Қозоғистон раҳбари сиёсий қатағон қурбонларини ёдга олди
Қозоғистонда 31 май – Сиёсий қатағон ва очарчилик қурбонларини хотирлаш куни саналади. Мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев шу муносабат билан ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифасида пост чоп этди.
«Бугун, 31 май куни биз ўтган асрдаги сиёсий қатағон ва очарчилик қурбонларини ёдга оламиз. Давлатимиз қатағон қилинган бегуноҳ қурбонларга нисбатан тарихий адолатни тиклаш, тарихимизнинг қора саҳифаларини холис ва пухта ўрганиш ишларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўтмишдаги фожиали воқеалардан сабоқ олиб, уни миллат хотирасида сақлаган ҳолдагина биз ҳар қандай синовлардан муваффақиятли ўта оламиз, адолатли давлат ва уйғун жамият барпо этиш йўлида юксак марраларни забт эта биламиз», – деб ёзган Қ.Тўқаев.
Қозоғистон ҳам собиқ Иттифоқнинг бошқа республикалари каби шўро қатағонидан катта азият чеккан. Маълумотларга қараганда, 1921-1954 йиллардаги қатағонлар даврида қарийб 100 минг киши сиёсий айбловлар билан маҳкамага тортилган, улардан 25 минг нафари отиб ташланган. Улар орасида давлат ва жамоат арбоблари, интеллектуал элита вакиллари бор.
Қозоғистон президентининг 2020 йилдаги фармони билан таъсис этилган махсус комиссия сиёсий қатағон қурбонларини реабилитация қилиш бўйича тизимли фаолият юритиб келмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter