Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бошқармада дув-дув гап: «Ким бошлиқ бўларкан-а?»

Бошқармада дув-дув гап: «Ким бошлиқ бўларкан-а?»

Фото: «Xabar.uz»

Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Фурқат Бузруков Жалақудуқ туманига ҳоким этиб тайинланди (Бузруков мамлакат миқёсида таниқли шахс эмас, бироқ у блогер Отабек Нуритдинов «иши»да «жабрланувчи»лардан бири сифатида қайд этилганини айтсак, кўплар танир эҳтимол? — «Xabar.uz»). Бизнингчаям, тўғри танлов бўлди – Бузруковда зиёлилар қатламига етакчилик қилишдан кўра ҳокимлар учун зарур бўлган хусусият – ташкилотчилик қобилияти кучлироқдай. Тағинки, бу борада озми-кўп тажрибага эга – ўтган йили Андижон туманига вақтинча ҳокимлик ҳам қилган.

Хуллас, бошқарма бошлиғи бошқа ишга ўтгач, вилоят зиёлилари жам бўлган давраларда бир суҳбатларнинг («ғийбатларнинг» дегимиз келмади) бош мавзуси бўлиб турибди: «Бошқармага ким бошлиқ бўларкан-а?».

Албатта, бу мутасаддиларнинг ваколатидаги масала. Баски, бўлажак раҳбар ким бўлиши жамоатчиликка ҳозирча номаълум. Биз ҳам айни масалада фикр билдиришдан аввал тизимнинг яқин тарихига умумий бир назар ташласак.

Очиқ айтганда, охирги 15 йилда вилоятда (наинки вилоятда?) таълим сифати жудаям пастлаб кетди. Бу жараённинг бошланиш нуқталари тизимга Дилмурод Раҳматуллаев (Андижон шаҳрининг «оғзиполвон» собиқ ҳокими) узоқ йиллар бош бўлган кезларга тўғри келади десак, биров оғзимизга урмаса керак.

Сифат кўрсаткичини нега энди биринчи раҳбарга боғлаяпмиз?

Ҳар қандай тизим ёки ташкилотнинг нуфуз-даражасини биринчи шахслар белгилайди, деган тажрибада синалган ақидага асосланиб, ҳеч иккиланмай айтиш мумкин: таълим соҳасида юзага келган қолоқликка ҳам, энг аввало, вилоятдаги бош маорифчилар сабабчи. Оддий мантиқ: тизимдаги катта-кичик раҳбарлардан тортиб туман бўлимлари мудирларигача – барча кадрлар бошқарма бошлиғининг салоҳият даражасига қараб шакллантирилади. Мудирлардан эса мактаб директорлари андаза олади. Шу тарзда таълим тепасида ўтирганларнинг иш тутуми ва дунёқараш доираси поғонама-поғона қуйига – ўқитувчиларга қадар таъсир кўрсатиб бораверади. Ўрик ўрикдан ранг олибди, деган гап бекорга айтилмаган ахир.

Бир ҳақиқатни тан олишимиз керак: назарда тутилаётган вақт оралиғида аксарият мактаб директорлари қай даражада зиёли ёки таълимпарвар эканлигига қараб эмас, энг аввало ташкилотчию уддабуронлигига (!), ҳар қандай топшириқни ўз ўрнида ижро этишига, кийиниш маданиятига қараб танланди. Тўғри, ваколат доирасида юқоридан берилган вазифани бажаришга ҳар бир раҳбар бурчли. Бироқ директор биринчи ўринда ташкилотчиликдан ташқари билимдонлиги, маданияти билан қўл остидаги ўқитувчи ва ўқувчиларга ўрнак бўлиши керак эмасми?

Директорлар иштирокидаги йиғинларда башанг кийинган аксар таманно аёлларни кўриб, булар таълим муассасаси раҳбарими ёки моделми деб юборсангиз, ажабланиш йўқ! Шулардан «Охирги бир йил ичида, боринг ана, раҳбарликка тайинланганингиздан бери нечта китоб ўқигансиз?» дея сўраб кўринг-чи?! Ишончим комил – савол берганингиз учун ўзингиз уялиб кетасиз (биров-ярим китобни тушунадиганларини истисно қилганда). Чунки аксар муассаса етакчилари ўз устида ишлаш, китоб ўқиш, саводи билан қўл остидагиларга ўрнак бўлишдан кўра, бўлар-бўлмас ташкилий топшириқлар билан ўралашавериб, шунга кўникиб улгуришган.

Ҳе йўқ, бе йўқ – шу-унча иддао қаердан дейсизми? Узоққа бормайлик, Андижон туманида ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллиги арафасида раҳбарият талаби билан диктант ёзган директорлардан 50 нафари «2» баҳо олганлиги уят эмасми? Ҳолбуки, ҳудудда 54 та таълим муассасаси бор.

2018-2019 йил якунига кўра, мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичлари бўйича республика ҳудудлари орасида Андижон 12-ўринни эгаллаганлиги, вилоятдаги 141 та мактаб битирувчиларидан бирортаси олий таълим муассасасига ўқишга киролмаганлигининг ўзиёқ соҳанинг бугунги аҳволига тутилган кўзгудир.

Хўш, бу натижалар бир ой ёки бир йилда шаклланган деб ўйлайсизми? Ҳечам-да! Қайтанга, муаммонинг туб илдизи мактаб директорларидан тортиб вилоят бошқармасидаги катта-кичик раҳбарлар орасида ўқитувчининг дарс ўтиш услубини таҳлил қила оладиган, хато-камчиликларини кўрсатиб, йўл-йўриқ берадиган етакчиларнинг бармоқ билан саноқли даражада эканлигида!

Андижон вилояти халқ таълими бошқармасига турли йилларда раҳбарлик қилган Анвар Абдуллаев, Жўра Халилов, Ўктам Охуновлар даврида нима учун тизимда жиддий ижобий ўзгаришларга эришилган? Чунки уларнинг ўзлари чин маънодаги зиёли эди – китобхонликда ҳам, маданияту маънавият, камтарлик бобида ҳам, иш тутумида ҳам қўл остидаги барча-барчага ибрат бўлишган. Шунинг баробарида мудиру директорлардан ҳам айни шу жиҳатларни талаб қилишган, раҳбарлар таркибини энг муносиб ўқитувчилардан шакллантиришган.

Бундан хулоса чиқадики, вилоят халқ таълими тизимидаги оғриқли нуқталар сўнгги 15 йил ичида ишлаган бош маорифчиларнинг фаолиятига бевосита боғлиқ.

Хуллас, яна жамоатчиликни қизиқтираётган юқоридаги саволга қайтсак: халқ таълими бошқармасига ким раҳбар бўларкин?

Бугун бошқармага мактаб етакчиларига «шакал» деб ўшқирадиган, тизимни коррупция ботқоғига ботириб, куни келганда кабинетидан қўлига кишан солиниб олиб чиқиб кетиладиган, директорларга танбеҳ бераётганда бармоғини бигиз қилиб кўзига тиқволгудек важоҳатда мажлис ўтказадиган ва ниҳоят, командир буйруғини сўзсиз бажарувчи аскар янглиғ етакчилар эмас, балки  кенг дунёқарашга эга, чин зиёлилар жуда зарур!

Жудаям зарур. Зеро, таълим — ҳаёт ва мамот масаласини ўзида жамлаган тизим.

Нурилло Нўъмонов,
журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг