Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Электр энергетикаси соҳасини ислоҳ қилишнинг Арманистон тажрибаси

Электр энергетикаси соҳасини ислоҳ қилишнинг Арманистон тажрибаси

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) тадқиқотчилари томонидан электр энергетикаси соҳасини ислоҳ қилишнинг Арманистон тажрибаси ўрганилди.

Ўтган асрнинг 90-йиллари бошларида Арманистон молиявий жиҳатдан заиф электр энергетикаси тизими билан бозор иқтисодиётига ўтишни бошлади. Соҳада монополист компаниянинг таъсири кучли бўлиб, боз устига тизим субсидиялашганлиги билан ажралиб турарди.

Арманистон иқтисодиёти кўп жиҳатдан бошқа давлатлардан ёнилғи импортига боғлиқ эди. Юзага келган нотинч вазият ҳам жиддий муаммоларни келтириб чиқарди. Оқибатда 1990–1995 йилларда электр ишлаб чиқариш деярли 50 фоизга қисқарди. Бу ҳолат сурункали энергия танқислигига олиб келди.

Маълумотларга кўра, 2011 йилга келиб, ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг аҳоли жон бошига тўғри келадиган номинал улуши 2000 йилдагига нисбатан 5 баробар ўсди. ЯИМнинг реал ўсиш фоизи 2008 йилдаги молиявий инқироздан сўнг 2,5 фоизга пасайиб, 4,4 фоизни ташкил этди. Давлатнинг бюджет тақчиллиги 2,7 фоизга етди. Бу кўрсаткичлардаги ўзгаришлар электр энергияси тизимидаги ислоҳотларни тезлаштиришни тақозо этарди.

Электр энергияси тизимига субсидияларнинг ажратилиши ва катта имтиёзларнинг берилиши мамлакатда фискал юкнинг ортиши ҳамда бюджет тақчиллигини юзага келтирди. Мамлакатда бозор иқтисодиёти механизмларининг жорий этилиши натижасида электр энергиясини ишлаб чиқаришда нефт маҳсулотларидан кўра гидроэнергетикага кўпроқ эътибор қаратила бошланди. Гидроэнегетика тизими орқали электр энергиясини ишлаб чиқариш бошқа манбаларга нисбатан арзонроқ бўлганига қарамай, электр энергиясини ишлаб чиқариш учун ажратилган субсидиялар 1995 йилга келиб ЯИМнинг 11 фоизини ташкил этди.

Ажратилган субсидияларнинг иқтисодий оқибатлари

Ўша даврда Арманистонда электр энергетикаси тизимига қуйидаги шаклда субсидиялар ажратилган:

  • Электр энергияси таннархига нисбатан паст нархларда истеъмолчиларга етказиб берилганлиги сабабли харажатларни қоплаш учун ажратилган субсидиялар. Энергия нархлари электр энергияси ишлаб чиқариш ҳамда етказиб бериш харажатларини қоплаш ва капитални амортизация қилиш учун зарур бўлган даражадан паст эди. Ушбу харажатларни қоплаш учун бюджет маблағлари йўқлиги сабабли, электр компаниялари банкдан қарз ҳисобига молиялаштирилди. Аҳоли ва бошқа энергия истеъмолчилари (компаниялар ва давлат сектори) учун давлат томонидан субсидия ажратилган.
  • Электр энергияси соҳасидаги йўқотишлар, ўғриликлар ва аҳоли тўлов қобилятининг пастлиги. Бу истеъмол қилинган электр энергияси учун тўловларнинг ўз вақтида тўланмаслиги, электр энергияси тизимига ноқонуний уланишлар ва ундан нотўғри фойдаланишлар натижасида пайдо бўлган қарздорликнинг давлат томонидан электр компаниялар, коммунал хизматларни кўрсатувчи компанияларни қўллаб-қувватлаш учун маблағ кўринишидаги субсидиялар ажратилган. Ҳисоб-китобларга кўра, 1996 йилда энг йирик тўловчилар, шу жумладан ичимлик суви ва иситиш билан шуғулланадиган бошқа давлат коммунал хизматлари электр энергияси учун тўловларнинг 40 фоизини тўламаган.
  • Тўғридан-тўғри бюджет томонидан қўллаб-қувватлаш. Арманистон энергетика тизими учун тўғридан-тўғри ажратилаган пул маблағлари бўлмаса-да, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида тўғридан-тўғри бюджетдан бериладиган ёрдамни ссудалар шаклида кўриш мумкин. Масалан, 1996 йилда ажратилган маблағлар ЯИМнинг 0,2 фоизига тенг бўлган. Бундан ташқари, тўланмаган солиқлар ЯИМнинг 1,5 фоизини ташкил этган. Бу қўллаб-қувватлашнинг яна бир кўриниши ҳисобланган.

Электр нархларини эркинлаштириш

90-йилларнинг ўрталаридан бошланган электр энергияси нархларини эркинлаштириш билан боғлиқ ислоҳотлар натижасида 1995–1999 йилларга келиб, электр энергияси нархи кўтарилиб, электр энергияси ишлаб чиқариш ва етказиб бериш харажатларини қоплаш даражасига етади. Бу эса субсидияларнинг асосий қисмини ажратиш тўхтилади.
Уй-жой учун истеъмол қилинадиган энергия нархлари 1995–1999 йиллардагига нисбатан икки баравардан кўпроқ ошиб, 1 кВт/с нархи 25 арман драмини ташкил қилди. Бу кўрсаткич харажатларни қоплашга яқин даражага етди ва нодавлат фойдаланувчилар учун олинадиган тарифлар даражасига мос келди ҳамда бу ажратиладиган субсидияларни сезиларли даражада қисқартирди.

Энергетика соҳасидаги ислоҳотлар натижасида энергетика тизими юқори самарадорлик кўрсаткичларини қайд этди. Масалан, 1999 йилдан 2011 йилгача электр энергияси тарифлари ўзгармади. 2009 йилда Россия томонидан етказиб бериладиган газ нархининг ошиши натижасида чакана нархлар яна 20 фоизга оширилди. Бу эса энергетика тизимининг фискал юкини камайтиришда ёрдам берди. Нархларни ошириш ва энергетика тизимидаги таркибий ўзгаришлар ислоҳотларнинг асосий қисми бўлди.

Тарифларни кўтариш ва энергетика тизимидаги таркибий ўзгаришлар ислоҳотларнинг асосий мақсади бўлди. Энергия тарифлари 1999 йилда «паст нарх» тарифининг бекор қилиниши билан ўзгарди. Гарчи кам таъминланган уй хўжаликларини паст ставкаларни тақдим этиш орқали ҳимоя қилиш керак бўлса-да, ҳукумат тарифларни кўтаришга қарор қилди. Аммо аҳолининг ижтимоий кам таъминланган қатламини ҳимоя қилиш мақсадида бир қанча ишлар амалга оширилди. Хусусан, қишда истеъмолнинг юқори даражаси тўғрисида уй хўжаликлари ва энергетика компаниялари томонидан ҳисоблагич маълумотлари ҳақида ҳисобот берилиши кечиктирилди. Бир йилдан сўнг кам таъминланган истеъмолчилар, электр энергияси тизими ходимлари ва ҳарбий хизматчилар учун имтиёзли тарифлар тўғрисида тўлиқ маълумот юритила бошланди. Ислоҳотлар бюджет тақчиллигини 1994 йилдаги 21 фоиздан 2000 йилда 3 фоизгача қисқартиришда ёрдам берди.

Ислоҳотларнинг натижадорлик омиллари

Тўлов қобилятини яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатлар электр энергияси компанияларининг йўқотишларини камайтирди. Ҳисоблагичларни бузиш ва нотўғри маълумотлар беришнинг олдини олиш учун ҳисоблагичлар турар жой биноларидан коммунал йўлакларга ўтказилди. Назоратчилар томонидан нақд пул йиғиш бекор қилинди (инсон омилига боғлиқликка бутунлай чек қўйилди). Бу эса коррупция хавфини камайтирди. Тўловлар банк ва почта бўлимлари орқали ундирила бошланди. Қарздорлик учун электр энергия тизимидан қатъий узиш тамойилининг қонуний бажарилиши ҳам тўловларининг яхшиланишига олиб келди.

Жамоатчилик назоратини кучайтириш. Жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида кенг жамоатчилик сафарбар қилинди. Энергия учун юқори тариф ставкалари тўлов қобилятини пасайтирса ҳам, тўлов қобиляти 1996 йилдаги 40 фоиздан 2003 йилда 92 фоизга кўтарилди, 1999 йилда тарифлар 30 фоизга оширилганини инобатга олсак, бу ислоҳотлар яхши натижа берганини кўришимиз мумкин.

Энергетика тизимида хусусий секторнинг иштирокини таъминлашга қаратилган институционал ислоҳотлар. Хусусий секторнинг иштироки электр энергетикаси тизимидаги йўқотишларнинг олдини олиш билан бирга самарадорликни оширишга хизмат қилди. Электр энергияси ялпи таклифида хусусий секторнинг улуши 1996 йилдаги 30 фоиздан 2010 йилга келиб 90 фоизга ошди. 1997 йилда электр энергияси тарифларини белгилаш ва қайта кўриб чиқиш ҳамда тизимни тартибга солиш ваколатига эга бўлган мустақил тартибга солувчилар органи тузилди.

Кучли сиёсий ирода субсидиялар ажратишни тўхтатиш бўйича ислоҳотларни қўллаб-қувватлади. Саркисян, Балабанян ва Ҳанкинсоннинг (2006) фикрича, энергетика секторини ислоҳ қилишда сиёсий ирода жуда муҳим бўлган. Энергия тақсимоти тизимини хусусийлаштириш бўйича дастлабки тендер ўтказилганига қарамай, расмийлар ўзларининг дастлабки муваффақияцизликларидан сабоқ олишди ва қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базанинг заиф томонларини бартараф этиш билан бирга, ўз ислоҳотларини давом эттиришди.

Ҳукуматнинг ўз мажбуриятларини бажариши ҳам бирдек муҳим эди. Ниҳоят, ҳукумат Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва USAID томонидан ислоҳот дастурини амалга оширишга қаратилган шартли кредитлар ва техник ёрдам орқали сезиларли даражада халқаро молиявий ёрдам олди.

Ислоҳотларнинг таъсири

Электр энергетикаси соҳасидаги ислоҳотлар фискал юкни барқарорлаштиришда ёрдам берди. Бюджет тақчиллиги кескин қисқарди — 1994 йилдаги ЯИМнинг 16,5 фоизидан 1995 йилда 9 фоизга, 2000 йилга келиб эса 6,3 фоизгача тушди. Муваффақиятли макроиқтисодий барқарорлашув натижасида электр энергияси нархи ошишининг инфляцияга таъсири юмшатилди. Ислоҳотдан олдинги давр (1993–1994) асосан электр энергетика тизими Марказий банк томонидан молиялаштирилиши натижасида катта тақчиллик ва гиперинфляция юзага келган эди.

Макроиқтисодий барқарорлик инфляциянинг 1994 йилдаги 5 000 фоиздан 1998 йилга келиб бир хонали рақамгача пасайишига олиб келди, бу пул-кредит сиёсатининг мустаҳкамланиши ва кескин фискал консолидацияни акс эттирди. Соғлом макроиқтисодий сиёсат ва таркибий ислоҳотлар ўсишни таъминлади. Ўсиш 1995–1999 йилларда ўртача 5,5 фоизни ташкил этди. Субсидия ислоҳотининг ўсишга таъсирини макроиқтисодий сиёсат ва таркибий ислоҳотлар таъсиридан ажратиш қийин, бироқ электр энергетикаси соҳасидаги ислоҳот электр энергияси ишончлилигини оширди ва электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириш орқали ўсиш таъминланди.

Енгиллаштирувчи чоралар

Аҳоли камбағал қатламининг электр энергияси учун харажатлари юқори улушини ҳисобга олган ҳолда компенсация чоралари зарур эди. 1999-2000 йилларда аҳоли ўртасида ўтказилган сўровлар шуни кўрсатдики, уй хўжаликлари харажатларида электр энергиясининг улуши кам таъминланган аҳоли қатлами учун камбағал бўлмаган аҳолига нисбатан деярли икки баравар юқори экан. Бу, айниқса, шаҳар камбағаллари орасида кўп кузатилди.

Тариф ставкалари учун пул ўтказмалари дастури — камбағал оилалар учун нафақа, ушбу ислоҳот ижтимоий ҳимоя қатламини қайта қуриш билан бир вақтга тўғри келди. 1999 йилда Арманистон ҳукумати болалар ва оилавий нафақалар борасида пул ўтказмалари дастурини алмаштирди ва «камбағал оилалар учун нафақа» дастури синовдан ўтказилди. Ушбу дастур электр энергиясининг юқори нархларини қоплаш учун ажратилган субсидия эмас, балки камбағал оилалар истеъмол қилган электр энергияси учун маълум бир суммани нақд кўринишида бериш дастури эди. Аммо бу имтиёздан фойдаланувчилар электр энергиясининг юқори тўлов ставкалари шароитида энергияни тежаш учун замин яратди. Шу билан бирга, тўлов қобилятини оширди ва электр энергиясига бўлган талабнинг камайишига олиб келди.

Чунки уй хўжалиги энергияни меъёрдагидан кўп истеъмол қилса ва электр энергияси учун ҳақ тўламаса нафақа бекор қилинарди. Дастур дастлаб уй хўжаликларининг 25 фоизини қамраб олди, аммо мезонлар кучайтирилганлиги сабабли 2010 йилда қамров аста-секин 18 фоизга камайди. Бу 2006 йилда тўлов қобилятини ўртача 40 фоиз ошириш имконини берди. Шу билан бирга, дастур томонидан ажратилган маблағ ЯИМнинг 1 фоизини ташкил қилган.

Бундан ташқари, кам таъминланган уй хўжаликларига 1999-2000 йилларда электр энергиясининг нархлари ошиши сабабли ёрдам сифатида иккита маротаба бир марталик ёрдам пули берилди. Тўловларни амалга оширишда қийинчиликларга дуч келган уй хўжаликлари «Камбағаллик бўйича оилавий нафақа» дастурида қатнашиш ҳуқуқига эга эди.

1999 йилда икки тарифли ислоҳот амалга оширилди. Бу уй хўжаликларига имтиёзли тунги тарифдан фойдаланиш имконини берди ва генераторлар ҳамда трансформаторларга тушадиган зўриқишни камайтирди.

Хулоса

Ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш учун кучли сиёсий ирода муҳим аҳамиятга эга. Арманистон ҳукумати хусусийлаштиришни муваффақиятли амалга ошириш учун ўз саъй-ҳаракатларини қатъият билан давом эттирди. Қийин ва харажатли тариф ислоҳотларини амалга оширди.

Тарифларни белгилашда аралашувни чеклайдиган тартибга солувчи институционал муҳит ислоҳотларни осонлаштирди. Хусусий сектор иштироки учун тегишли ҳуқуқий база яратилди ҳамда мустақил тариф ставкаларини белгилаш учун тартибга солувчи комиссия тузилди.

Кам таъминланганлар учун енгиллаштирувчи энергия тарифларининг қўлланиши ислоҳотларни қўллаб-қувватлашни кучайтиришда ёрдам берди. Ижтимоий ҳимоя тизимининг мақсадли йўналишини яхшилаш учун синовдан ўтган нақд пул ўтказмалари дастури жорий этилди.

Бундан ташқари, иккита маротаба бир марталик нақд пул тўлови ва кам таъминланган уй хўжаликларини бепул ҳисоблагичлар билан таъминлаш электр энергияси нархи ошишининг аҳолининг кам таъминланган қатламларига таъсирини юмшатишда ёрдам берди ҳамда жамоатчилик томонидан ислоҳотларнинг қабул қилинишига туртки бўлди. Шуни таъкидлаш керакки, Арманистон мисолида бир вақтнинг ўзида ижтимоий хавфсизлик ва энергетика соҳасидаги ислоҳотлар ўртасида фойдали синергия кузатилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг