Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Гулнора Каримовани ким «ўлдирди»? Халқаро санкциялар кучаймоқда (3-мақола)

Гулнора Каримовани ким «ўлдирди»? Халқаро санкциялар кучаймоқда (3-мақола)

Фото: «uznews.uz»

15 миллиард экани тахмин қилинмоқла

Аввалига Гулнорага қўйилаётган айблар Ислом Каримов томонидан атайлаб ўйлаб топилган, бу келгусида ўзининг ўрнига келувчи қизини сунъий равишда мухолифга айлантиришнинг янгича усули, деб қаралаётган эди. Шу орқали қизини аввалги сиёсий режимдан қаттиқ азият чеккан жабрдийда қилиб кўрсатиш, унга истиқболда яхши сиёсий платформа тайёрлашга ҳаракат қилинаётгандек таассурот пайдо бўлди.

Аммо бундай эмаслиги Ислом Каримов 2015 йилдаги президентлик сайловларида яна ўз номзодини илгари сургач, очиқ-ошкор бўлиб қолди. Бу ҳол, Каримов токи тирик экан, ҳокимиятни ҳеч қачон ва ҳеч ким билан, ҳатто ўз қизи билан ҳам бўлиша олмаслигини яна бир карра исботлаб турарди. Қолаверса, бу пайтга келиб, унга кўплаб муаммоларни туғдирган уқувсиз қизининг сиёсат осмонидаги юлдузи сўна бошлаган эди. Зимдан ҳокимиятни суиистеъмол қилиши, талон-торожликлар ёши улуғ Ислом Каримовни ҳаддан ташқари зўриқтираётган, жиддий асабийлаштираётган эди. Чунки калтакнинг иккинчи учи, шубҳасиз, ўзига ҳам тегар эди.


Мавзуга оид: Гулнора Каримовани ким «ўлдирди»? (1-мақола)


Бу ҳам камлик қилганидек, ижтимоий тармоқларда қизи оила аъзоларига нисбатан кетма-кет танқидий фикрларни юзсизларча билдира бошлади. Бу эса ҳукмрон оиланинг бошқарувдаги сиёсий қобиллигини шубҳа остига қўярди.

Назоратсиз Гулнора ҳатто бир гал ўз отасини қаттол Сталинга тенглаштириб юборди. Бу эса унинг тарих илмидан заррача бехабарлигини ёки жуда билимдону, атайлаб сиёсий «очко» йиғишга интилаётганини кўрсатди-қўйди.

Каримов нима учун эрка қизининг кирдикорларидан халқаро ҳамжамият бонг урмагунича бехабар бўлган? Нега оиласи атрофида бўлаётган, биринчи навбатда ўзи билиши керак бўлган воқеалар ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумотга эга бўлмасдан ғафлатда қолди? Ниҳоят, ўз оиласи аъзосига нисбатан шунча кўп жиноятлар фош қилинганидан кейин истеъфога кетиши мумкин эмасмиди? Бу оғир саволларга ким жавоб беради, ахир?

Нима бўлганда ҳам мамлакат иқтисодиётининг деярли барча соҳаларидан ўз «доля»сини қолдирмай олиб келган Гулноранинг ноқонуний «тадбиркорлик» фаолиятига чек қўйилди.

Отаси ғазабидан сўнг Гулноранинг уюшган гуруҳига тегишли 45 та турли фирма, 16 та оффшор компания ёпилди, унинг атрофидаги кўплаб муттаҳамлар қўлга олиниб, узоқ муддатларга қамалди. Жумладан, уни кўкларга кўтариб мақтайдиган ва назоратидаги 4 та телеканал («Fоrum ТV», «ТV-Маrкаz», «NТТ» ва «SOFTS»), 3 та радиостанция («Теrrа», «Замин», «А'lо FМ») ўз ишини тўхтатди.

Фото: «ca-portal.ru»

Гулноранинг отаси даврида хаспўшланган ва кўз юмилган аввалги қилмишлари қайта кўриб чиқилиб, 2017 йил 18 декабрда жиноят ишлари бўйича суд томонидан унга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Етказилган умумий зарар миқдори 1,27 триллион сўм, 1,6 миллиард доллар ва 26,1 миллион еврога тенг, деб баҳоланган. Ҳозиргача унга қарши 12 та давлатда тергов ишлари амалга оширилди, суриштирув ишлари ҳамон давом эттирилмоқда.

Очиғи, бу миқдор терговлар чоғида юзага чиққан аниқ фактлардир. Экспертлар эса аниқлашнинг ҳеч қандай имкони бўлмаган катта бойликлар қаерлардадир сақланаётганини тахмин қилишади. Унинг гуруҳи томонидан 15 миллиард доллар ўзлаштирилгани айтилади.

Агарда Гулнора ҳокимиятга келиб қолганида борми, унинг атрофидаги оч қашқирлар тўдаси Ўзбекистонни бурда гўштдай ямламай ютиб юборар эди.

Энг нафратланарлиси, ўзлаштирилган бойликлар орасида қадимий ва бебаҳо маданий меросимизнинг нодир намуналари ҳам борлигидир.

Халқаро санкциялар кучаймоқда

2017 йил 20 декабрда АҚШ президенти Дональд Трамп имзолаган фармонга мувофиқ, хориждаги қатор шахслар ва компанияларга нисбатан «инсон ҳуқуқлари ва коррупция учун жавобгар» сифатида санкциялар жорий қилинган эди.

Бу рўйхатда Гулнора Каримованинг ҳам номи бор.

АҚШ томони Гулнора Каримовани бизнесни зўрлик билан тортиб олиш, бозорларни монополлаштириш, пора олиш, рэкет учун давлат ресурсларидан фойдаланган ҳолда қудратли уюшган жиноий гуруҳга раҳбарлик қилиш каби айбларни қўймоқда.

Ушбу санкциялар туфайли хонимнинг АҚШ ҳудудидаги барча активлари хатланиб, кейинчалик суд қарори билан давлат фойдасига мусодара қилиниши мумкин. У билан ҳамкорлик қилган ҳар қандай компания ва муассаса жазога тортилади. Бу эса Гулнора Каримованинг Ўзбекистон ташқарисига чиқиши ҳамоно ҳибсга олишини ва содир этган барча жиноятлари учун узоқ муддатларга қамалишини англатади.

Фото: «BBC.com»

Шу маънода Гулнора Каримованинг ўғли онаси катта сиёсатга қайтиш учун керакли салоҳиятга эга эканлиги, бунга Ўзбекистоннинг янги раҳбарлари ўзларидан қўрқиб, тўсиқ бўлаётгани ҳақидаги даъво-ю иддаолари пучдир.

Аслида Гулноранинг сиёсий истиқболи нолга тенг. Мавжуд салоҳият ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ўзбек тилида сўзлашишни ўзига ор биладиган, ярим-яланғоч юришни замонавийлик ва либераллик белгиси деб фахрланадиган, маънавияти саёз, бировнинг фикрига тоқат қила олмайдиган Гулнора каби «сиёсатчи»ларга халқнинг кўзи учиб тургани йўқ.


Мавзуга оид: Гулнора Каримовани ким «ўлдирди»? (2-мақола)


Гулнорани ҳибсга олиш қарорини ҳукумат ёки сиёсатчилар эмас, айнан жиноят суди чиқарганини ҳам унутманг. Адолатни таъминловчи ушбу ҳокимиятнинг ишига қонундан ташқари ҳолатда ҳеч кимнинг аралашишга ҳаққи йўқ. Ёшлигидан айтгани айтган, дегани деган бўлиб келган Исломбой балки буни тушунмас, тушуна олмас. Аммо демократик жамият қураётган Ўзбекистонда буни яхши англашади. Суд фаолиятига у ҳатто валломат бўлса ҳам аралашувига қонун изн бермайди.

Аммо ҳозир бошқа масала муҳим. Гулнора ҳақиқатда қилган нотўғри ишларига чин дилдан иқрорми? Ўзи учун тўғри хулоса чиқариб олганми? Келгусидаги ҳаётини қандай тасаввур этади? Ўзгаларни ҳам озгина тинглашга қодирми? Қилмишлари учун халқдан кечирим сўрашга ва уларнинг таланган бойликларини юртига қайтаришга розими?

Бу каби саволлар унинг номуносиб ҳаракатларидан кейин очиқ қолмоқда.

Ғофур Раҳимов, «қора рўйхат» ва Гулнора

Унинг шубҳали ва мақтанчоқлик руҳи билан йўғрилган ғоялари, яширин хатти-ҳаракатлари, андишасиз-у ва ахлоқсизлиги, ўта асабий шахсияти, сиркаси сув кўтармаслиги маълум ва машҳур эди.

Барча йирик тадбирларни ҳокимлар, тадбиркорлар ва фуқароларнинг маблағи эвазига мажбурий амалга оширишга ўрганиб қолгани жуда кўпчиликда ҳақли норозилик уйғотарди. Аҳолининг қонунларга ҳурматини ҳам сўндира бошлади, президент сиёсатига иккиланиш ва мавҳум шубҳаланиш билан қарай бошлади.

Қуюшқондан чиқиб кетган ўғри ва зўравонлар Гулнора атрофида тўдалашиб, ўз коррупцион режаларини ва молиявий манфаатларини қандай амалга ошириш ҳақида унга маслаҳатчилик қилишди, унинг қўли билан Ўзбекистонда хусусий бизнес ривожланишига тушов-душман бўлишди.

Ўтган йили АИБА президенти этиб сайланган Ғофур Раҳимов ўз интервьюсида ҳеч қачон трансмиллий жиноий уюшмаларда иштирок этмаганини, унга қарши кечган халқаро кампанияларга айнан Гулнора Каримова бош-қош бўлганини, охир-оқибат бу жонбозлик унга қоплаб бўлмас зарар келтирганини очиқ тан олган эди.

Фото: «Repost.uz»

Гулнора унга ўз бизнесини молиявий қўллаб-қувватлаш талабини қўйганини, аммо бунга принципиал тарзда қаршилик билдиргач, кучли босим туфайли оиласи билан Ўзбекистондан батамом чиқиб кетишга мажбур бўлганини яширмади. «Шундан кейин «опа»нинг жирканч гуруҳи кучли кампания бошлаб, менинг қолган бизнесимни ҳам йўқ қилиш учун АҚШ ғазначилигига Ўзбекистон ҳукуматининг қўли билан ёлғон ахборот бериб юборди», дейди у.

Оқибатда Раҳимов халқаро «қора рўйхат»га тушиб қолганини қистириб ўтди. Энг қизиғи, Раҳимов бу рўйхатда турган вақтида, яъни 2017 йилнинг декабрида Гулнора Каримованинг номи ҳам ушбу базага келиб тушган.

Гулнора баъзан ким билан ўйнашаётганини билмас, ўзи томонида бўлмаган барча гигантларни ўзига душман қилиш йўлидан борди. Албатта, Россия ва халқаро майдонда ўз таъсири ва қудратига эга Ғофур Раҳимов ҳам Гулноранинг ҳокимиятга келишидан манфаатдор эмас эди. Бунинг учун қўл қовуштириб, четдан томошабин бўлиб ўтирди, дейиш учун камида оми бўлиш керак. Лекин ҳозир гап бунда эмас.

Албатта, унга нисбатан бўҳтонларга ҳукуматимиз томонидан нуқта қўйилди, аммо нуфузли халқаро спорт ташкилотига бир ўзбекнинг раҳбар бўлиши атрофида кечган кескин можарою тўполонлар ортида айнан ўзимизнинг одамлар ҳам тургани ўйга тортадиган ҳолатдир. Шу тариқа Раҳимов барибир истеъфо беришга мажбур бўлди.

Давоми бор.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг