари, 2-қаватда раҳбарият ва академиклар хоналари, 3-қаватда лаборатория мудирлари ва илмий ходимлар хоналари, 4-қаватда кутубхона ва 97 ўринли мажлислар зали жойлашган. Шунингдек, институтда 7 илмий лаборатория, «Ёш математиклар» ўқув маркази ўрин олган.

Давлат раҳбари ташрифи доирасида Хabar.uz мухбири мазкур институт ректори, академик Шавкат Аюпов билан интервью уюштирди. Қуйида ушбу интервью эътиборингиза ҳавола қилинади.

«Математика мураккаб фан, дея эътибордан четда қолиб кетган эди»

– Таълим соҳаси мутасаддилари, математик олимлар билан мулоқотда давлатимиз раҳбари «Математика фанининг тамал тошини Ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний каби улуғ боболаримиз қўйган. Бу бизнинг қонимизда бор. Лекин охирги йигирма йилда математикадан билим даражаси пасайиб кетди. Чунки ўқитувчиларга керакли эътибор, муносиб ойлик беролмадик, пировард мақсад қўя олмадик. Бунинг оқибати ҳозир кўпдан-кўп соҳаларда сезиляпти. Бугун бу фанни ривожлантиришдан мақсадимиз – математика бўйича рақобат муҳитини яратиш, саноат, муҳандислик йўналишлари бўйича етук кадрлар тайёрлаш», зарурлигини билдирди. Ҳақиқатда шундай. Математика мураккаб фан, дея таълим даргоҳларида тўрт семестр ўрнига икки семестр ўтилди, унинг нуфузи йилдан-йилга тушиб кетган эди.  

Математика фани ўқитувчисининг маҳоратига кўп нарса боғлиқ. У қизиқтира олсагина, ўқувчи бу фанни ўзлаштиришга киришади. Адабиёт, тарих фанларини мустақил ўрганиш мумкиндир, аммо математикани ўрганишда педагогнинг тажрибаси, устознинг ўрни муҳим.

Фото: Xabar.uz

«Математикани ривожлантириш учун иккита муҳим ҳужжат қабул қилинган»

– Ўтган йилнинг 9 июлида Ўзбекистон Республикаси президентининг «Математика таълими ва фанларини янада ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги математика институти фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда 2020 йил 7 майда «Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.

Ушбу ҳужжатлар математикани ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Институтимизни Урганч, Нукус, Бухоро, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида ҳудудий бўлимлари очилди. Бу ҳудудларда ҳам математика билан жиддий шуғулланишга имкон яратади.

«50 минг долларлик халқаро мукофот»

– Президентимиз имзолган «Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, математика соҳасидаги ютуқлар учун Ал-Хоразмий номидаги халқаро мукофот учта йўналишда бериладиган бўлди. Биринчиси, халқаро миқёсдаги математика бўйича фундаментал ютуқлар учун, иккинчиси, математикани амалиётга муваффақиятли татбиқ қилингани учун, учинчиси эса ёш математикларга берилади. Албатта, катта миқдордаги рағбатлантиришнинг бу тури олимларимиз, ёшларимизни ушбу фан йўналишларида изланишлар олиб боришга ундайди. Мазкур мукофотни хорижлик олимларга ҳам берилиши кўзда тутилган.

Фото: Xabar.uz

«Уч муҳим топшириқ»

–  Президентимиз мазкур бинони кўздан кечириш ва биз билан мулоқот жараёнида олдимизга учта асосий вазифани қўйди. Биринчиси, математик таълимни кўтариш, иккинчиси, математикларимизнинг халқаро рейтингини ошириш ва учинчиси, мактаб ўқувчилармизни халқаро олимпиадаларга пухта тайёрлаш.

Бунинг учун аввалло математик билимларни боғчадан беришни бошлаш, мактаб ва олий таълим муассасалари ўртасида узвий ҳамкорликни йўлга қўйишимиз лозим. Яна шунингдек, институтимиз Талабалар шаҳарчасида жойлашгани бу ердаги олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик қилиш, замонавий қилиб айтганда, илм-фан ва таълимнинг интеграциясини йўлга қўйилишида алоҳида аҳамиятга эгадир. Олимларимиз репитеторлик билан шуғулланиб қўшимча маблағ топишгани ҳам сир эмас. Энди эса ҳозирги бинода «Ёш математиклар» ўқув марказида хоҳловчиларни олий ўқув юртларига кириш учун математика фанидан бемалол тайёрлаш мумкин, яъни муассасамиз эшиги барча учун, айниқса, илм истагидаги ёшлар учун ҳамиша очиқ.

Биласизми, илгари хорижлик ҳамкасблар, ҳамкор олимларни институтимизга таклиф қилишга уялардик. Олдинги биномиз ва у ердаги шароит жудаям ночор эди. Эндиликда бемалол халқаро анжуманлар, онлайн мулоқотлар ўтказишимиз учун барча шароитлар етарли. Ишлашимиз, керак, холос.

«Илмий изланишлар амалиётга жорий қилинсагина натижа беради»

– Математика йўналишида илмий изланишларни амалга ошириш жудаям машаққатли меҳнат. Бу борадаги изланишларни эътироф этиш ўз-ўзидан бўлмайди. Масалан, анча йиллар аввал жаҳонга маҳшур математик олим Жон Нэш билан Пекинда ўтказилган халқаро анжуманда учрашгандим. Унинг илмий изланишлари иқтисодиётда амалий жиҳатдан қўлланганидан кейингина олимга Нобель мукофоти берилган. Бундай мисоллар жуда кўп.

Давлатимиз раҳбари олдимизга «Бу институт таълим ва илм-фан ўртасида узвийликни таъминлаши, мамлакатимиз ривожига замин яратиши керак» деган вазифани қўйди.  Бу дегани, юксак натижаларга эришиш учун барчамиз, профессору академиклар,  илмий ходимлару докторантлар тиним билмай ишлашимиз зарурлигини англатади.

Интервьюмизга эзгу ният билан чорлов маъносида «Ўзбек математикларидан Нобель совриндорлари чиқадими?» дея сарлавҳа қўйдик. Эзгу ният мақсадга элатади, дейди аҳли донишлар. Ажаб эмас, бугун математика илмидан баҳра олаётган, изланаётган математикларимиз орасидан бўлғуси Нобель совриндорлари чиқиб қолса...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг