«103»ни теринг ва сананг: 1, 2 – «Тез ёрдам эшитади»
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Рақамли Ўзбекистон – 2030» Стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони имзолангач, мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда электрон ҳукуматни такомиллаштириш борасидаги ишлар янада тезлашди. Ҳаётнинг ўзи ҳам шаффоф ва фаровон турмушни АКТсиз тасаввур этиб бўлмаслигини кўрсатди. Шу боис илғор технологиялар ва инновацион ечимлар барча соҳаларга кириб борди.
Рақамлашган шаффоф ва фаровон турмуш
Бундай устувор лойиҳалардан бири Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станциясида йўлга қўйилди.
Гуруҳимиз билан шаҳар тез тиббий ёрдам станциясига кириб борар эканмиз, қайноқ жараённинг гувоҳи бўлдик. Дастлаб бирин-кетин келиб кетаётган тез ёрдам машиналарини тасвирга олишга шошилдик. Ҳақиқатан, барчаси жуда тезкор. Ҳатто шифокорларнинг бир-иккита саволимизга жавоб беришга ҳам вақти йўқ ва биз уларни тушундик. Ахир, гап инсон саломатлиги ҳақида кетяпти ва бу ўринда ҳар бир дақиқа ғанимат.
Бизни энг қувонтиргани, «Дамас»ларнинг беморларни ташиш вазифасидан озод этилгани бўлди. Энди улар ўрнини замонавий тиббиёт жиҳозлари билан таъминланган автоуловлар эгаллабди. Вақтдан унумли фойдаланиб, кириб келган «103» машиналаридан бирини «тафтиш» қилдик. Тартиб ва қулай жойлаштирилган сўнгги русумдаги тиббиёт жиҳозлари билан бизни фельдшер йигит таништирди:
«Кўриб турганингиздек, тез ёрдам машинамизда энг керакли тиббиёт ускуналарининг ҳаммаси бор, масалан, ўпкани сунъий вентилляция қилувчи аппарат, буниси реанимацион сумка, ЭКГ, аспиратор, дефибриллятор мосламалар. Шунингдек, ҳар бир жараён назоратда бўлиши учун гумбазли камера, тезкор боғланиш ва маълумотлар олишни таъминлаш мақсадида рация, тармоқли видеорегистратор (NVR), оддий видео регистратор, тана камераси ва бошқалар ўрнатилган. Булар аҳолимизга сифатли тез ёрдам кўрсатишимизда жуда қўл келяпти».
Ҳукуматимизнинг тез тиббий ёрдам тизимига замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларни жорий этиш топшириқлари асосида ушбу лойиҳани ташкиллаштириш, молиялаштириш ва йўлга қўйишда бош координатор бўлган АКТ вазирлигининг ҳиссаси катта.
Муассасанинг «Call-марказ» бўлимига чиққанимизда эса аввалгидек баланд жиринглаётган телефон қўнғироқлари-ю, операторларнинг бор овозда мурожаатчиларга жавоб бераётгани ёки стол устида пала-партиш бўлиб ётган қоғозлар уюмига эмас, мутлақо аксига дуч келдик...
Хона тўрига вазиятларда қарор қабул қилишга мўлжалланган ахборот таблоли катта экран ўрнатилган. Кейин кўзингиз тартиб билан жойлаштирилган ва замонавий техник жиҳозлар билан таъминланган иш ўринлари ҳамда қўнғироқларга тезкор жавоб бераётган ёш йигит-қизлардан иборат жамоага тушади. Мониторлардаги чизиқлар бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган «нуқталар» эса реал ҳаётда қайсидир юртдошимиз ҳаётини сақлаб қолишга шошилаётган тез ёрдам бригадаларидир.
– Ахборот технологияларини жорий қилишдан олдин бутун жараёнлар қуйидагича тақсимланган эди. Яъни «диспетчер приёма» ва «диспетчер направления» деган иккита иш ўрни бўларди, – дейди Call-марказ бўлими мудири Насиба Маҳмудова. – Операторлар «диспетчер приёма» қўнғироғини қоғозга ёзиб, қабул қилгач, кейинги хонадаги «диспетчер направления»дагиларга топширишарди. Улар эса «подстанция»га телефон қилиб, мурожаатни айтиб туришарди. «Подстанция»даги оператор ҳам уни ёзиб олиб, сўнгра энг яқин тез ёрдам машинасини телефон орқали топарди ва мурожаатни бригадага етказарди. Хуллас, қўнғироқ келиб тушган пайтдан бригадага боргунигача ўртача 30 дақиқа, кўпи билан бир соат вақт кетарди. Ҳозирги кунда автоматлаштириш туфайли барча вазифаларни битта операторнинг ўзи тезкор бажаряпти.
Ҳақиқатан, рақамлаштириш туфайли қўнғироқ келиб тушган пайтда оператор монитордаги кичик сўровномани тўлдирган заҳоти тизим автомат тарзида манзилни кўрсатди ва унга энг яқин турган тез ёрдам машинасини ҳам аниқлаб берди.
– Тизимнинг қулайлиги шундаки, барча жараёнларни харита орқали ҳам кузатиш мумкин, – дейди оператор қизлардан бири. – Кўряпсизми, айни пайтда мурожаатчига энг яқин бригадани тизимнинг ўзи менга тавсия қиляпти. Масалан, ҳозир Бектемир подстанциясида УПВ-03 бригадаси 1 км масофада турибди ва тизим шуни кўрсатяпти. Уни белгилаб, «бригадага юбориш» буйруғини берсак, чақириқ автомат тарзида тўғридан-тўғри бригада планшетига тушади.
Мутахассиснинг таъкидлашича, автоматлаштирилган тизим шарофати билан бугун ҳар битта қўнғироқ узоғи билан 1 дақиқада мурожаатчига энг яқин турган бригада планшетига етказиляпти. Улар ҳам маълумотларни қайтадан ёзиб олаётгани йўқ. Тизимга киритилгани тўғридан тўғри планшетга йўналтирилади. Ишчи гуруҳи эса планшет орқали ҳам мурожаатчи ҳақидаги маълумотларни, ҳам харитадаги манзилни кўришга муваффақ бўлади. Тез ёрдам машиналари йўлларда тезроқ ҳаракатланиши учун ҳозирги кунда транспорт воситаларини бошқаришнинг интеллектуал воситаларидан фойдаланилмоқда. Яъни уларга ўрнатилган GPS технологияси ва датчиклар туфайли тизим қайси кўчада тирбандлик бор, қай бирида йўқлигини ҳисобга олиб, манзил учун энг оптимал йўлни белгилаб беради.
Фаолият автоматлаштирилиши ҳисобига жараёнлар қисқарди, керак бўлмаган босқичлар олиб ташланди. Операторларга, бригада фельдшерлари ҳамда шифокорларга жуда катта қулайликлар яратилди. Энг муҳими, аҳолига тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишга эришилди. Яъни ҳозирда операторлар келиб тушган қўнғироқни 2 сониядан узоғи 7 сониягача кўтаришади ва 1 дақиқа ичида бригадага етказишади. Тезкор йўлга чиққан гуруҳ эса янги технологиялар шарофати билан «Энг қимматли биринчи соат»да беморга сифатли тез тиббий ёрдам кўрсатишга муваффақ бўляпти.
– «Тез тиббий ёрдам» тизими фельдшер ва шифокор бригадалари, автомобиллар ва Колл-марказдан ташкил топган катта хизматдир – дейди BePro дастурчилар маркази бош директори Абдувоитжон Ғофуров. Ҳозирги кунда биз замонавий технологиялардан унумли фойдаланиб, ҳар битта автомобилни телекоммуникация ва GPS мосламалари билан жиҳозлаганмиз ва тизимга улаганмиз. Тизимни ишлаб чиқиш ва жорий этишда маҳаллий мутахассисларимиз, компаниямиз ҳамда 103 тизими ходимларининг хизмати жуда катта. Чунки бу жараёнларни ишга туширишда шу соҳа мутахассислари билан бирга ишладик. Ягона бошқарув тизимини яратиб, жорий қилдик. Эндиликда кўриб турганингиздек, катта монитор орқали бош шифокорлар доимий тарзда автомобилларнинг қаерда юргани, қанчаси бўш турганини назорат қилиб боришяпти.
Замонавий технологиялар ва ахборотлаштиришни татбиқ этиш, бизнес жараёнларини автоматлаштириш туфайли бугунги кунда тез тиббий ёрдамга келтирилган дорилар ҳисоботи, уларнинг тақсимоти, сарфланиши, ҳар бир бригада сумкасида нималар борлиги, тўлиқ таъминланганлик даражаси, қанча қолгани, сақланиш муддати – ҳамма-ҳаммасини назорат қилиб туриш мумкин. Шунингдек, тизим 103 ходимлари – ҳисобчилар, статистика бўлими, раҳбарият, дорихона, омборхона мутахассислари ҳамда операторларга жуда қулайликлар олиб келди.
Дарҳақиқат, тез ёрдам хизматини замонавий ускуналар, барча керакли дори-дармонлар билан жиҳозлаш, энг янги технологиялардан фойдаланиш аҳолининг ўлим даражаси ва ногиронлигини камайтиради. Шу билан бирга юртдошларимизда тиббий хизмат сифатидан қониқиш ҳамда тиббиёт ходимларига ишониш ҳиссини оширади.
– Тўғри, бошида қийинчиликлар бўлди. Эски тизимда ишлашга ўрганиб қолган ва автоматлашган бошқарув тизимида ишлаш янгилик сабабли қоғозда ишлаш осонроқ эди, деган фикрларни билдиришди. Кейин биз ходимлар учун махсус ўқув тренингларини ташкил қилдик, – дейди Абдувоитжон Ғафуров. 2 мингдан зиёд 103 ходимини махсус тренинглардан ўтказдик ва тантанали равишда махсус сертификатлар бердик. Тизимда фаол ишлашга қизиқишини ошириш мақсадида рағбатлантирдик, ўзаро беллашувли тадбирлар ташкил қилдик, махсус совғалар топширдик. Эндиликда улар тизимнинг қанчалар қулай эканини тушуниб етишди. Ҳозирги кунда усиз ишларини тасаввур ҳам қила олишмайди. Чунки тизим ишни енгиллаштирди. Шу билан бирга кўрсатилаётган хизматнинг сифатини, тезлигини оширди.
– Тез ёрдам соҳасида 22 йилдан бери ишлайман. Ҳозирги автоматлаштирилган тизим бизга жуда кўп қулайликлар беряпти – дейди Гўзал Каримжонова. – Олдинлари чақирувларни қоғозга ёзиб, то бошқа телефон орқали жўнатгунимизча анча вақтимиз кетарди. Автоматлаштирилган тизим нафақат биз, балки аҳолимиз учун ҳам жуда яхши бўлди, чақирувларни узоғи 1 дақиқада бригадаларга етказяпмиз. Барча туманларга кечиктирмай тез ёрдам машиналарини юборяпмиз. Аҳолимиз ҳам тез тиббий ёрдамнинг кечикмай бораётганидан миннатдор. Ҳар бир тежалган вақт ғанимат, у бир инсонни ҳаётга қайтаришда катта натижа бериши мумкин.
Кузатувларимиздан шунга амин бўлдикки, Ўзбекистонда тез тиббий ёрдам хизматининг инновацион босқичига катта қадам ташланди. Эндиликда бу тизимни бутун республика бўйлаб жорий этиш даркор. Умид қиламизки, тез орада тез тиббий ёрдам билан боғлиқ бошқа тўсиқлар ҳам бартараф этилиб, у энг ишончли тизимлардан бирига айланади.
Шоҳида Исроилова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter