Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Санжар Машриқий

Худодан сўраб, бекор ётма! (арман халқ мақоли)

«Корейсча муҳаббат»: Бирлашган Корея федерацияси ташкил топадими? (давоми)

«Корейсча муҳаббат»: Бирлашган Корея федерацияси ташкил топадими? (давоми)

Фото: «Bigasia»

(Мақоланинг давоми. Бошланиши ушбу ҳаволада)

Бирлашиш: қандай иқтисодий омиллар бор?

Шимолий ва Жанубий Корея, 1953 йилда тугаган урушдан сўнг, кескин фарқли тараққиёт йўлларидан кетди.

Шимол марказлашган режали иқтисодиёт шароитида иҳоталаниш ва табиий ресурсларини қазиб олишга эътибор қаратди. Натижа кутилгандек бўлмади. Шимол наинки жанубдаги биродаридан анча ортда қолиб кетди, Осиёдаги энг қашшоқ мамлакатлар сафидан ҳам чиқа олмади.

Жануб эркин бозор иқтисодиётини ўз ичига олган глобал бозор интеграцияси ва унинг юқори технологик соҳаларини кенгайтириш йўлидан борди ва Осиёдаги 4-йирик иқтисодиётга айланди.

Албатта, тафовутда «катта оғалар»нинг ҳиссаси беқиёс.

Япония — икки корейс давлатининг бирлашиши йўлидаги энг катта хавф ва тўсиқ

Кореянинг бирлашуви глобал иқтисодиётда чуқур ўзгаришларга олиб келади. «Goldman Sachs Group, Inc» иқтисодий таҳлиллар маркази ҳисоботига кўра, Бирлашган Корея иқтисодиёти ҳажми ва таъсири бўйича Германия ёки Япониядан устун бўлиши мумкин экан. Бу эса Япония иқтисодиёти учун қаттиқ зарба бўлиши турган гап. АҚШнинг «этагини тутган» Япония Бирлашган Кореядан ортда қолиши унинг қитъа билан алоқалари қийинлашувини ҳам англатади.

Шимолий Кореянинг иқтисодий тизими доимий бетартиблик ҳолатида бўлса-да, у Жанубий Кореяга фойдали қазилмаларини, катта ва арзон ишчи кучини таклиф эта олади. Ўз улкан саноатини таъминлаш учун катта миқдордаги импортга таянадиган, минерал хом ашёга танқис Жанубий Корея учун бу айни муддао бўлиши мумкин. Хом ашёга эҳтиёж ўз ҳудудидан қопланиши саноатда харажатларни камайтириб, янада гуркираб ривожланишига асос ҳам бўлади. «Goldman Sachs Group, Inc» иқтисодий таҳлиллар марказининг таҳлилларига кўра, «Бирлашган Корея ЯИМ бўйича дастлаб Японияни, 30-40 йил ичида Франция ва Германия ортда қолдиради. Эркин бозор иқтисодиёти аллақачон шаклланган ва самарали бўлган мамлакат учун арзон ишчи кучи ва хом ашё билан таъминлаш узоқ муддатли ўсиш ва муваффақият учун энг муқобил ечимдир».

Бирлашиш эҳтимоли қандай?

Cингапур саммитидаги (2018 й.) ядросизланиш бўйича музокаралар келгусида Кореяни бирлаштиришни муҳокама қилиш мумкинлигига йўл очиб берди. 2018 йилги Янги йил мурожаатида Ким Чен Ин Кореялар бирлашиши мумкинлигига ишора қилган. Уч ой ўтгач, Панмунжомдаги саммитда Шимолий ва Жанубий Корея раҳбарлари йил охиригача иккала Корея ўртасида тинчлик ўрнатиш мажбуриятини олган битимни имзоладилар. Бу умумий кўринишидан оддий кўринса ҳам, аслида жуда катта қадамлар эди.

2018 йилдаги сайловлар Жанубий Кореядаги сайловлардаги энг муҳим ўзгаришлардан бири дейишимиз мумкин. 2018 йил 13 июнь куни Минжоо сўллар партияси мамлакатнинг мэр/губернаторлик учун ўтказилган 17 ўриндан фақатгина учтасида ютқазди, Миллий Ассамблеядаги 12 та ўриндан 11 тасини ютди. Бу президент Мун Чжэ Иннинг шимол билан яхши алоқалар учун курашган партияси сиёсий қарорларига таъсирини кучайтиради. Умуман олганда, ҳозирда икки давлат тепасида ҳам бир-бирига у даражда қарши бўлмаган ҳукуматларнинг мавжудлиги тарихда учрайдиган ноёб, опортунистик вазиятдир. Бирлашиш мавҳум ва узоқ йилларга чўзиладиган жараён, шунга қарамасдан, иқтисодчилар жаҳон иқтисодиётини катта тебранишларга шай туришга ундашмоқда.

Конфедератив Корё Республикаси: Немис модели ишлайдими?

Россия ва АҚШнинг жаҳон саҳнасидаги етакчилик роллари қадрсизланиши икки корейс халқи учун дин, миллат, тил умумийлиги сабабдан ҳам бирлашиш учун яхши шароит яратиб бермоқда. Савол туғилади, «Ягона Корея» қандай кўринишга эга бўлади?

Хўш, корея учун «Немис модели» қай даражада ишлайди?

Ғарб сиёсатшунослари келажакдаги ҳар қандай бирлашма Шимолий Корея режимининг қулаши, Корея Республикасига қўшилиши ва «немис модели»га амал қилишини тахмин қилмоқда. Бирлашиш эмас, балки парчаланиш орқали Шимолий Корея барбод бўлади, деган тушунчалар ҳам бор. Аммо бирлашиш инқироздан аввал юз берса-чи?

Албатта, бирлашиш қандай ташкил этилиши ва ишлаши кераклиги тўғрисида КХДР ўз қарашларига эга. Шимолий Корея эҳтимолий давлатни коммунизм ғоялари остида бирлаштиришни хоҳлашини тахмин қилиш ҳам мумкин, аммо бу икки давлатни бирлашиш фикридан ортга қайтарадиган ҳолатдир. Эҳтимолий бирлашма Хитой тутган йўлдан борадиган бўлса, Жанубий Корея ҳам квази-капиталистик сиёсатини танлаши мумкин. Ҳар ҳолда капитализм ва коммунизм тўқнашса, шунга ўхшаш ҳодиса юз беради.

Нима учун Конфедератив Корё Республикаси?

1980 йилда Президент Ким Ир Сен нейтрал федерал республикани яратиш сиёсатини белгилаб берганди. Бу орқали ҳар икки томон ҳам ўз сиёсий тизимлари ва ҳукуматларини сақлаб қолишлари, аммо умумий федерал парламент ва ҳукуматга эга бўлишлари керак эди. Кейинчалик бу Корё Демократик Конфедерал Республикаси (DCRK) деб номланди (Корё Кореянинг анъанавий номи). Ўшандан бери баъзи тақризчилар «демократик» қисмни шовинистик кайфиятни юзага келтирмаслик учун ташлаб, одатда Корё Конфедератив Республикаси (CRK) деб аташади.

Таклиф қилинган яна бир сценарийга кўра, Кореянинг иқтисодий иттифоқи, эҳтимолий Европа Иттифоқига ўхшашдир. Бунда Каесонг қўшма саноат мажмуаси ва Кумганг тоғ-туристик минтақаси биргаликда бошқариладиган иқтисодий зоналарга айланади.

«Корейсча муҳаббат»: Бирлашган Корё федерацияси ташкил топадими?

Ўтган аср 90-йилларидан бери Жанубий Корея ҳукумати Шимолий Кореяга нақд пул ва моддий ёрдам етказиб берди. Бу «корейсча муҳаббат»нинг илк кўриниши эди, эҳтимол.

Маълумотларга кўра, шимолда ҳозир умумий аҳвол ёмонлашмоқда. Ким Чен Ин ҳам тез-тез хасталаниб қолмоқда. «Ҳозирда Пхеньянда содир бўлаётган воқеалар икки давлатнинг охири яқинлашишини башорат қилмоқда», деди «The Search for a Unified Korea» муаллифи Гак Хван.

Бирлашган Корея минтақада катта кучга айланади. Қўшни давлатларнинг бундан хавотири янги мамлакат учун осон бўлмаслигини кўрсатмоқда. Бироқ «корейсча муҳаббат» ҳаммасидан устун келиши мумкин.

Буюк ҳинд шоири Рабиндранат Тагорнинг Корея ҳақидаги қўшиғи беихтиёр ёдга тушади:

«In the golden age of Asia,

Korea was one of its lamp bearers.

And that lamp is waiting to be lighted once again.

For illumination in the East»

«Осиёнинг олтин асрида Корея уни ёритгувчилардан бири эди. Шарқ яна бир бор ёришиши учун ўша ёритгичлар яна бир бор ёнишини кутмоқдамиз».

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг