Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Анвар Обиджон: «ваҳимали саволлар»га вазмин жавоблар

Анвар Обиджон: «ваҳимали саволлар»га вазмин жавоблар

Анвар Обиджон.

Бугун, 11 апрель куни Ўзбекистон халқ шоири, ардоқли адибимиз Анвар Обиджон 73 ёшида вафот этди. «Xabar.uz» ўқувчилари эътиборига ёзувчи билан 70 йиллик юбилейи кунларида уюштирилган суҳбат ҳавола этилмоқда.

– Яқинда етмишвойлар сафига қўшилганингизни эшитиб, «Йўғ-э, ўзимизнинг Анвар ака-я, ҳали милтиқнинг ўқидек-ку!» деб ҳеч ишонгимиз келмади. Кулги инсонни яшартиради деганлари шудир-да. Кўз тегмасин, қирчиллама йигитдек ғайрат билан қалам тебратяпсиз, адабий хирмонингиз ҳам бойигандан бойиётир. Аммо – мулоҳазамизни минбаъд маломат санамайсиз, азбаройи мухлислик – кейинги йилларда бир вақтлар Сизга зўр олқиш келтирган Гулмат Шоший ва Кулкулийлар «ҳолидан хабар олмай» қўйдингиз. Рости, тараққиётимизга ғов бўлаётган катта-кичик муаммоларга дуч келганда биз ўша афандифеъл қаҳрамонларингизни қидириб қоламиз. Гулмату Кулкулийни қаерлардан сўраймиз бугун? Жулқунбой бобо омонат қилиб қолдирган ҳажв қаламини «темир сандиқ»қа солиб қўймадингизми ишқилиб?

– Одам ўзида кексариш чарчоғини ҳис қила бошладими, ён-веридагиларнинг кайфиятини шунчаки билиб қўйиш учун бўлсаям, нафақага чиқаришларини сўраб бир ариза ёзиб кўргани маъқул. Уста Гулмат билан Кулкул афанди худди шундай йўл тутган эди – қаршилик қилмадим. Аммо, қалам сингари, уларниям «темир сандиқ»қа қамаш менинг қўлимдан келадиган иш эмас, ҳозирча пенсияда юришибди, холос. Янгича жамиятимизга фойдаси тегадиган бирон тузукроқ режани таклиф қилганлари заҳоти икковиниям қайтадан ишга чақириб олишга тахт-тайёрман.

– Эркин сўз ва озод тафаккур бамисоли тараққиётнинг қўш қаноти, уларсиз юксак парвозни хаёл қилмаса ҳам бўлади. Миллатнинг тақдири ҳам ҳур фикрли шахслар қўлида. Лекин бугун зеҳниятимизда янгиланиш сустроқ кечаётгандек. Яшириб нима қилдик, гоҳида онгимизга ёпишиб олган мутелик, қўрқоқлик оқни – оқ, қорани қора дейишимизга йўл қўймайди. Баъзан ҳақсизликка йўлиқсак ҳам оғзимизга талқон солиб оламиз: оч қорним – тинч қулоғим! Бу ҳолни ўзбекона андиша атаб, ўзимизни алдашга уринишимиз-чи! Қон-қонимизга сингиб кетган бу вирусдан қандай халос бўлиш мумкин, Сизнингча?

– Ҳм-м... Болалар шоирига шунақаям оғир савол берадими одам...

Ўз жанрим доирасида туриб айтадиган бўлсам, рангларни фарқлашни ёки атрофдагиларнинг айрим қилиқларига, айниқса, ўзига нисбатан муносабатига қараб, яхшини яхшига, ёмонни ёмонга ажратишни ҳатто миттивойлар ҳам уддалай олади. Кимдир боланинг кўзи олдида унинг отасига дағдаға қилиб, бошида мушт ўйнатяпти, дейлик. Бундай вазиятда бола жанжал нимадан келиб чиққани, ким ҳақу ким ноҳақлигини суриштириб ўтирмайди, ўзи учун суюкли бўлган отасига фитратан жон тортишиб, қўлига тош олади. Буни «болаларча юзакичилик» десакмикан, «болаларча ҳур фикрлилик» десакмикан...

Ҳур фикрлаш ҳуқуқига эгалик – ҳар бир инсоннинг ўз қадр-қиммати тўлақонли тарзда ҳимояланмоғини талаб қилиши, жамоа, миллат, юрт тақдирига оид масалаларда ўз нуқтаи назарини эркин баён эта олиши билан боғлиқ олий қадрият. Ҳур фикрлиликка янада кенгроқ шароит яратилишига интилаверишнинг ҳеч қандай чакки томони йўқ. Халқнинг фикрига қизиқиш сусайган жойда тараққиёт завол топади, адолат лат ейди, жамият бора-бора турғунликка юз тутади (юртимизда халқ билан мулоқот масаласи ҳукумат сиёсати даражасига кўтарилганини фақат қутлаш керак).

Лекин тарозининг иккинчи палласи ҳам бор. Савиямиз ўша «олий қадрият» мақомига муносибми ё ҳалиям қўлга беихтиёр тош оладиган кепатага яқинроқмизми? Ўзимиз бирон машваратда жўялироқ фикримиз билан, жиллақурса, тўрт-беш кишини бир тўхтамга келтира олганмизми? Лоақал оиламиздаги оддий рўзғорчиликда тош босадиганроқ ўрнимиз борми? Киши ўз ҳаётий тажрибасидан чиқарган хулосаларию турмуш мактабидан олган сабоқлари кўлами, шунингдек, жамиятдаги, оламдаги воқеаларни мақбулу номақбулга, ҳақу ноҳаққа ажратиб таҳлил эта билиш қобилиятини ҳалол чамалаб, шунга яраша гап айтишни эплай олмаса, жим тура тургани маъқул шекилли. Навоий бобомиз доим тўғри гапириш кераклигини таъкидлаш билан бирга, ҳар қандай тўғри гап ҳам айтгулик эмаслигини шамалаб ўтгани бежиз эмас. Ҳар бир ишнинг ўз вақти-соати бўлганидек, ҳар бир гапнинг ҳам ўз ўрни, шароитга қараб баёнлаш йўсини бор. Бу – «андиша»нинг ижобий кўриниши.

«Оч қорним – тинч қулоғим»нинг ҳам ижобий қирраси йўқ эмас. Бугун борига қаноатланмай, янада тўкинроқ ҳаётни ваъда қилган бегоналарга омиларча эргашган, оқибатда боридан-да айрилиб, боши қирғин ва хўрловлардан чиқмай қолган айрим қавмларни телеэкран орқали кўриб турибмиз. Бундай юртларнинг, ҳеч бўлмаса, олдинги аҳволга қайтиши учун яна икки-уч авлоднинг умри ё етади, ё етмайди.

Биламан, ҳур фикрлиликнинг турли даврда муайян меъёри бўлиши, унга поғонама-поғона кўтарила бориш лозимлиги ҳақидаги фикр Ғарб аҳлига кулгили туюлиши мумкин. Бироқ уларнинг удуми ўзларигагина мос тушади, чунки оиладаги тутумлари ҳам шундай. Биз эса, Шарқ кишиларимиз, бировлардан ўз кўҳна маданиятимиз, бобо-момоларимиз мерос қолдирган ахлоқ-одобимизга рахна солмайдиган русумларнигина олишимиз қолоқликка кирмайди. Жаноб Киплинг таъбирини сал ўзгартиб айтадиган бўлсак, бундан кейин ҳам Ғарб ғарбчасига, Шарқ шарқчасига юксалавергани яхши. Буни истамайдиганлар эса дунёда тиқилиб ётибди. Улар ўз урфига мос, ўз дунёқарашига оҳангдош, миллий манфаатларига хизмат қилувчи бадиий ёки илмий асарларимиз, кино, спектакль ва куй-қўшиқларимизга мақтовлар ёғдириб, гоҳ ўртамиёнароқ, гоҳ тузукроқ мукофотларга кўмизаверадилар. Бундайларнинг қарсагини эшитишга қанчалик берила борсак, уларга шунчалик ютқазаверамиз. Шарқни ютқазамиз.

Энди саволингизнинг охиридаги гапга тўхталайлик. Нопок муҳит таъсирида юзага келадиган турли-туман вирусларнинг қон-қонимизга сингиб кетгани тўғри. Табобатнинг маълум қилишича, зарарли вирусларга қарши қўлланадиган ўткир дорилар танамиздаги фойдали вирусларни ҳам қириб юборар экан. Демак, ўша зарарли вируслардан аскарона кескин ҳамла ёрдамида эмас, узоқ давом этгучи муаллимона тарбия кўмагида, табиий йўсинда қутулиш чорасини қўллаш ўринлироқ. Зеро, сабрсизлик «маҳсули» бўлган шошқалоқлик вируси келтиражак хатар одамийлик шаънимизни узлуксиз кемиргучи ҳайвонларча қоринпарварлик, Ватан тақдирига бангиёна бефарқлик, қалбан миллатсизлик каби қўрқинчли вирусларникидан кам эмас. Асрлар давомида бегоналар атайлаб юқтириб келган бундай вируслардан халос топишда бирон бир миллатдошимиз бурнини ноҳақ қонатиб қўйишдан эҳтиёт бўлиш керак демоқчиман-да. Авлонийчасига айтганда, энг умидбахш нажот – тарбия ва яна тарбия.

– Китоб кўрган тарихчи бир танишимиз бор. Тошкентдаги коллежлардан бирида бинойидек ўқитувчилик қилиб юрган йигит, ҳе йўқ-бе йўқ, тижоратга ўтиб кетди. Сабабини кейин ўзидан сўраб билдим. Бойвачча бир ўқувчисига қаттиқроқ танбеҳ берган экан, «жабрдийда» ўсмир муштумзўр акахонларини бошлаб келиб муаллимини калтаклатибди. «Елкамнинг чуқури кўрсин, энди коллежида ишламайман!» дейди боёқиш ҳасратидан чанг чиқиб. Афсуски, тарихчи дўстимиздек бугунги ўсмирлар тарбиясидан шикоят қилаётган замондошларимиз оз эмас. Кенжа авлоднинг таълим-тарбияси издан чиқаётгани ҳақидаги хавотирли гап-сўзлар болалар адиби сифатида Сизни ҳам ўйга толдираётгандир. Бугунги ўсмир нима сабаб муаллимига қўл кўтаришгача борди? Айрим зиёлилар фитна деви шишадан аллақачон чиқиб кетди, дея маҳобат қилмоқда. Шу гап рост бўлса, махлуқни шишага қайтариш йўли борми?

– Ўқитувчи дегани умумий кўрсатма бериб, бу кўрсатмаси қандай бажарилаётганини тепадан назоратлаб турувчи қўмондон эмас, аскарлар орасида бевосита иш олиб бориши, ўз бурчини қойиллатиб бажаришда уларга доимо ўрнак кўрсатиши лозим бўлган ҳарбий бўлинма бошлиғидир. Аскарларга ўхшаб ўқувчилар ҳам ўзидан ҳар томонлама устун етакчини чинакамига ҳурмат қилади, қўл остидагиларнинг ҳар бирига, унинг феъл-атворидан келиб чиқиб, алоҳида муомала юрита олгучи кўнгилдошгагина ихлос билан эргашади. Бу таққословни келтиришдан мақсадим сиз тилга олган ўқитувчини ношудликда айблаш эмас, ҳар қандай яхши одам ҳам бирда эмас бирда ёмонларнинг ноҳақлигига дуч келишини ҳаётда кўп учратганмиз. Асосий гап шундаки, ўз касбини юрак-юракдан севган киши бир жойдан безиса, ўша касбини бўлак ерда давом эттираверади, бошқа соҳадаги ҳеч бир мўмай даромад манбаи уни ўзига маҳлиё қилолмайди.

Кенжа авлод вакиллари орасида хулқ-ахлоқи хунуклашаётганларнинг кўпайиб бораётгани тўғрисидаги гап-сўзлар тўнғич авлодни жиддий ташвишга солаётгани кишини қувонтиради – демак, жамиятимиздаги фикрловчилар тоифаси уйғоқ, улар келажагимиз эгалари тақдирига бефарқ эмас. Сиз «фитна деви» деб атаган, ўзбекчилигимизни тепалаб ўтаётгани, ўзгалар ноғорасига ўйнаб, ҳамиятсизлик қилаётганига жилла ақли етмаётган майнафеъл қавмнинг шишадан чиқиб кетишига аслида биз катталар айбдормиз. Уларга миллий менталитетимиз шишасининг ичида азалий қадриятларимизга хос, лекин замонавий андазаларда безатилган мафтункор муҳитни яратиб беролмадик, нўноқлик қилдик, кечикдик. Бегоналар бундан устакорона фойдаланиб, шиша теграсини таши ялтироқ безакларга тўлдириб ташлаяпти. Унга ром бўлган лодонлар, аслни сохтадан, тўқини пучидан, фойдалисини зарарлисидан фарқлашни ўргатиши лозим бўлганлар мудраброқ қолгани боис, шишадан бирма-бир чиқиб келяпти.

– Мундоқ қараганда, истиқлолдан кейин аслида бари бошқача бўлиши керакдек эди...

– Давлатимиз таълим-тарбияга хорижлик мутахассисларни ҳам ҳайратга солар миқдорда катта маблағлар ажратаётганига қарамай, турли салбий ҳолатлар қаёқдан пайдо бўляпти ўзи, демоқчисиз-да. Ҳамма бало – яратилган шароитдан унумли фойдалана билмаслигимизда. Аввало, фарзандларимиз мактабу коллежларда ҳар куни дуч келадиган, бошдан-оёқ ўқиб-ўрганиши мажбурий бўлган дарсликларнинг, айниқса, ўқувчиларда ўз тилига меҳр-муҳаббат, юртимиз табиатига шайдолик, Ватанимиз ўтмиши ва буюк алломаларимизга эҳтиром, кўҳна удумларимизга ҳурмат, охир-оқибатда миллий ғурурни шакллантириши лозим бўлган тил, адабиёт, тарих, одобнома, табиатшунослик каби фанларга оид қўлланмаларнинг барчаси ҳам талаб даражасидами? Таълим берувчиларнинг савиясини мунтазам назорат қилиб боришнинг ортиқча қоғозбозликларсиз, янада соддароқ, лекин самаралироқ усулларини жорий этиш устида астойдил бош қотиряпмизми? Шунга қараб, ўз ишига пишиқ ўқитувчиларни етарлича рағбатлантира оляпмизми?

– Ўқувчилик давримизда ўқитувчиларимизнинг беҳад китобсеварлигига қойил қолардик. Ҳозир бунақаси камроқ деб эшитамиз.

– Ўқув масканлари кутубхоналарини янги китоблар билан бойита бориш масаласи маълум даврда эътибордан четда қолгани ҳам бунга сабаб бўлиши мумкин. Ўқитувчи ўз пулига сотиб олмоқчи бўлсаям, шаҳардан четроқ жойларда китоб дўконлари деярли йўқ. Қолаверса, ҳозирги китобларнинг нархи чўнтакни чақади.

Шунга ўхшаш сабаблар туфайлими, кейинги йилларда телеканаллар кишиларимизнинг асосий маънавий озиқ манбаига айланиб бормоқда. Балки бу табиий жараёндир. Шунинг учун ҳам телеканаллар сони кўпайтирилиб, аҳоли эҳтиёжини тўкисроқ қондириш чоралари кўрилаётгандир...

– Сифат-чи?

– Балли! Ишнинг асосий ўзаги айнан мана шунда. Сифат – кенг маъноли тушунча. Бунда фақат тасвир тиниқлигини ошириш, кўрсатувларни жимжимадор клиплар билан бойитиш, студияни безаш ва ёритиш маҳоратигина назарда тутилмайди. Сифат, биринчи галда, мазмуннинг тўқлиги, бошловчиларнинг фикрлаш доираси кенглиги ва сўзларни тўғри талаффуз қила олиш қобилияти, кўрсатувнинг моҳияти, долзарблик даражаси сингари жиҳатлар билан ўлчанади. Айниқса, «Болажон» телеканалини бу борада алоҳида назоратга олиш зарур. Чунки болаликда бузилган тилни, болаликда тўмтоқлашган дидни, болаликда мияга муҳрланган урфни кейинчалик академик ҳам, академия ҳам ўзгартиролмайди. Ушбу телеканалда сўзни тўғри талаффуз қилиш, фикрни тиниқ ифодалаш, саҳнавий кўрсатувлар, мультфильмлар таржимасида болаларбоп содда жумлалар тузишга кўпроқ эътибор берилмоғи; барча кўрсатувларни мониторинг қилиб бориш йўлга қўйилиб, бу вазифага педагогика соҳасида бой тажрибага эга бўлган, Миразиз Миртожиев даражасидаги олимларимиз қўлланмаларини ипидан игнасигача ўзлаштирган юқори малакали тилшунос йирик маош тайинланган тарзда жалб этилмоғи шарт. Бу ишни имкон қадар орқага сурмаган яхши.        

Болалар – қўшиққа ниҳоятда ўч тоифа. Шу туфайли бу каналдаги «До-ми-соль» кўрсатуви доимо раҳбарият диққат марказида турмоғи муҳим. Тайинли шоирларнинг шеърларини куйга солган тайинли бастакорлар кўрсатувда тез-тез қатнашиб турмагани учунми, шошмашошарликда яратилган баъзи қўшиқларнинг тузи паст.

Умуман, канал мутасаддилари кўрсатувлар мундарижасини қайтадан таҳлил қилиб чиқса чакки бўлмасди. Европача қаҳрамонларга тақлидан кийинувчи, енгил-елпи гапларни кўп қўлловчи бошловчиларга талабчанроқ бўлиш, асосан фольклоримиз, миллий адабиётимиз қаҳрамонларини тарғиб этиш ва интеллектуал кўрсатувлар сонини оширишнинг фурсати келди-ёв!

Бу билан айтмоқчиманки, бугун биз ахлоқи ножўялигидан, савияси тўмтоқлигидан ёзғираётган ўсмирлару ёшлар кечаги болалардир, уларни ғайри иллатлардан ўз вақтида етарлича ҳимоя қилолмадик. Энг аввало, хусусий нашрларда маънавий қашшоқлашувга олиб борувчи алмак-жалмак асарлар, суюқмижоз таржималар, янгича урфбозликлар, ғарбона дунёқараш, фаҳш, турфа хил жангариликлар тафсилоти урчиб бораётгани; рокчию попчиларнинг ғатти-ғуттилари мумтоз ва фольклор куй-қўшиқларимизни, аёллар пардозчилари, мусобақадош ошпазлар, хориж санъати тарғиботчилари, автоҳалокат даракчилари кабилар китоб шарҳловчилари, кино ва театр танқидчилари, адабиётшунослар, тарихшунослар, табиатшунослар ҳамда диний-маърифий қадриятимиз билимдонларини телеэкранлардан тобора сиқиб чиқараётганига томошабин бўлиб туравердик.

Энди бу хатомизни тузатишимиз керак. Матбуот нашрлари, нашриётларда таҳририят ва жамоатчилик кенгашлари бор, мазмуни ғалатроқ кўринган нарсалар улар назаридан ўтказиб олинади. Шунга ўхшаб, барча телеканалларда таниқли адиблар, бастакорлар, хонандалар, режиссёрлардан иборат жамоатчилик бадиий кенгашлари тузилса, қўшиқлар (айниқса, эстрада қўшиқлари), клиплар, мультфильмлар, таъмсиздек туюлган баъзи теленовеллалар, спектакллар, сериаллар шу кенгаш тавсияси билангина эфирга узатилиши йўлга қўйилса, бундан фақат манфаат кўрган бўлардик.

– Даллолу тужжор халқи мақтовга уста келади. Ёқадан кириб енгдан чиқадиган бу учар тоифа кези келганда сувдан ҳалво пишириб беради. Бугун оммавий ахборот воситаларимизни кузатиб, журналисту қаламкашлар мадҳиягўйлик ва ҳайбаракаллачиликда бу икки тоифани ҳам чангида қолдирмаяптимикан, деган хаёлга борасиз. Давлатимиз раҳбари жамият ҳаётидаги турфа муаммоларни рўй-рост гапириб барчага намуна бўлаётир. Аммо матбуот пинакка кетгандек – аксар нашрларимиз ҳали-ҳамон «эски қўшиқ»ни хиргойи қилмоқда. Шоир дўстингиз Усмон Азим яқинда «Ҳуррият» газетасида чоп этилган суҳбатида мукофоту унвон илинжида, ошкора тама билан қоғоз қоралаётган қаламкашларни Алдаркўсага ўхшатди, хушомад ва ялтоқиликни «феодал замон сарқити» деб атаб, ундан тезроқ қутулишга чақирди. (Дарвоқе, ўзингиз ҳам «Эй ёруғ дунё»да шоир Дуторий тимсолида бу тоифа кимсаларнинг пўстагини қоққанингиз ёдимизда.) Сўз хизматида сочи оқарган ижодкор сифатида айтинг-чи, «қалам – ўқлоғи, матбуот – кетмон бозори эмас»лигини қачон тўлиқ англаймиз? Эришилган муваффақиятларга маҳлиё бўлмасдан танқидий мушоҳада юритиш, тамаю илинжни бир четда суриб фийсабилло қалам тебратишга қачон одатланамиз?

– Очиғи, саволларингиз тобора ваҳимали тус оляпти...

– Нимадандир ҳадиксираётган бўлсангиз, бошқа саволга ўтақолай?

– Мени саволнинг ҳадикли томони бор-йўқлиги эмас, мураккаблиги ҳуркитяпти. Болалар шоириман дедим-ку боя, намунча қийнамасангиз... Майли, уқувим етганича деб, бир таваккал қипкўрай-чи.

Мен матбуотимизнинг эски замондаги аҳволини кўрган одамман. Турли тиғдор гапларни қўйиб турайлик, бир мақоладаги Беруний, Хоразмий, Навоийларга нисбатан айтилган «доно алломаларимиз» деган сўзлар қора ўтмишни улуғлашга киради, дея ўчирилиб, ўрнига «каби аждодларимиз» деб ёзиб қўйилганига ҳам, «бугунги сиёсатга тўғри келмайди» баҳонаси билан шеърдаги «май» «чой»га айлантирилганига ҳам гувоҳман. «Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр қил» нақлидан келиб чиқилса, матбуотимизнинг ҳозирги ҳолати жудаям шумшайган тахлитда эмас. Ҳатто кечагина цензурачилардан қаттиққўлликни талаб қилиб турадиганлар бугун ўзлари сира ҳайиқмай ўткир-ўткир мақолалар ёзаётгани – олдинга силжиш борлигидан далолат.

Мақтовларга келсак, мақтовнинг мақтовдан фарқи бўлади, ҳаммасига бир хил кўз билан қараш адолатдан эмас. Микрофон бўлмаса товуши тўрт қадамдан нарига етмайдиган хонандачани «сеҳрли овоз соҳиби», «давримизнинг энг порлоқ юлдузи» деб, қайсидир бозор паттачисини «деҳқонларнинг мислсиз жонкуяри» деб, ўзига таниш футболчини «янги Месси» деб кўкларга кўтариш ўша қаҳрамонларни билганларга мазахнамо туюлиши тайин, албатта. Бундай ошнапарвар журналистлар турмушнинг не-не заҳматларига дош бериб, ҳаммамиз учун миннатсиз хизмат қилиб келаётган чўпонними, деҳқонними, тракторчиними, чилангарними, қурувчиними, ҳечқурса, ўз касбига иззат юзасидан йўқлаб бориб, уларнинг ичини бир яшнатиб қайтса, ичаётган тузини озми-кўп оқлаган бўлармиди! Қолаверса, ўз вазифасини қойилмақом уддалаётган, меҳнатчиларга ҳарёқлама елкадошлиги билан ҳурмат қозонган раҳбарларни мақташнинг, уни янги-янги ташаббусларга руҳлантиришнинг нимаси ёмон?

Матбуотда танқиднинг камлиги бор гап. Уни жонлантириш керак. Аммо бу ишни ҳаётнинг иссиқ-совуғини кўрган, шахсий хусуматлардан, чапаки манфаатлардан ўзини юқори тута оладиган табиати тоза қаламкашлар қилгани маъқул. Акс ҳолда, матбуот турли гуруҳлар бир-бирини бўлар-бўлмасга чўқилайверадиган «хўрозбозлар майдончаси»га айланади. Бу нарса охири фуқароларнинг ҳам тарафма-тараф бўла боришига олиб келади. Қудрати беқиёс ёки нуфузи асрлар давомида баланд бўлиб келган пойдевори пухта давлатларни бу ҳол балки ортиқча ташвишлантирмас, бироқ эндигина мустаҳкам оёққа туриб улгурган, унинг қадамма-қадам ривожланаётганидан ғашланувчи турли тўдалар атрофида пинҳона ғижиниб турган мамлакатда бундай тарқоқлик эҳтимолига писандсиз қараб бўлмайди. 

Илгариги тузум даври у-бу асарларимда, сиз шамалагандек, бошимизда қамчи ўйнатган келгиндиларнинг «пўстагини қоқиш»га қўлимдан келганича  урингандекман. Аммо, сўзимни ким қандай тушунса тушунар-у, ўша даврдаги айрим маънавий зуғумлардан  қаттиқроқ хўрлигим тутган чоғда, худойим мўъжиза кўрсатиб  юртимиз мустақилликка эришса, эркинликда қандай мушкул аҳволга тушмайин, то халқимиз катта йўлга тинчгина чиқиб олмагунича бари-барига индамай чидаган бўлардим, деб қўярдим ўзимга ўзим. Бошимда ҳалиям шу фикр айланиб туради, халқимизни жипсликка чорлайдиган, қадоққўл меҳнаткашларимизнинг руҳини кўтарадиган, уларга ғамхўрлик қилаётганларни олқишлайдиган гапларни ёзгим келаверади. Лекин буларнинг остида қандайдир тама бўлиши мумкинлиги сира-сира хаёлимга қўнмаган экан.

– Америкада атоқли инглиз арбоби Уинстон Черчиллнинг ўзга сайёраликлар ҳақидаги мақоласи топилибди. Алломалик дейсизми ё анойилик, дунёни сўраган сиёсатчи 1939 йили ёзган мақоласида ўзга сайёраларда ҳам ҳаёт бор, деган тахминни илгари сурган экан. Арбоб Черчиллнинг яхшигина шов-шув бўлган мақоласини эслаганимнинг сабаби бор, албатта. Мўъжиза рўй бериб, Ерга, ўз таъбирингиз билан айтганда, «муаллақ тарвуз»га олис сайёрадан меҳмонлар келиб қолса, инсониятнинг бугунги аҳволини қандай баҳоларкан? Ютуқлар ўз йўлига, «чақирилмаган қўноқлар» Одам фарзандларининг қай кори амалини ютқизиқ санаркан?

– Ўзга сайёраликлар келиб, бизни кўриб-кузатадиган бўлса, Ер кезғичи аҳлини меҳрсиз махлуқлар деб баҳолаган бўларди. Чунки бир жойда нонни ахлатхонага ташлаётганлар бошқа жойда одамлар очликдан ўлаётганини билатуриб ҳам пинагини бузмайди. Саволингизга мухтасар жавобим шуки, бошқа сайёраликлар биз билан жанг қилмоқчи бўлишса, ноаҳиллигимизни ютқизиқ санашади; бизга дўстликни таклиф этишса, ўзимиздан кучли бегоналарга ишонганимизни яширинча мазахлаб, соддалигимизни ютқизиққа йўйишади.

– «Шарқ юлдузи»да босилиб, кейин китоб бўлиб чиққан «Ажинаси бор йўллар» асарингиз қўлма-қўл ўқилди. Одатдаги манзиратга йўйманг-у, унча-мунча қаламкаш ўз умр йўли ҳақида Сиздек – ёлғон аралаштирмай, ҳақ гапни ёзишга журъат қилолмас... Асарда ўзингизни беаёв тафтиш этасиз, «Мен не мақсадда яратилдим? Бунга қандай зарурат бор эди? Бор бўлса, ўша заруратнинг ўрнини тўлдира олдимми?» дея саволларга тутасиз. Хўш, ортда қолган йилларни сарҳисоб этганда «номаи аъмол»дан кўнглингиз тўладими? Яратган Эгам зиммангизга юклаган хос вазифаларни бажара олдингизми?

– Биргина Яратгучининг ўзи билиши лозим бўлган нарсалар кўп. Тангрим зиммамга, умумга тааллуқлиларидан ташқари яна қандай алоҳида вазифалар юклаганини аниқ билганимда барини тўла-тўкис бажаришга жон-жаҳдим билан тиришган, тирикчиликни рўкачлаб, чойпули топиш учун алламбалоларни ёзишга, ҳавойи нарсаларни ўйлашга вақтимни беҳуда сарфламаган бўлармидим...

С.Ёқубов суҳбатлашди.

«Тафаккур» журналининг 2017 йил 2-сонидан қисқартириб олинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг