Иван Грознийнинг Осиёдаги айғоқчиси
– Бутун Руснинг буюк князи! Ҳузурингизга Осиёга юборган элчингиз қайтиб келди ва у киришга мунтазир, – деди сарой айёни.
Гарчи бошқа масалаларни режалаштириб қўйган бўлса-да, Иван Васильевич дарҳол элчини қабулига чорлашни буюрди:
– Меним Женкинсонимни тезроқ ҳузуримга бошланг!..
Тарихда Грозний лақаби билан машҳур Москва ва Бутун Руснинг буюк князи Иван IV (Иван Васильевич) шу тариқа ўзи элчи қилиб жўнатган инглиз савдогарини тезда қабул қилади.
Россия тарихида рус давлатини мустаҳкамлаш ва марказлаштириши билан донг қозонган, халқ ўртасида эса «Грозний» (Даҳшатли) лақаби билан машҳур Иван IV (1530–1584) жуда ёш чоғида – 3 ёшида тахтга ўтқазилиб, давлат ишларини унинг номидан князь ва боярлар бошқарган эди. У вояга етгач, бутун давлат амалдорларини қаттиққўллик билан ўзига бўйсундириб сиёсат юргизди. Шу билан бирга қўшни мусулмон хонликларини забт этиб, ўз давлатининг ҳудудини шулар ҳисобига кенгайтирди. 1547–1552 йиллардаги урушлардан сўнг, Қозон, 1555 йил Сибирь, 1556 йилда Астрахань, 1557 йилда эса Нўғай ўрдаси босиб олинади.
Иван Грознийнинг очилиб кетган мустамлакачилик сиёсати иштаҳаси ғарбда Литва, Польша, Дания ва Швеция билан, шарқда эса Ўрта Осиё хонликларига қаратилган эди. У Болтиқбўйига юриш қила туриб, дастлабки ғалабаларидан ғурурланган ҳолда, Ўрта Осиёни ҳам эсидан чиқариб қўймади.
Шу мақсадда Москвага келган инглиз савдогари – Антоний Женкинсонни Хоразм томон сафарга йўллаб, воҳадаги вазият билан танишиб келишни топширди.
Хуллас, 1558 йилда Иван Грознийнинг махсус ёрлиғини олган Женкинсон Москвадан йўлга чиқди. У Волга дарёси бўйлаб сузиб, Астрахань шаҳрига етиб борди, у ердан Каспий денгизи орқали сузиб ўтди ва Манғишлоқ яриморолига қўнди. Женкинсоннинг ёнида Маккага – ҳажга кетаётган Мовароуннаҳр савдогарлари ва эронликлар бор эди. Улар Манғишлоқ орқали Урганч яқинидаги Вазир шаҳрига келадилар. Бу вақтда Хоразмдаги Урганч, Ҳазорасп ва Катда Али султон, Хива ва Улуғбектепада Пўлат Султон, Манғишлоқ ва туркман қабилаларига Темур султон ҳокимлик қиларди. Яъни, давлат турли бекликлардаги ҳокимлар томонидан бўлиниб, уч ҳукмдор юзага келган, улар бир-бирига қарама-қарши эди. Хуллас, Женкинсон дастлаб Темур султон ҳузурига келади.
«Бу султон кўшк ва шаҳарда яшамай, саҳрода яшаган ва мен унинг кичкинагина қамишдан ясалган, усти кийгиз, ичи эса гиламлар билан ўралган ўтовига кириб борганимда султон ўтирганди. Ҳукмдор билан бирга бу саҳройи мамлакатнинг бош руҳонийси бор эди. Европанинг каттагина қисмида Рим епископини қанчалик ҳурмат қилсалар, уни ҳам халқ шунчалик азизларди. Улардан бошқа бир неча амалдор ҳам бўлиб, мен улар билан хўшлашиб жўнадим, сўнг ўзимизнинг карвонимизга етиб олдим ва саёҳатни давом эттирдик.
Денгиз соҳилидан бошлаб бирорта шаҳар ва аҳоли яшайдиган жойни кўрмасдан ўзимизга керакли озиқ-овқатни юклаб, саҳрода йигирма кун йўл юрдик. Йигирма кун ичида ўша эски чуқур қудуқлардан олинадиган шўртанг ва жудаям шўр сувдан бошқасини учратмадик. Баъзи вақтларда эса икки-уч кунлаб шу сувга зор бўлдик.
5 декабрда биз яна қайта Каспий денгизи қўлтиғига етиб келдик. Бу ерда, ниҳоят чучук сув ичишга муяссар бўлдик. Бизни туркман шоҳининг бож олувчилари кутиб олишди. Улар солиқ сифатида ҳар 25 молдан биттадан ва шоҳ ҳамда унинг ака-укалари фойдасига тўққиз хил молнинг ҳар биридан еттидан бож олдилар. Барча йиғилган нарсани олиб жўнадилар ва биз яна бир кун дам олиш учун шу ерда қолдик».
(«Английские путешественники в Москвском
государстве в XVI века» тўплами. Инглизчадан
ЮВ.Готье таржимаси. Л, 1937 йил 167-бет).
Шу тариқа Женкинсон ҳамроҳлари билан яна йўлга тушиб, Урганч яқинидаги Селлизюр (Вазир) қалъасига кириб келади.
«Қалъа баланд тепаликда жойлашган, бу ерда хон деб юритиладиган қирол яшайди. Унинг саройи пастгина, чўзиқ бўлиб, унча мустаҳкам эмас. Аҳолиси қашшоқ ва савдо ишлари билан шуғулланмайди. Қалъанинг жанубий қисми пастликда, аммо жуда унумдор ерда жойлашган. Бу ерда хилма-хил экинлар ўстирилади, улардан биттаси қовун бўлиб, катталиги ва шираси билан ажралиб туради. Аҳоли уни овқатдан сўнг сув ўрнига ейди. Бу ерда яна тарвуз деб аталувчи мева бор, унинг катталиги катта бодрингдай (?!) сариқ ва шакардек ширин (Женкинсон қовоқни тарвуз деб янглишган – У.Б). Шунингдек, илгур (оқ жўхори) деб аталувчи дон экини ўсади, унинг пояси ва бўйи шакарқамишга жуда ўхшаш, дони гуручга ўхшайди ва поянинг юқори қисмида жойлашган, узум бошларига ўхшаб осилиб туради.
Бутун мамлакат фойдаланаётган сув жуда камайиб кетган Оксус дарёсидан каналлар орқали олинади. Мана шунинг учун ҳам унинг суви илгаригидек Каспий денгизига қуйилмай қўйган. Бу мамлакат яқин вақтлар ичида Оксус сувининг етишмаслиги натижасида вайрон бўлади ва саҳрога айланади».
Женкинсоннинг айтганича бор эканки, 1573 йилда Оксус – Амударё ўз ўзанини ўзгартириши натижасида Урганч, Вазир, Адоқ, Тирсак шаҳарлари сувсизлик натижасида харобага айланади.
Яна унинг хотираларига қайтадиган бўлсак, 16 октябрь куни Урганч шаҳрига (ҳозирги Кўхна Урганчга) кириб келгани ҳақида шундай ёзади:
«Урганч шаҳри текисликда жойлашган бўлиб, атрофи 4 милга яқин пахса девор билан ўралган. Биноси ҳам пахса девордан қурилган, аммо харобага айланаётган ва тартибсиз ҳолда. Битта узун кўчасининг усти бекитилган, бу кўча – уларнинг бозори. Шаҳар етти йил мобайнида тахт учун кечган ўзаро жанжаллар натижасида тўрт марта қўлдан-қўлга ўтган. Шунинг учун у ерда савдогарлар кам ва камбағал. Биз бутун бошли шаҳарда жами тўрт бўлак мато сотдик. Бу ерда сотилаётган асосий моллар Бухоро ва Эрондан келтириларди, аммо шунчалик камки, ёзишга ҳам арзимайди.
Каспий денгизидан тортиб Урганчгача бўлган бутун мамлакат туркманларга ва юқорида кўрсатиб ўтилган Азим (Ҳожимхон) хонга ҳамда унинг беш кишидан иборат ака-укаларига қарашли бўлган. Улардан биттаси – улуғ шоҳ ёки хон деб юритилади, аммо шахсан қўли остидаги ва, ҳатто у ўзи яшаётган ердаги кишилар ҳам унга яхши бўйсунмас эдилар. Бу шахсларнинг ҳар қайсиси ўз ерида мустақил шоҳ бўлишни истар эди.
Биз 26 ноябрда Урганч шаҳридан жўнаб кетдик...»
Шундан кейин Женкинсон Кат шаҳрига ҳам бориб, у ердан яна келган йўли билан ортга қайтиб, 1559 йилнинг баҳорида Москвага кириб боради. Иван Грознийга Хоразмда кўрган-кечирганлари ҳақида сўзлаб, у ердаги вазият ҳақида ахборот беради ва хотираларини қоғозга туширади. Гарчи Женкинсон хотираларида бироз хато ва англашимовчиликлар бўлса-да, ёзганлари XVI асрдаги Хоразм ҳаётини ёритувчи муҳим манбалардан бўлиб қолди.
Иван Грозний эса ўзининг очкўз назарини Ўрта Осиёга қаратса-да, Литва, Польша ва Дания билан бўлган жангларда мағлубиятга учрагач, Женкинсон туфайли маълумот олган Хоразмга қилажак юриши армонга айланиб қолди.
Ҳа, Иван Васильевич Грозний ўз касбини ўзгартирмай, босқинчлик юришлари эвазига Русия ҳудудини кенгайтирган подшоҳ ва марказлашган Буюк Русь князи сифатида тарихда қолди. Женкинсон хотиралари эса тарихимизни ўрганишда хизмат қилувчи манбага айланди.
Умид БЕКМУҲАММАД, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter