Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳақ сўз учун кесилган бошлар. Пиримқул Қодировнинг матбуотда эълон қилинмаган интервьюси

Ҳақ сўз учун кесилган бошлар. Пиримқул Қодировнинг матбуотда эълон қилинмаган интервьюси

Фото: «Xabar.uz»

Умр вафо қилганида, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров 25 октябрь куни 91 ёшни қаршилар эди. Салмоқли романлари, дилбар қисса ва ҳикоялари билан адабиётимизга янги нафас олиб кирган забардаст ёзувчимиз билан вафотидан бир муддат аввал (2010 йил) гурунглашган эдик. Аммо суҳбат турли сабабларга кўра матбуотда эълон қилинмади. Интервью-монологни «Xabar.uz» ўқувчилари эътиборига ҳавола этмоқдамиз. 

Кўпкарили тўй учун сургун

Орадан қанча йиллар ўтди. Аммо тупроқ кечиб, кўча чангитиб юрган болалик даврим кечагидек кўз ўнгимда. Болаликда сигиру эчки-улоққа ўт ўриш, олисдан челакда сув ташиб келиш кундалик вазифам эди. Ана шу дастёрлик ишларидан бўшаган пайтимда қўлга китоб олардим. Баъзида мутолаага ҳалал бермасинлар дея пана жойга яшириниб олардим.

Жаҳон адабиётидан Михаил Лермонтовнинг «Замонамиз қаҳрамони», Этель Лилиан Войничнинг «Сўна», Роберт Льюис Стивенсоннинг «Жавоҳирот ороли» асарлари менга манзур эди. Ўзбек адабиётидан энг таъсирланиб ўқиган китобим – Ойбекнинг «Қутлуғ қон»и. Йўлчининг тупроғи тўпиққа чиқадиган кўчалардан ялангоёқ юриб, қишлоқдан шаҳарга келишини ўз ҳаётимга ўхшатардим. Чунки мен ҳам мурғак болалик кезларимданоқ кўп қийинчиликларга дуч келганман.

1930 йили –  икки ёшга етганимда отамиз кетма-кет тўрт ўғил кўргани хурсандчилигига бир ҳафта кўпкарили тўй беради, тўқсон пуд гуручдан ош дамлатади. Дабдабали тўй сабабли отам беш йилга сургун бўлади, онам жўжабирдек тўрт боласи билан қишлоқдан бадарға этилади. Қор тизза бўйи ёққан изғиринли кунда волидам билан тоғам бизни кўрпаларга ўраб, отда киндик қоним тўкилган Кенгқўлдан онамнинг қишлоғи – Оқсувга жўнайди. Тоғ йўлларидан юриш мушкул, ерлар тойғоқ. Онамнинг қўлида олти ойлик укам – Раббим бор. Отлар музга тойиб йиқилганда уларнинг устидаги юклар ҳам қорга қулаб тушади. Онам билан тоғам отларни турғизиб, юкларни ортгунча биз қорда қоламиз. Ўшанда олти ойлик гўдак укамга совуқ ўтиб кетган экан – Оқсувда нобуд бўлди...

Беш йиллик сургунни Ўзбекистоннинг Ховос тумани Искандар қишлоғида ўтказдик. Бу йиллар ичида бизга яхшилик қилганлар кўп бўлди, лекин зўравонликка ўрганган балохўрлар бошимизга не кунларни солмади, бор-будимиз, ҳатто ёғоч корсону кигизимизгача мусодара қилинди.

Оиламиз отам сургундан келганидан кейин ҳам шўролар таъқибидан қутулмади. Бир эмас, уч марта қувғинга учрадик, иссиқ уйимиздан, бор-будимиздан маҳрум қилиндик. Оғир синовлар туфайли жуда барвақт улғайдим.

Хазина топгандек эдим...

Ёшлик йилларимда Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат каби улуғ ижодкорларнинг асарларини тақиқ остида эди. «Ўткан кунлар», «Кеча ва кундуз» романларини уйида сақлаганлар, яширинча ўқиётганлар қўлга тушса, қатағон этиларди. Инсон тақдиридаги ўзгаришлар тарихда юз берган бурилиш паллалари билан боғлиқ ҳолда кечар экан.

25 яшар аспирант пайтим Абдулла Қодирий, Чўлпон ва бошқа миллатпарвар ижодкорларимиз ноҳақ қатағон қилингани тан олинди. Уларнинг «темир сандиқ»ларда сақланган асарларини топиб ўқиганимда, дилимда кучли туғён турди.

«Ўткан кунлар»ни биринчи марта 1956 йили – асар қўлёзмаcи қайта нашрга тайёрланаётган кезларда ўқиб чиқдим. Ўша пайтда «Уч илдиз» романи устида ишлаётган эдим. Кўпдан бери қидириб юрган хазинани топгандек бўлдим. «Ўткан кунлар» романидаги бетакрор нафосат дилимга пайванд бўлди, бу ёзаётган асаримга ҳам таъсир кўрсатди.

Адабиёт осмонида момақалдироқ гулдуроси

Тошкент давлат дорилфунунида (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети) ўқиб юрган кезларимда Абдулла Қаҳҳор ижодига қаттиқ ихлос қўйганман.

Мен адибнинг асарларини завқу шавқ билан ўқирдим. Адибнинг ўзи билан кўришиш истаги тинчлик бермасди. Кунларнинг бирида илк ҳикоямни машинкалатиб, Абдулла аканинг уйларига олиб бордим. Ўшанда биринчи курс талабаси эдим. Абдулла ака шу қадар камтар, хушмуомала, одамшаванда эканки, ҳали синашта бўлмаган ёш қаламкашни уйида қабул қилди.

Ёзувчи бўлиш иштиёқида юрганимни сезиб, «Орзуга айб йўқ, лекин ёзувчилик  бу – виждон иши. Ёзувчиликдан нон ейман деган одам хато қилади. Бирор касбни эгаллаб, нонингизни бутун қилинг, кейин ёзувчи бўлинг. Ана шунда манфаатга берилмайсиз, пул топиш учун ёзмайсиз, виждонингиз «ёз» деганини ёзасиз», дея ўгит берди. Устознинг ана шу сўзлари қалбимга, онгу шууримга муҳрланиб қолди. Бутун умр пул топиш учун китоб ёзмадим, билъакс, қалб амри ила қалам тебратдим. Адабиётга эндигина кириб келаётган муҳим паллада Абдулла Қаҳҳордек талабчан адибнинг менга ёрдам қўлини чўзгани тақдирнинг катта инъоми эди.

Қаҳҳор домла кейинроқ айрим ҳамкасбларимиз «Уч илдиз» ва «Қора кўзлар» романларимдан хато қидириб, менга асоссиз айб тақамоқчи бўлганда ҳам кўкрак кериб ҳимояга чиққан эди. «Уч илдиз»ни бошқалар танқид қилаётган бир пайтда устозимиз унга бундай баҳо берганди: «Анча вақтдан бери ўзбек адабиётида момақалдироқ гулдуросини эшитмай юрган эдим. Назаримда, мана шу асар адабиётимизга момақалдироқдай гулдурос солиб, чақмоқдай ялтиллаб кириб келяпти...»

Қаҳрамонлар қисматига яширинган сир

Мудҳиш қатағон йилларида суюкли ижодкоримизга ноҳақ отилган маломат тошларидан қаттиқ изтироб чекканман. Ахир, ўзим ҳам ҳали ақлимни танимасдан шафқатсиз қатағон оғриқларини танамда ҳис қилган эдим-да.

Ҳақ сўз учун ижодкорларнинг боши кетаётган оғир замон эди. Шундай бўлса-да, асарларимда изтиробларим, норозилигимни рамзлар воситасида кўрсатишга ҳаракат қилганман. «Уч илдиз» романида шундай эпизод бор: миллатпарвар олимлар – профессор Абдураҳмон Тошев ва доцент Темур Акбаровга ичиқора, бахил кимсалар туҳмат уюштиради. Ўз фикрида собит олимлар бўҳтон ва маломатга қарши мардона курашадилар. Кези келганда айтишим керакки, талабаларнинг севимли профессори Тошев образида Ойбек домла ва бизга тарихдан дарс берган Абдураҳмон Ҳамроевни (Ўзбекистон халқ артисти Раззоқ Ҳамроевнинг акаси) назарда тутганман. Мустабид тузум малайларига қарши дадил курашган Темур Акбаров тимсолида эса устоз Абдулла Қаҳҳорни тасвирлаганман.

Мирзо Бобур менинг тақдиримда

Бой ўтмишимизни ўрганар эканман, улуғ аждодларимиз ҳақида тарихий хотирани уйғотадиган асарлар ёзишим керак деган хулосага келдим. Соҳибқирон Амир Темурнинг муносиб давомчиси – Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахси мени ёшликдан оҳанрабо каби ўзига тортарди. «Юлдузли тунлар» романимни ёзиш учун туну кун излана бошладим. Лекин узоқ мозийнинг чигал тарихий муаммолари орасига кириб борганим сари олдимда турган вазифанинг улканлиги, мушкулотлар кўплиги, бунинг учун катта тайёргарлик ва тажриба зарурлигини ҳис қилдим. Бу ишнинг уддалай олмасам, халқимиз учун беҳад қадрли мавзуни ҳайф қилиб қўйишдан қўрқар эдим.

Ўйлаб қарасам, Мирзо Бобур ҳақида роман ёзганим тасодиф эмас экан. Фан аллақачон энергиянинг сақланиш қонунини кашф этган. Бу жиҳатдан олганда, инсон руҳи, унинг ирсияти ҳам энергиянинг бир тури. Бобур ҳақида китоб ёзишимга ана шу руҳий қудрат катта таъсир кўрсатган деб ўйлайман.

«Бобурнома»да Оқсув қишлоғи ҳақида маълумот бор. Бобур йигитлик чоғи қувғинга учраган пайтлари шу ерда қишлаган. Менинг болалик йилларим ҳам Оқсувда ўтган. Мен ҳам улуғ бобомиз қадами теккан ерларда чопиб юрганман, унинг оғзи теккан булоқлардан қониб сув ичганман, ўша арчазорлар ҳавосидан нафас олганман. Ёшлигимдан Бобурга чуқур ихлос қўйганим сири ҳам шунда бўлса керак.

Мустабид тузум буюк тарихимиздан, халқимиз миллий ўзлигини англаб қолишидан жуда қўрқарди. Шу сабабли «Юлдузли тунлар» ёзилганидан кейин олти йилгача босилмай ётди. «Авлодлар довони» уч йилгача тақиқ остига олинди. Замон ўзгариб, тақиқ ва таъқиблар ҳам сусайди...

Шоҳжаҳон ҳақида роман ёзмоқчиман...

Адабиёт даргоҳида салкам олтмиш йилдан буён қалам тебратаётган бўлсам, шундан ўттиз йили тарихий романлар ёзишга, сўнг уларни босиб чиқариш йўлидаги ғовлардан ошиб ўтишга сарф бўлди. Ижодкор ҳар доим ҳақиқатни ёзиши зарур, ростгўйлик, виждонга садоқат ёзувчининг қалб гавҳари бўлиши керак. Умрим давомида ана шу фазилатларга хиёнат қилмасликка интилдим. Ҳаётимни уч муҳим тушунча: яхши фикр, яхши сўз ва яхши амал асосига қуришга ҳаракат қилдим.

Ижодкор зотининг ҳаёти изланишдан иборат. Яқинда «Она лочин видоси» романини қайта ишладим. Асарнинг тўлдирилган, бойитилган варианти «Шоҳрух ва Гавҳаршод» номи билан ўқувчилар қўлига етиб борди. Айни пайтда янги тарихий асар учун материал йиғяпман. Бу галги романим қаҳрамони бобурийлар сулоласининг яна бир ёрқин вакили, машҳур Тожмаҳалнинг бунёдкори Шоҳжаҳон бўлади. Худо умрдан берса, мана шу асаримни азиз ўқувчиларимга тақдим этиш ниятидаман.

Ҳаётимдаги энг унутилмас воқеа

Бундан ярим аср аввал – талабалик пайтларим газеталарга мақолалар ёзиб юрардим. Кунларнинг бирида ёшлар газетаси Москвадаги гимнастика мусобақасида муваффақиятли иштирок этган спортчи қиз ҳақида мақола тайёрлашни топширди. Биргина учрашув тақдирни ўзгартириб юбориши кимнинг хаёлига келибди дейсиз!

Айтилган манзил – Чирчиқ яқинидаги спорт мактабига етиб бордим. Қаҳрамоним – эндигина 7-синфни битирган София исмли қиз. У билан суҳбатлашдик, гап-сўзлари, ўзини тутиши менга манзур бўлди. 1950 йили университетнинг 5-курсида ўқиётганимда шарқшунослик факультетига олтин медаль билан имтиҳонсиз кирган ёшлар даврасида ўша қизни кўриб қолдим. Тақдирни қарангки, шу қиз умр йўлдошим бўлди. Худо менга София хоним каби оқила аёлни умр йўлдоши қилгани учун шукроналар айтаман.

Рафиқам барча асарларим қўлёзмаларини машинкада кўчириб берган. Хоним билан тўрт фарзандни тарбияладик. Фарзандларимизнинг барчаси олий маълумотли зиёлилар – инглиз, форс, афғон тиллари мутахассислари бўлиб етишди...

Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам қайтади

Инсон ҳаёт йўлидан фақат бир марта ўтади. Умримизнинг ҳар бир они ғанимат. Ўтаётган ҳар бир дақиқа ўз эгасидан маъно-мазмун сўрайди. Энг қиммат бойлик – вақтдан унутли фойдаланиш керак. Инсон умрининг ҳар лаҳзасини мазмун билан тўлдириш, оиласи, меҳрибонлари, халқи учун яхшиликлар қилишга интилиши лозим.

Ёшим саксон бирга кирганда ҳаёт тўғрисида чиқарадиган энг қисқа хулосам шуки, дунёга бир марта келадиган одам эзгулик билан умр кечириши шарт. Негаки, ёмонлик қайтгани каби яхшилик хам кутилмаган жойдан ва кутилмаган одамлардан қайтади.

С.Салим суҳбатлашган


Таржимаи ҳолга чизгилар

Пиримқул Қодиров 1928 йил 25 октябрда Тожикистоннинг Шаҳристон туманидаги Кенгқўл қишлоғида дунёга келган.

1951 йили Ўрта Осиё давлат университетининг шарқшунослик факультетини тугатган, Москвадаги Жаҳон адабиёти институти аспирантурасида таҳсил олган.

Адиб «Уч илдиз», «Қора кўзлар», «Олмос камар», «Юлдузли тунлар», «Авлодлар довони», «Она лочин нидоси» романлари, «Қадрим», «Эрк», «Мерос», «Акрамнинг саргузаштлари», «Яйра институтга кирмоқчи», «Нажот» қиссалари билан адабиётимизни бойитган.

Филология фанлар номзоди илмий даражасига эга ёзувчи «Дил ва тил», «Халқ тили ва реалистик проза», «Тил ва эл», «Амир Темур сиймоси» каби пухта изланиш ва тадқиқотларга бой рисолалар ҳам яратган. 

Асарлари рус, украин, ҳинд, урду, турк, уйғур, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида нашр этилган.

Пиримқул Қодиров давлат арбоби сифатида Ўзбекистон Республикаси Адабиёт, санъат ва меъморлик соҳасидаги давлат мукофотлари қўмитаси раиси (1989-1994), Олий Кенгаш Маданият ва маданий мерос қўмитаси раиси (1991-1995), Олий Мажлис Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари (1997- 2000) вазифаларида ишлаган.

Забардаст адиб Ҳамза номидаги давлат мукофоти, «Буюк хизматлари учун», «Эл-юрт ҳурмати» орденлари ҳамда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг