Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«26 ёшгача фуқаролар даромад солиғидан озод этилган». Хориждаги ватандош билан суҳбат

«26 ёшгача фуқаролар даромад солиғидан озод этилган». Хориждаги ватандош билан суҳбат

Фото: «Xabar.uz»

Польша Европанинг ўзига хос ва бетакрор табиатига эга давлатларидан бири. Маълумотларга кўра, мамлакатда қарийб 39 млн. аҳоли истиқомат қилади.

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали «Хориждаги ватандошлар» лойиҳаси доирасида, ҳозирги кунда Варшава шаҳридаги Вистула университетида таҳсил олаётган ҳамюртимиз Улуғбек Файзиев билан суҳбат уюштирди.

Улуғбек, келинг суҳбатимиз аввалида сиз билан танишиб олсак?

1997 йили Бухоро вилоятининг Олот туманида туғилганман. Бухоро вилоятида ўрта-махсус таълимни тугатиб, олий таълимни ўзлаштириш мақсадида Марказий Европанинг нуфузли олийгоҳларидан бири — Варшава шаҳридаги Вистула университетига келдим. Ҳозирда университетнинг Иқтисодиёт йўналишида таҳсил оляпман.

— Нима учун айнан Польшада таҳсил олишга қарор қилдингиз?

Айнан Польша давлатини танлаганимнинг бир неча сабаблари бор. Иқтисодий салоҳиятли давлатларда таълим олиб, амалиёт ўтаб, фақатгина ривожланиб бўлган давлатдаги иқтисодиётни ўргангандан кўра, Польша каби ҳозирда географик жойлашуви ва иқтисодий имониятлари билан жадал ривожланаётган ва жаҳон давлатлари рейтингида ўзини тиклаб бораётган давлатни танлашни маъқул топдим.

Чунки ривожланган давлат иқтисодиётини ўрганиб юртимизда буни амалиётда қўллашда юзага чиқиши мумкин бўлган муаммо ва камчиликларни ҳисобга олишдан кўра, ривожланаётган иқтисодиётни ўзлаштириб, бу тажрибани ўз иқтисодиётимизда қўллаш осон ва самарали кечади. Бир сўз билан айтганда, ривожланган давлатни билиш мумкин. Лекин қандай қилиб ривожланишни билиш масаланинг энг оғриқли томони деб ҳисоблайман.

Ушбу мамлакатни танлашимнинг сабабларидан яна бири, Польшада яшаш ҳар томонлама ҳамёнбоплиги, иш ҳақига нисбатан нарх-навонинг мутаносиблиги. Шу туфайли ҳам кўплаб хорижий талабалар Польшада таҳсилни афзал кўришяпти. Қолаверса, мамлакатда халқаро муҳитнинг мавжудлиги ва бошқа яна бир қанча ижобий омиллар ҳам бунинг сабаби бўла олади.

— Сизнингча таҳсил олаётган йўналишингизнинг дунёдаги аҳамияти қай даражада?

Дунёдаги барча мамлакатлар бошқарувида иқтисодиёт сектори юрак вазифасини ўтайди. Умуман, иқтисодиётсиз тараққиёт йўқ. Aлбатта, иқтисодиёт жуда кенг ва муракаб соҳа. У чекланган ресурслардан унумли фойдаланиб чекланмаган эҳтиёжларни қондиришдир ва бу ҳар бир соҳа билан чамбарчас боғлиқ. Бизнес ва тадбиркорликнинг асоси ҳам — иқтисодиёт. Қисқа қилиб айтиш мумкинки, иқисодиёт дунёни бошқаради. Ҳар бир давлатнинг қай даражада салоҳиятли эканини билдирувчи фактор бу унинг иқтисодиёти. Унинг дунёдаги аҳамияти ҳам шунда, деб ўйлайман.

— Польша ва польшаликлар ҳақида қандай таассуротларга эгасиз?

Польша давлати Висла ва Одра дарёлари ҳавзаси, шимолида Болтиқ денгизи ва жанубида Карпат ва Судет тоғлари оралиғида жойлашган. Ҳудудининг 90 фоиздан кўпроғи текислик ва пасттекислик, жанубида тоғликлар бор. Умуман, мамлакат ажойиб табиатга эга.

Фото: «Xabar.uz»

Деярли бир йил давомидаги қизиқишларим ва солиштиришларимдан келиб чиқиб айта оламанки, польшаликлар бахтли ва ҳаётларидан мамнун. Умумий бир миллат сифатида ўз урф-одатлари, дини ва, энг асосийси, ўз миллий тилини жуда ҳам қаттиқ севишади. Бу менда ўзгача таассурот қолдирган. Биз каби хориж фуқоролари билан жуда дўстона ва самимий муносабатда бўлишади. Эътиборлиси, польшаликларнинг оилани севиш ва ҳурмат қилиш одатлари ўзбекистонликларга жуда ўхшаш.

— Ўзбекистонда Польшадаги қандай янгилик ёки инновацияларни жорий қилиш мумкин, деб ўйлайсиз?

Бу ерда эътиборимни тортган жиҳатлардан бири қонунларнинг енгиллиги ва инсонпарварлиги бўлди. Мисол учун, келганимдан буён бир неча маротаба ҳуқуқий масалаларга дуч келдим. Мулкларни сотиб олиш ёки ижарага олиш амалиётлари шулар сирасидан ва буларнинг ҳеч бирида нотариус хизматларига зарурат туғилмади. Ортиқча қоғозбозликлар ва югур-югурлар деярли йўқ. Энг қизиғи, мамлакатда ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 26 ёшгача фуқаролар даромад солиғидан озод этилган.

Шунингдек, Польшада соғлом турмуш тарзига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Жамоат транспортига тенглаштирилган махсус имтиёзли кўча велосипедлари, бепул стадион ва ўйингоҳлар, пиёдалар билан бир қаторда кўзи ожизлар ва велосипедда ҳаракатланувчилар учун махсус йўлаклар ташкил қилинган. Ҳаммасидан фарқли ўлароқ, дам олиш кунларида маҳаллий боғча ва бошланғич синф ўқувчилари иштирокида боғлар, сайилгоҳлар ҳамда аҳоли гавжум масканларда концерт ва спектакллар намойиш этилади. Бу бола тарбияси ва ривожланишида, кенг жамоат олдида ўзини тута билиши, шу билан бирга, боланинг ўзига ишончини уйғотиш йўлида қилинаётган чоралардир. Ўйлашимча, мамлакатимизда ҳам шу каби тадбирларни амалга ошириш фойда беради.

— Келгусидаги мақсадларингиз қандай?

Иқтисод-молия сектори лойиҳаларини таҳлил қилиш, молиялаштириш, қимматли қоғозлар, халқаро иқтисодий алоқалар ва савдо йўналишларига қизиқишим баланд ва келажакда фақатгина мазкур соҳаларда ўзимни кўраман. Шу сабабли университетдаги ўқув дастурларимиздан ташқари «CFA» (Chartered Financial Analyst) институтининг Варшавадаги марказига аъзо бўлганман. Ҳозирда ушбу дастур бўйича ўз малака ва тажрибаларимни оширяпман.

Ҳар бир инсон ўз олдига турли мақсадлар қўяди ва уларга эришиш йўлида ҳаракат қилади, интилади. Мен ҳам тўлиқ олий таълимни тамомлаб, албатта, мамлакатимизга қайтаман. Етук мутахассис сифатида Ўзбекистонимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқчиман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг