Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Араб олами жавоҳири»нинг Ўзбекистонга манфаатли таклифи бор

«Араб олами жавоҳири»нинг Ўзбекистонга манфаатли таклифи бор

Элчи Аҳмад Холид ал-Жийрон.

Фото: Xabar.uz

«Фойдаланилмаган имкониятлар бисёр» – Кувайт элчиси Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини очиқлади.

«Араб оламининг жавоҳири» деб таърифланадиган Кувайт давлати Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган ўлкалар сирасига киради. Коронавирус пандемияси сабаб давлатлараро ҳамкорлик бирмунча сусайгани бор гап. Аммо дипломатлар ана шундай синовли паллада ҳам ҳамкорликни янада жонлантириш йўлида изланмоқда. Кувайтнинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Холид ал-Жийрон «Xabar.uz» мухбири билан суҳбатда ўзаро алоқаларда ҳали истифода этилмаган имкониятлар хусусида сўзлаб берди.

«Кувайт Ўзбекистон билан мустақилликнинг илк йиллариданоқ дипломатик алоқа ўрнатган. Тошкентда 2001 йилдан буён элчихонамиз фаолият юритиб келмоқда. Сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда изчил ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Бу борада 18 та битим ратификация қилингани ҳам алоқаларимиз кўламини тасаввур этмоққа кифоя қилади. Турли соҳаларга оид битимларни ҳаётга тўлақонли татбиқ этиш эса долзарб вазифа экани сир эмас», – дейди элчи.

Дипломатнинг таъкидлашича, Кувайт дўст мамлакат ўлароқ Ўзбекистондаги ислоҳотларни хайрихоҳ назар билан кузатиб келмоқда.

«Президент Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари раҳбарлигидаги ислоҳотлар ўз меваларини бераётганига гувоҳмиз. Хусусан, иқтисодиётни такомиллаштириш, сармоядорларни жалб этиш, туризмни ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатлар диққатга сазовор. Хабарингиз бор, Кувайтда нефть-газ сектори ғоят ривожланган ва биз бу борада катта тажрибага эгамиз. Энергетика секторида ҳамкорлик йўлга қўйилса, ҳар икки томонга манфаатли бўлишига ишончим комил», – дейди дипломат.

Расмий Тошкент ва Ал-Кувайтнинг минтақавий ҳамда халқаро масалаларга ёндашуви кўп жиҳатдан бир-бирига яқин. Сирасини айтганда, томонлар барқарорликни мустаҳкамлаш, таҳдидларни бартараф этиш ва хавф-хатарларнинг олдини олиш борасида аксар ҳолларда муштарак позицияни ёқлайди. Жорий йил 15-16 июль кунлари Тошкентда ташкил этилган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги нуфузли анжуманда ҳам Кувайт ташқи ишлар вазири, Вазирлар Маҳкамаси ишлари бўйича давлат вазири шайх Аҳмад Носир ал-Муҳаммад ас-Сабоҳ иштирок этди. Ташриф доирасида юқори мартабали меҳмон президент Шавкат Мирзиёев билан учрашди. Эътиборга молик жиҳати, олий даражадаги музокараларда икки мамлакат алоқалари «анъанавий дўстона муносабатлар» дея баҳоланди.

Президент Шавкат Мирзиёев Кувайт ташқи ишлар вазири билан. Фото: ЎзР президенти матбуот хизмати

«Ташқи ишлар вазиримиз шайх Аҳмад Носир ал-Муҳаммад ас-Сабоҳнинг Тошкентга ташрифи мулоқот ва алмашинувларнинг фаоллашишига хизмат қилиши шубҳасиз. Зотан, Кувайт амири шайх Наваф ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ ҳазрати олийлари ҳам Ўзбекистон билан алоқаларни ривожлантиришга кўрсатма берганлар. Элчихона эса ана шу хайрли мақсад йўлида камарбаста», – дея мулоҳазаларини давом эттиради элчи Аҳмад Холид ал-Жийрон.

Хўш, бири Араб оламида, иккинчи Марказий Осиёда етакчи ўрин тутувчи мамлакатлар ҳамкорлигида қайси соҳаларни истиқболли деб атаса бўлади? Cавдо-инвестиция, молия, ахборот технологиялари ва туризм бўйича ҳали истифода этилмаган имкониятлар бисёр. Айни чоқда, таълим йўналишидаги робиталар ҳам улкан самара бериши кутилмоқда.

«2018 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон ҳамда Кувайт ўртасида олий таълим ва илмий тадқиқот йўналишида ҳамкорликка оид битим кучга кирди. Ушбу ҳужжатда араб тилини ўқитиш, манбашунослик ва қўлёзмаларини сақлаш борасида самарали ҳамкорлик ҳам кўзда тутилган. Пандемия ушбу битимни тўлақонли амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда. Аммо вазият изга тушиши билан олий таълим муассасалари ўртасида дўстлик ришталарини боғлаб, ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар ва талабалар алмашувини йўлни қўйишни кўзлаганмиз», – дейди Кувайт элчиси.

Дарҳақиқат, олис манзилларни кўзлаб йўлга чиққан, аммо вабо офати сабаб бир муддат танаффус қилишга мажбур бўлган илм карвони яна ҳаракатга тушмоқда. Жумладан, жорий йил 2 декабрь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида «Boursa National» ва «АlShall Consulting Quwayt» ташкилоти билан ҳамкорликда «Барқарор ривожланиш: олий таълим ва илм-фан ташаббусни қўлга олади» мавзусида биринчи йиллик халқаро анжуман ўтказилди. Мутахассисларга кўра, мазкур анжуман Ўзбекистон университетлари ва Форс кўрфази мамлакатлари кенгаши ўртасидаги ҳамкорликнинг янги даври бошланаётганидан далолат беради.

Кувайт элчиси Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Қўнғиротбой Шарипов билан. Фото: ТДИУ

Кўп асрлик илмий-адабий анъаналарга эга Кувайт давлати араб тилини ўқитиш борасида ҳам яқиндан кўмак бериши мумкин.

«Араб тили Қуръон лисони сифатида бутун ислом оламида алоҳида қадр-қимматга эга. Қолаверса, у БМТнинг расмий тилларидан бири сифатида ҳам дунё аҳлини оҳанрабо каби жалб этмоқда. Улуғ алломалар бешиги бўлмиш Ўзбекистонда ҳам араб тилига қизиқиш кучли эканини қайд этишни истардим. Мамлакатингиз бутун дунё, жумладан, Араб олами билан алоқаларни кенгайтирмоқда, тижорат, савдо-сотиқ, туризм нашъу намо топмоқда. Бунда эса, албатта, тилни мукаммал эгаллаган мутахассисларга эҳтиёж ортади. Биз бошқа араб давлатлари элчихоналари билан биргаликда тил таълимига яқиндан кўмак беришга шаймиз», – дейди Аҳмад ал-Жийрон.

Инсониятни тангу тор ҳолатга солиб қўйган пандемия аста-секин чекиниб, ҳаёт изга тушаётир. Яна халқаро анжуманлар, машваратлар ташкил этилмоқда, ўлкалараро борди-келди қайта жонланмоқда. Бу эса ўзаро ҳамкорликни яқин фурсатда янги босқичга кўтаришга умид ва ишонч бағишлайди.

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг