«Иш кучи инқилоби, дастурчилар олдидаги янги талаблар» Нидерландиядаги ватандош ҳикояси
«Xabar.uz»да «Xориждаги ватандошлар» рукни доирасидаги интервюлар давом этади.
Навбатдаги суҳбатдошимиз, Амазоннинг Нидерландиядаги офисида муҳандис дастурчи сифатида фаолият олиб бораётган ватандошимиз Искандар Анваров бўлди.
Қаҳрамонимиз Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетининг бакалавр босқичини тамомлаган.
Дастурлаш осон ва қизиқарли эди
Мирзо Улуғбек туманидаги 49-умумтаълим мактабда таҳсил олганман. 9-синфни битириб Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети қошидаги академик лицейида ўқишни давом эттирдим. Болалигим қизиқарли ўтган, деб бемалол айта оламан, чунки мен яшайдиган маҳалла Кибернетика, Сейсмология ва Энергетика институтлари ёнида жойлашган эди. Дўстларим билан ўша ердаги ўтган асрда қолиб кетган эскирган ускуналар устида ўйин ўйнаб юрганларимизни яхши хотирлайман.
Ахборот технологиялари соҳасига киришимга эса дадам сабабчи бўлганлар. Улар 7-8 синфдан бошлаб дастурлаш тиллари бўйича видеоқўлланмаларни ўқиттирар, қийналган жойларимда ўзлари кўмаклашарди. Академик лицей даврида дастурлашни ўрганишимга шароит анча яхши бўлгани учун, соҳага чуқурроқ кириш осон ва қизиқарли ўтган. Шундай қилиб, университетга келиб қайси йўналишни танлашим аниқ бўлган эди.
Университетни танлаш қарори деярли баҳссиз кечган
Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетини танлаш қарори деярли баҳссиз кечган. Чунки олийгоҳ қошидаги лицей битирувчилари WIUTга имтиҳонсиз ва 1+3 дастури орқали киришган, бунда лицейнинг учинчи йили ва университетнинг биринчи йили қўшиб ўқитилган. Шу дастур орқали лицейдошларимнинг катта қисми университетга бирга ўтган. Мазкур олий таълим даргоҳининг инглиз тилида дарс ўтиши, мустақил изланишга урғу бериши ва билимга чанқоқ талабалар билан бой бўлганлиги, университетнинг жозибадор томонларидан. Қўшимчасига деярли барча устозлар чет элда магистратура ёки докторантура босқичларини тамомлашган бўлиб, чет элда тажриба орттиришга чорлашар ва тавсия хатларидан тортиб, нуфузли ўқув юртлари имкониятлари ҳақида турли маслаҳатлар беришган.
Шундай қилиб, университетнинг “Business Information Systems” факультетида таълим олдим.
Талабалик давримда амалиётни “Nihol-Komtex” компаниясида ўтадим. Университетни битиргач эса бир муддат WIUTнинг ўзида илмий ёрдамчи, сўнгра “Synel Software Development” вa “EPAM Systems” компанияларида ишладим.
“Amazon”да ишлашга қарор қилдим
2021 йил ёз ойларида FAANG (“Facebook”, “Amazon”, “Apple”, “Netflix”, “Google”)га қизиқиш уйғонди. Ушбу компаниялардаги иш жараёни билан танишиш чоғида ишга кириш ҳақида ўйлай бошладим.
2022 йил март ойига келиб бир нечта FAANG ва бошқа компанияларга ҳужжат топширдим. Уларнинг интервюларидан ўтишимга тахминан икки ой вақт кетди.
Суҳбатдан дунёнинг исталган чеккасидан туриб ўтса бўлади. Масалан, мен барча жараёнларни Ўзбекистонда туриб амалга оширганман.
“Facebook”, “Deliveroo”, “Google” компанияларидан рад жавоби олган бўлсам, “Amazon”, “Booking.com”, “Uber” компаниялари мени қабул қилишди. Мен эса “Amazon”да ишлашга қарор қилдим.
Компания Европанинг кўплаб давлатларида офисларига эга. Ишга қабул қилингач, исталган давлат ва жамоани танлаш имкони берилади. Мен Нидерландияни танладим.
Нидерландияни танлашимга бир нечта сабаб бўлган. Биринчидан, бу ерда кўп яқин дўстларим яшар ва бу эса, ўз навбатида, бегона мамлакатга мослашишим осонроқ кечишига ёрдам берарди.
Иккинчидан, Нидерландияда инглиз тили кенг тарқалган, фақатгина инглиз тилини билиб ҳам бемалол яшаш мумкин.
Яна энг муҳим сабаблардан бири бу чет элликларга берилган катта имкониятлардир. Масалан, соҳангиз давлат ривожи учун муҳим деб топилса ва ойлигингиз ўртачадан юқори бўлса, 30 фоизлик даромад солиғидан озод этиласиз.
Буларга IТ-йўналиши ҳам киради. Керакли ҳужжатлар топширилгач, ҳукумат комиссияси уларни текшириб, икки ой ичида натижаси ҳақида маълумот беради.
Нидерландияга виза олиш учун ўзбекистонликлар қиролликнинг Москвадаги элчихонасига мурожаат қилишига тўғри келади – Ўзбекистондаги элчихона виза бериш ишлари билан шуғулланмайди.
Агар иш берувчи сизни ўзи чақириб олса, виза жараёнларининг катта қисмини ўзи бажаради. Менда ҳам шундай бўлган.
Лекин охирги йиллар содир бўлаётган ҳодисалар туфайли жараёнлар анча чўзилиб кетди. Шу сабаб ишга қабул қилинган кунимдан чиққунимга қадар деярли 3 ой ўтди.
Чет элга кўчиб келишдан аввал уй ижараси, солиқ ва тиббий суғурта каби масалаларни яхшилаб ўрганиш жуда муҳим. Катта шаҳарларда имкониятлар кўп бўлгани учун ижарага уй олиш мураккаб ва вақт оладиган жараён.
Вақт қадрини ва дунё кенглигини чуқурроқ англадим
Ўзга юртдаги ҳаёт дунёқарашни албатта кенгайтиради. Нидерландиядаги ҳаётни кўриб, вақт қадрини ва дунё кенглигини чуқурроқ англадим. Кўп миллатли давлат бўлгани учун, ер шаринининг деярли барча чеккаларидан келган инсонлар билан кўришиш мумкин. Уларнинг дини, мадинияти ва урф-одатлари ҳар хил бўлишига қарамасдан, очиқ ва кўнгли ҳамнафаслиги умуминсоний қадриятларни намоён этади. Бундан ташқари, инсон оилавий ташвишлар билан чекланиб қолмаслиги ва имкони чекланганларга қўлдан келганча ёрдам бериш кераклигини тушундим.
Муаммонинг эгизидан бошлайман
Ҳақиқатда, дастурлаш қизиқ ва шу билан бирга мураккаб соҳа. Фаолият давомида муваффақиясизликлар рўй бериб туради. Бироқ, ана шу муваффақиятсизликлар ўрганишнинг энг самарали йўли, боиси дастур ишламаслик сабабини тушуниб, нега ишлаши кераклигини англаса бўлади (кулади). Муваффақиятсизлик пайтларида, муаммонинг эгизидан бошлайман. Яъни, муаммога изоҳ бериш, ундан ечимдан нима кутаётганлигим жавобини топсам, жавоб қидириш енгиллашади. Энг катта мағлубиятим Ўзбекистондаги Exadel компаниясига ишга топширганим деса бўлади. Интервюларга 4 йилдан бери киришмаганлигим ва олдиндан тайёрланмаганлигим сабаб, шармандали даражада йиқилганман. Кўз очадиган тажриба бўлгани учун, дастурлашнинг базавий тушунчаларидан бошлаб қайтиб ўқиб чиққанман. Ҳосили эса кейинроқ EPAM ва Amazonга кирганим, дея оламан.
Яна бир иш кучи инқилобига сабаб бўлиши мумкин
Дарҳақиқат, OpenAI, яъни сунъий интеллект бугунги кунда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Фикримча, сунъий интеллект тарихдаги яна бир иш кучи инқилобига сабаб бўлиши мумкин. Қишлоқ хўжалиги ва саноат инқилоблари каби содда ва такрорий ишларни автоматизация қилиш яна бир бор қайта кўриб чиқилади. Мисол қилиб олсак, такси ҳайдовчилар ўрнини ҳозирги автопилот боса олади. Автопилот таннархи, қонунчилик ва масъулият чегаралари, бу вақт масаласи эканлигини кўрсатмоқда. Бундан ташқари, HR, бухгалтер ва юристларнинг базавий ишлари ҳамда қоғозбозликлар тизимлашишини сунъий интеллект ўз зимасига олади. Шу билан бирга, ҳар қандай иш кучи инқилобидан кейин инсон иш унумдорлиги каррасига ўсиши ва янги креатив иш ўринлари пайдо бўлишига ишонаман.
Муваффақиятга эришиш осон бўлмайди
Очиғи дастурлаш соҳасини аксарият ёшлар даромади юқори бўлгани учун танлашаётганлигини “нормал” деб биламан. Даромад сабаб касб танлаш бу келажакни ўйлаб қадам ташлашдир. Лекин қизиқишсиз, албатта муваффақиятга эришиш осон бўлмайди, университетдаги ярим курсдошларим IТда эмас, улар IТга яқин соҳалардан иш топа олган. Бу билан қизиқишсиз IТга кирганлар, ўз имкониятларини бошқа қизиқарли бўлиши мумкин соҳалардан чеклаб қўйишади. Дастурлашда чуқур билимга эга бўлмасдан юқори даромадга чиқиш ҳам қийин.
Қолаверса, ҳозирги кунда ахборот технологиялари тез ўсаётганлиги сабаб соҳа мураккаблашиб, дастурчилар олдига ҳам янги талаблар қўйилмоқда. Мисол учун, мен карьерамни энди бошлаганимда, 3-4 та технологияларни билиш етарли эди, ҳозирги кунда эса, “cloud-computing” вa “distributed system”лар каби янги технологиялар ҳам қўшилган. Лекин шу билан бирга, иш ўринлар кенгаётганлиги ва вазифаларга қараб бўлинаётганлиги қувонарли. Бу билан дастурчи ўз йўналишида иш топиши ва концентрация қила олиши осонроқ бўлади. IТ компаниялар бугунги кунда барча соҳаларга кириб келаётганлиги, рақамлаштириш ишлари бардавом эканлигига намуна бўлади.
Янги имкониятлар пайдо бўлмоқда
Ўзбекистон бозорида шиддат билан кенгаётган интернет қоплами, IТ-компанияларнинг турли солиқлардан озод бўлишини эътироф этиш керак. Шунингдек, фрилансерлар эса қонуний иш юритиш имкони ‘outsoursing’ хизматларини кенгайтирмоқда. Бундан ташқари, IТга оид янги университетлар, ўқув марказлар ва маҳаллий онлайн ўқув сервислар чекка ҳудудлардаги ёшларда ҳам соҳани ўрганишга имкон бермоқда.
Қийин пайтларда такрорлаб турадиган шеърим
Дастурчи бўлсам-да, китоб мутолаасига вақт ажратишга ҳаракат қиламан. Жек Лондоннинг “Мартин Иден” асари севимли китобларимдан бири. Китоб мақсади бор бўлган инсон қўлидан барча нарса келиши ва ҳаётдаги имкониятлар ва одамлар ҳақида кўпроқ тушунчага эга бўлишга ёрдам беради. Муаллифнинг “Денгиз Бўри” китоби ҳам кўпларга маъқул келади.
Виктор Гюгонинг “Кулаётган инсон” китоби ҳам менда яхши таассурот қолдирган. Тарихдаги воқеалар, инсонларнинг ўзаро муносабати, қадриятлар ва бойликнинг қоронғу томонларини ёритадиган китоб. Яхшиликнинг қадрини ёмонлик соясида кўришга, инсонийлик ва ҳамдардлик туйғуларини чақирадиган асар.
Эрик Мария Ремаркнинг “Уч оғайни” асари ажойиб китоблар сирасига киради. Ундан урушдан қайтганларнинг ҳаёти, уларнинг урушдан кейинги кечинмалари, мақсад-у ниятлари ва уруш сабаб қийинчиликларини ёритиб берган.
Бир шеър ҳам қўшиб кетай. Инглиз шоири Ридярд Киплининг “Агар” шеърини кўпчилик ўқимаган бўлса керак. Уни ўзбек тилида учратмаганман, лекин рус тилида Лозинскининг таржимаси бор. Мушкул ва қийин пайтларда такрорлаб турадиган шеърим.
Ҳаёт миссияси содда бўлиши мумкин эмас
Ота бўлганлигим сабаб, фарзандимни шифокорга олиб борганимда, она-бола бурчаги борлиги жуда қувонтиради. Чунки кутаётган пайтда кичикинтой ўйинчоқлар билан чалғиб, кийимини алмаштириш ва овқатлантириш имкони бўлади. Ўзимни эсимда борки, болалигимда бундай бурчаклар Ўзбекистондаги поликлиникаларда бўлган, уларни қайта жорий этиш, анча қулайлик яратар эди.
Бундан ташқари, маҳаллаларда боғчага чиқмаган болалар учун ҳафталик очиқ эшиклар бор. Бунда болалар бирга ўзаро мулоқот-муносабатда бўлиб ўйнашади, ота-оналар танишишади ва тажриба алмашади. Бу билан боланинг когнитив қобилиятлари кичик ёшдан бошлаб ривожланади.
Саволнинг иккинчи қисмига тўхталадиган бўлсам, икки сўз билан айтганда, бахт топиш ва биров бахтига сабабчи бўлиш эзгу ниятларимдан. Кенгроқ эса ўз касбимнинг юқори даражали мутахассиси бўлиш, билим ва тажрибам билан яқиндан бўлишиш, ватанимга қайтиб ҳам касбий ва кўнгилли ишлар орқали жамиятга ёрдам бериш. Юқоридаги гапларим баландпарвоз гаплардек туюлиши мумкин, лекин ҳаёт миссияси содда бўлиши мумкин эмас.
Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter